Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Комплаенс назорат - Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш соҳасидаги янги йўналиш сифатида
4254
Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишда комплекс ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2020 йил 29 июнда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ «Коррупцияга қарши курашиш агентлиги» ташкил этилди ва ушбу агентлик коррупцияни олдини олиш, унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Бундан ташқари, 2020 йил 27 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда мамлакатимизда яширин иқтисодиётнинг улуши, унга таъсир этувчи омилларни аниқлаш ва бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди. Йиғилишда бизнесни қўллаб-қувватлаш орқали яширин иқтисодиётнинг улушини қисқартириш, солиқ ва божхона тизимларидаги ислоҳотларни давом эттириш, давлат органлари, корхона ва ташкилотларда коррупцияга қарши курашиш бўйича вазифалар белгилаб берилди. УзА нашрининг хабар беришича, давлат органларида ҳам яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши мувофиқлик тизими жорий этилиши, қурилиш, Соғлиқни сақлаш ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларида, «Ўзбекнефтгаз» ва «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамиятларида бу борада ишлар бошланганлиги қайд этилди. Йил якунигача яна 14 та ташкилотда ва давлат улушига эга 10 та банкда ушбу тизимни жорий этиш вазифаси қўйилди.
 
Коррупцияга қарши мувофиқлик тизими (anticorruption compliance) жаҳон тажрибасида узоқ йиллардан буён мавжуд бўлиб, бошқарувда «Мувофиқлик назорати» (Compliance control) тизимининг бир кўриниши сифатида намоён бўлади. "Комплаенс" ёки "Комплаенс назорат" атамаси Англо-Саксон ҳуқуқий тизимида пайдо бўлган ва Оксфорд луғатида ушбу атама «талаб ёки кўрсатмага мувофиқ ҳаракат қилиш, итоат қилиш» каби изоҳланади.
 
Бошқарувда "комплаенс" ҳар қандай ички ёки ташқи талаблар, меъёрларга риоя қилишни англатса, коррупцияга қарши мувофиқлик - ташкилот фаолиятининг коррупцияга қарши қонунчиликка мос келишидир. Россия Миллий Комплаенс уюшмасининг (Националная Ассоциация Комплаенс) маълумотига кўра, коррупцияга қарши мувофиқлик аудитини кенг (умумий) ва тор маънода (давлат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида) таснифлаш мумкин. Бунда:
 
Мувофиқлик аудити - ички ёки ташқи мувофиқлик аудити бўлиб, у ташкилотнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича қабул қилинган қонунлар, меъёрий қоидалар ва стандартларга мувофиқлигини мунтазам текшириб туради.
 
Мувофиқлик аудити - давлат маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланишда қонун ҳужжатларининг бузилишини ва давлат хизматчилари ва уларнинг қариндошлари билан боғлиқ коррупцияга оид фактларни аниқлашдир.
 
Комплаенс аудитнинг объектлари эса давлат ташкилотлари, минтақавий ҳукуматлар ва шаҳар ҳокимиятлари, шунингдек давлат маблағларини сарфлайдиган ташкилот ва муассасалар, давлат назорат қилувчи корхоналар ва компаниялар, давлат идоралари ва давлат хизматчилари билан ўзаро алоқада бўлган корхоналардир.
 
Юқорида келтирилган тушунчаларни умумлаштирадиган бўлсак, Коррупцияга қарши мувофиқлик тизимини амалга оширишдан мақсад қуйидагилардан иборат:
 
- коррупцион-хавфли фаолият соҳаларини аниқлаш ва таҳлил қилиш;
 
- коррупцияга дуч келганда хавфларни баҳолаш ва бошқариш;
 
- янги қонун талаблари ва янги хавф-хатарларга олдиндан жавоб бериш имконияти;
 
- ташкилий бўлинмаларнинг роли ва аҳамиятини қайта баҳолаш, ички назоратнинг зарур элементларини ўз вақтида қўшиш;
 
- инвестицион жозибадорликни ошириш;
 
- фаолиятнинг очиқлиги (шаффофлиги);
 
- трансчегаравий коррупцияга қарши қонунчиликка риоя қилинишини таъминлаш.
 
Жаҳон тажрибасида коррупцияга қарши курашнинг ташкилий асосларини яратишда энг аввало корхона ва ташкилотлар фаолиятларининг турли соҳалари ва таркибий бўлинмаларида коррупция хавфи баҳолаб олинади. Мисол тариқасида, иш жараёнида фирибгарлик, порахўрлик, лавозимни суиистеъмол қилиш, ўғирлик ва бошқа ноқонуний ташқи ҳаракатлар, молиявий, ишлаб чиқариш ва ахборот йўқотишлари, ходимларда нопрофессионал хулқ-атвор ва малака даражалари пастлиги каби хатарларнинг мавжудлик даражаси эътиборга олинади.
 
Хавфларни баҳолаш натижаларига кўра энг заиф жараёнлар, шунингдек, фаолияти юқори коррупция хавфи билан боғлиқ бўлган таркибий бўлинмалар аниқланади. Хавфларни баҳолаш амалга оширгандан сўнг, корхона ёки ташкилотнинг бошқарув этикаси ва коррупцияга қарши сиёсати ишлаб чиқилади.
 
Ташкилотларда мувофиқлик сиёсатини ўрнатишда халқаро мувофиқлик ташкилотлари ва халқаро регуляторлар, яъни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда келтирилган тавсия ва кўрсатмаларга амал қилинади. 2001 йилда Буюк Британияда бутун дунё бўйлаб мувофиқликни таъминлаш бўйича мутахассисларни бирлаштирган ташкилот - Халқаро мувофиқлик уюшмаси ( International Compliance Agency ) ташкил этилган бўлса, халқаро амалиётда коррупцияга қарши курашиш назорати ривожига биринчи навбатда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2003 йилдаги Коррупцияга қарши Конвенцияси, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (ИҲТТ) 1997 йилдаги Халқаро ҳамкорлик битимларида чет эллик мансабдор шахсларнинг порахўрликларига қарши кураш тўғрисидаги Конвенцияси ва ФАТФнинг 2012 йил февраль ойида бўлиб ўтган ялпи мажлисида қабул қилинган «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича» халқаро станрдартлари катта аҳамиятга эга. Бундан ташқари, халқаро рейтингларнинг баҳолаш мезонлари, бизнес ташкилотларининг тадқиқотлари ва тавсиялари коррупцияга қарши мувофиқлик тизимини жорий этишда андоза бўлиб хизмат қилади.
 
Хулоса ўрнида, давлат ташкилотларида ва мамлакатимиздаги йирик ишлаб чиқариш корхоналарида коррупцияга қарши мувофиқлик назоратини жорий этилиши коррупцияни маълум миқдорда олдини олишга хизмат қилади ва бу жараён ўз ўзидан хусусий корхоналарга ҳам кириб боради. Натижада коррупцияни олдини олиш билан бир қаторда, мамлакатимизнинг халқаро рейтингларида ўз ўрнини янада яхшилашига ва инвестицион жозибадорлигини оширишга ёрдам беради.
 

5.08.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг