Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Экспорт кўлами тобора кенгаймоқда
1349
Коронавирус пандемияси шароитида тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали ишлаши учун шароит яратиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Бу борада Давлатимиз томонидан экспортёр корхоналар манфаатини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспортга йўналтириш юзасидан қулай инвестицион муҳит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ўз ўрнида яратилаётган қулайликлардан унумли фойдаланиб, маҳсулот етиштириш, янги иш ўринларини яратиш ва энг асосийси дунё бозорида ўз ўрнига эга бўлиш мақсадида бор куч-ғайратларини ишга солиб меҳнат қилишмоқда.

Самарқанд вилоятида фаолият олиб борувчи республикамиздаги йирик экспортёр корхоналардан бири “Оҳалик олтин боғи меваси” масъулияти чекланган жамияти олиб бораётган кенг кўламли меҳнатлари фикримиз далилидир.

Корхона томонидан пандемия муносабати билан жорий этилган карантин давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт миқдорини ошириш юзасидан мукаммал ҳаракат дастури ишлаб чиқилган.

Мазкур кластер корхонаси томонидан Самарқанд вилоятидан ташқари Тошкент, Жиззах, Бухоро вилоятларида 4 минг гектардан ортиқ ер майдонида интенсив боғ барпо этилган бўлиб, ўрик, олча, олма, шафтоли сингари ўнлаб турдаги мева ва сабзавотлар парваришланмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври давомида корхона томонидан 2 миллион 741 минг АҚШ долларлик маҳсулот Россия, Тожикистон, Қозоғистон ва бошқа давлатларга экспорт қилинди.

– Бугунги кунда хорижий ҳамкорларимизда юртимизда етиштирилган мева ва полиз маҳсулотлари билан бирга олма ва ўрик концетратларига талаб юқори, ҳар бир маҳсулотни замонавий цехларимизда чиройли қадоқлаб, экспортга чиқармоқдамиз, йил якунига қадар экспорт миқдорини  4,5 миллион АҚШ долларга етказишни режалаштирганмиз.– дейди “Оҳалик олтин боғи меваси" МЧЖ директори Мунис Маърупов.

Бундан ташқари айни вақтда корхонада етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сифатли сақлаш мақсадида 5 минг тонна сиғимли замонавий музлаткич ишлаб турибди.

Ўз ўрнида корхонанинг экспорт операцияларини амалга ошириш жараёнларини қисқа вақт мобайнида божхона расмийлаштирувидан ўтказиш борасида божхона ходимлари томонидан 24 соат давомида яқиндан ёрдам кўрсатилмоқда.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

3.08.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг