Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қасамёдга содиқ ўғлонлар!
2052
Давлат божхона қўмитасининг Олий ҳарбий божхона институтида жорий йилда мазкур олий таълим муассасасига қабул қилинган тингловчиларнинг “Ҳарбий ва божхоначи қасамёди”ни қабул қилиш тантанали маросими бўлиб ўтди. Унда Парламент, тегишли вазирлик ва ташкилотлар вакиллари, ота-оналар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Қасамёдга содиқ ўғлонлар!

Давлат ҳокимияти тизимининг муҳим таркибий қисмларидан бири бўлмиш божхона хизмати мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлиги ва иқтисодий манфаатларининг ҳимоячисидир. Табиийки, бу жараёнда тафаккури кенг, замонавий, фидойи ёш кадрларни  тайёрлаб бераётган таянч олий ўқув юртидир.

Олий ҳарбий божхона институтида ҳозирги кунда “Божхона иши” ва “Божхона хуқуқи” мутахассисликлари бўйича малакали божхоначи кадрлар тайёрланмоқда. Шу пайтга қадар мазкур даргоҳда таҳсил олган мингдан ортиқ божхоначи кадрлар ҳозирда республикамизнинг турли божхона органларида хизмат қилмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Раиси М.Азимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати У.Сулаймонов, Ўзбекистон божхона хизмати фахрийлари уюшмаси Раиси Д.Кудриддинов ва бошқалар божхона хизматининг энг муҳим мезони – адолатли бўлиш, қонунларга оғишмай амал қилиш эканлигини, божхона ходимидан нафақат ўз касбининг сирларини чуқур эгаллаш, балки халқимиз маънавияти ҳамда олийжаноб аҳлоқий фазилатларни ўзида мужассам этиши зарурлигини алоҳида таъкидлашди.

Бугунги кунда Олий ҳарбий божхона институти тизим учун тафаккури кенг, замонавий, фидойи ёш кадрларни  тайёрлаб бераётган таянч олий ўқув юртидир. Бу ерда уларга барча шарт-шароит яратилган.

Институтда йўловчилар божхона расмийлаштирувини ташкил этиш, криминалистика техникаларини ўрганиш, интерактив электрон ўқув дастурлари ўрнатилган синфлар, божхона постининг моделлаштирилган ўқув аудиторияси, хорижий тилларни амалий ўрганиш лингафон аудиториялари, ҳарбий машғулотлар хоналари,  божхона экспертизаларини амалга оширишга мўлжалланган замонавий воситалар ва асбоб-ускуналар билан жиҳозланган лаборатория, автомобиль тайёргарлиги бўйича махсус ўқув тренажёрлар ҳамда  транспортда амалий машқлар ўтказиш синфлари мавжуд.

Тренинг машғулотларини амалиётга яқинлаштириш мақсадида ўқув майдонига темир йўл вагони, автобус, фура ва контейнерлар келтирилган.

Шунингдек, иккита замонавий ётоқхона, кутубхоналар, спорт мажмуаси,  тренажёр заллари, тир, ёзги ва қишки сузиш ҳавзалари, теннис корти  ва бошқа зарур иншоотлар тингловчилар ихтиёридадир.

Юртимиз божхонаси – Ватанимиз остонасидир. Бу остонанинг поклиги, ундан ёвуз ниятлар ва ғаразли кимсалар ўтмаслиги кўп жиҳатдан биз бўлажак божхоначиларга боғлиқ – дейди тингловчилардан бири Эшонқулов Сардор Содиқ ўғли. - Бугун қасамёд қабул қилган биз тингловчилар ҳам келажакда ана шу маъсулиятни чуқур англайдиган божхона хизматининг профессионал ходимлари бўлиб етишиб чиқишга ваъда берамиз.

Тантаналар Олий ҳарбий божхона институти тингловчилари томонидан тайёрланган концерт дастурига уланиб кетди.

Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати

3.09.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг