Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш – ижобий натижалар омили
4512
Бугун ахборот технологиялари кириб бормаган соҳа қолмади. Қайси бир жабҳани олмайлик қулайлик, ошкоралик ва тезкорлик бобида замонавий ахборот технологиялари янгиланишларнинг муҳим омилига айланиб бораётир.

Шу боис юртимизда иқтисодий хавфсизлик ва барқарорликни, ижтимоий фаровонликни таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини янада ошириш учун барча жабҳага ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга алоҳида аҳамият берилмоқда.

Ахборот технологияларини ривожлантириш ва кенг қўллаш давлатимизнинг яқин ҳамда узоқ муддатга мўлжалланган муҳим стратегик вазифалари қаторида турганини алоҳида қайд этиш жоиз. Зеро Президентимиз таъкидлаганидек – “2030 йилгача мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотини 2 баробардан зиёд оширишда илғор технологиялар ҳамда ахборот-коммуникация тизимларини барча соҳага янада фаол жалб этиш муҳим аҳамиятга эгадир”.

Юқоридаги сўзларнинг мантиқий давоми сифатида 2020 йил  мамлакатимизда “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб номланди.

Дарҳақиқат, бугунги глобаллашув жараёнида иқтисодий соҳани ҳам ижтимоий соҳани ҳам замонавий ахборот технологияларисиз ривожлантириб бўлмайди.

Айтиш жоизки, мамлакатимизда мазкур соҳани ривожлантириш ҳамда унинг молиявий асосларини белгилаш, ушбу йўналишда мавжуд куч ва воситаларни инвентаризация қилиш орқали фаолият самарадорлигини ошириш, шунингдек, соҳанинг истиқболларини белгилаш бўйича бир қатор қонун ҳужжатлари тасдиқланди.

Маълумки миллий иқтисодиёт ривожида божхона хизмати органлари фаолияти ҳам беқиёс аҳамият касб этади. Шу ўринда, Президентимиз томонидан божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш, рақамли иқтисодиёт доирасида замонавий ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини божхона соҳасига жорий этиш орқали божхона органлари фаолияти шаффофлиги ҳамда самарадорлигини таъминлаш, “қоғозсиз ва электрон божхона”нинг мантиқий давоми ва ривожланиши бўлган “рақамли божхона”ни шакллантириш мақсадида 2020 йил 5 июнь куни ПФ-6005-сонли фармони қабул қилинди. Ушбу фармон асосида 2020–2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш концепцияси ҳамда мазкур концепцияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Навоий вилояти божхона бошқармаси томонидан мазкур фармон талабларидан келиб чиқиб, мавжуд куч ва воситаларни оптимал қўллаган ҳолда божхона бошқармаси фаолиятини ривожлантириш, жорий этилган замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан тўлиқ ва унумли фойдаланиш орқали бошқарма фаолияти шаффофлиги ҳамда самарадорлигини таъминлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, “Навоий аэропорти” чегара божхона постининг юк терминалига 2 та қўшимча рентген қурилмалари ўрнатилиб фойдаланишга топширилди. Бу эса ўз навбатида экспорт ва импорт товарларининг аввалгига нисбатан икки баробар тез ва самарали божхона назоратидан ўтказиш имкониятини яратди. Маълумот учун, биргина июль ойида рентген қурилмалари ёрдамида пост ходимлари томонидан қиймати қарийб 475 млн. сўмга тенг товар-моддий бойликларини ноқонуний олиб кириш ҳолатлари аниқланган.

Шунингдек, Навоий вилояти божхона бошқармаси тасарруфидаги барча божхона постлари қиймати 33 млн. сўмлик замонавий ахборот узатиш қурилмалари билан жиҳозланди. Бунинг натижасида ЯААТ дастурлари билан ишлаш тезлиги 4 баробар ошди. Мазкур чора-тадбирлар натижаси ўлароқ хозирда божхона расмийлаштирувига сарфланадиган вақт билан бир қаторда ҳужжатлар ва ахборот алмашинувига кетадиган вақтни ҳам бир неча баробарга қисқартиришга эришилди.

Ҳозирда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари яратилган имкониятлардан кенг фойдаланиб, карантин қоидаларига тўлиқ риоя этган ҳолда, масофадан туриб, электрон тарзда божхона расмийлаштирувини аввалгидан тез ва сифатли амалга оширмоқдалар.

Жорий этилган замонавий ва илғор ахборот коммуникацион технологиялардан унумли ва ўз вақтида, тўғри фойдаланишни таъминлаш мақсадида ходимлар билан бир неча бор мутахассисларни жалб қилган ҳолда, ўқув амалий машғулотлар ўтказиб келинмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ядро физика институти мутахассислари хамда божхона постлари ходимлари иштирокида радиация назорати йўналишида ўқув-амалий машғулотлар ўтказилди. Карантин жорий этилиши муносабати билан мазкур ўқув машғулотлари ҳозирда масофадан онлайн тарзда амалга ошириб келинмоқда.

Ходимларни ахборот технологиялари имкониятларидан тўлиқ ва самарали фойдаланишларини ташкил этиш мақсадида барча кўрсатмалар акс этган  брошюра ҳамда ўқув қўлланмалар чоп этилиб, божхона постларига тарқатилган.

Юртимизда пандемия шароити давом этишига қарамай божхона постларида ходимлар ахборот технологияларини ҳамда божхона назоратининг техник воситаларини кенг қўллаган ҳолда товарлар устидан тез ва сифатли божхона назоратини амалга ошириб, ташқи савдо юкларининг ўз вақтида манзилига етиб боришини таъминлашмоқда. 

Навоий вилояти божхона бошқармаси

                        Ахборот хизмати

 

29.07.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг