Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Цемент товарини Ўзбекистон Республикасига олиб киришнинг соддалаштирилган тартибидан хабардормисиз?
3447
2020 йил 23 июль куни “Цемент импорти тартибини соддалаштириш ҳамда ички бозорни сифатли цемент билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Цемент товарини Ўзбекистон Республикасига олиб киришнинг соддалаштирилган тартибидан хабардормисиз?

Мазкур қарорни қабул қилишдан асосий мақсад- цементни импорт асосида республикага олиб киришда хўжалик юритувчи субъектларга қулайлик яратиш ҳамда ички бозорни сифатли цемент билан узлуксиз таъминлашдир.

Қарорга мувофиқ, республикага олиб кириладиган цементни эркин муомалага чиқаришни соддалаштирилган тартиб асосида амалга ошириш амалиёти белгиланди.

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • цемент маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда ички бозорни сифатли цемент билан таъминлаш бўйича «Йўл харитаси»;
  • цемент импортини соддалаштирилган тартибда амалга ошириш ҳамда ички бозорда унинг сифатини назорат қилиш схемаси.

Қарор билан қуйидаги тартиблар белгиланди:

  • цемент республика ҳудудига биринчи марта олиб кирилганда – импорт қилувчи томонидан ихтиёрийлик асосида унинг намуналари сертификатлаштириш  (техник жиҳатдан мувофиқлигини баҳолаш) учун сертификатлаштириш органига тақдим этилади, чунки товар божхона чегарасигача олиб келинган бўлади. Бунда 28 кун мобайнида сертификат берилади, сўнгра божхона органлари томонидан товарни эркин муомалага чиқаришга рухсатнома берилади;
  • бир ишлаб чиқарувчининг маҳсулоти қайта олиб кирилганда – 12 ой мобайнида цементнинг бу тури бўйича сертификат мавжуд бўлганда, товар икки кун ичида, «Ягона дарча» божхона ахборот тизимига тақдим этилган сертификатлаштириш органининг қарорига асосан муомалага чиқарилади. Кейин божхона юк декларациясига мувофиқ цементнинг ҳар бир туркуми бўйича унинг сифати техник талабларга мувофиқлиги юзасидан даврий равишда лаборатория синовларидан ўтказилади, натижалари импорт қилувчига тақдим этилади.

Цемент туркуми намуналари белгиланган талабларга номувофиқ деб топилган тақдирда, бу ҳақда бир кун муддатда қуйидагиларга ёзма равишда хабар берилади:

  • импорт қилувчи;
  • Қурилиш вазирлиги;
  • Давлат божхона қўмитаси;
  • Монополияга қарши курашиш қўмитаси;
  • «Ўзстандарт» агентлиги.

Бунда ушбу цемент маҳсулотини сотишни ва ундан фойдаланишни тўхтатиб қўйиш тўғрисида импорт қилувчига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилади. Бундан ташқари, импорт қилувчи олти ой мобайнида ушбу товарларни эркин муомалага чиқаришда соддалаштирилган тизимдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмайди.

Шунингдек қарор билан Давлат божхона қўмитаси, «Ўзстандарт» агентлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитасига цемент импорт қилувчи субъектлар, сертификатлаштириш органлари, Давлат божхона қўмитаси, Қурилиш вазирлиги, «Ўзстандарт» агентлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўртасида электрон ахборот алмашинуви майдончасини ташкил қилиш вазифаси юклатилди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига Департамент билан биргаликда ички бозордаги цемент маҳсулотлари сифатини ўрганиш мақсадида чакана савдо шохобчаларида назорат харидларини амалга ошириш топширилди.

«Ўзстандарт» агентлигига бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган цементни олиб кирганлиги, ички бозорда цемент маҳсулотларини чакана сотишда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги ҳолатлари бўйича жарима санкцияларини қўллашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритиш топширилди.

Бир сўз билан айтганда, мазкур қароронинг қабул қилиниши ва унинг амалиётга тўлақонли татбиқ этилиши цемент импорти билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектларга қулайлик яратилишига, мамлакатимизда цемент маҳсулотига бўлган талабнинг қондирилишига, бозорларда цемент маҳсулоти нархининг сунъий равишда ошиб кетишига ҳамда ички бозорни сифатли цемент билан узлуксиз таъминланишига кўмак беради.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати

29.07.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг