“Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир.
У демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади,
инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади,
ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган
уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.”
БМТнинг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги конвенциясидан
Ҳозирги глобаллашув, минтақа ва давлатлараро интеграция жараёнлари жадаллашиб бораётган мураккаб бир шароитда коррупция чегара билмас муаммога айланди. Айтиш лозимки, коррупция келтириб чиқараётган оқибатлар жамиятларни ич-ичидан емириб, демократик ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилишига олиб келади, иқтисодий ривожланишни издан чиқаради, жамият ва давлат учун ўта хавфли бўлган уюшган жиноятчилик ва терроризмнинг кенг ёйилишига шароит яратиб беради.
Бугун катта-ю кичик, бой ва камбағал, қудратли ва кучсиз биронта давлатни коррупциядан холи ҳудуд, деб айтолмаймиз. БМТ ва Халқаро валюта жамғармасининг маълумотларига кўра, жаҳон иқтисодиёти бу офат туфайли йилига 1.5-2.6 трлн долларгача зарар кўрмоқда.
Хўш коррупция нима ўзи, нега бутун дунё шу иллатга қарши курашмоқда?
Коррупция мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ижтимоий ҳуқуқий ҳодисадир. Маълумки, бу иллат ҳар қандай жамиятнинг сиёсий ва иқтисодий ривожланишига зарар етказади. Жамиятнинг маънавий ахлоқини емиради, қонун устуворлигини кучсизлантиради, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг жиддий тарзда бузилишига олиб келади. Шу билан бирга, уюшган жиноятчилик, терроризм ва инсоният хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа таҳдидларнинг ўсишига ёрдам беради. Унинг домига илинган амалдор шахсий манфаатини давлат манфаатидан устун қўйиши натижасида, мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий йўлига ҳамда аҳолининг аксарият қисмига тузатиб бўлмайдиган зарар етказади, чет эллик шерикларда ҳам ишончсизлик уйғотади ва уларни ҳамкорликдан қайтаради.
Жамиятни ҳар томонлама ривожлантириш ҳар бир мамлакат олдида турган асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Шундай давлатлар борки, уларнинг ҳар бирида коррупцияга қарши кураш бўйича тегишли чора-тадбирлар ва унга қарши курашиш тўғрисида норматив ҳужжатлар қабул қилинган. Ҳақиқатан, коррупция муаммоси бугунги кунда дунё миқёсида ўз ечимини талаб этаётган биринчи масалалардан бири ҳисобланади. Шу боис ҳам, жаҳон ҳамжамияти бу иллатга қарши кескин курашмоқда. Бу йўналишда бир қатор халқаро ҳужжатлар ҳам қабул қилинган бўлиб, БМТ ҳомийлигида қабул қилинган коррупцияга қарши курашиш резолюцияси (1995 й.), Давлат мансабдор шахсларининг халқаро ахлоқ кодекси (1996 й.), Халқаро тижорат ташкилотларида коррупция ва порахўрликка қарши курашиш декларацияси (1997 й.), Миллатлараро уюшган жиноятчиликка қарши конвенцияси (2000 й.), Коррупцияга қарши конвенция (2003 й.) ва бошқалар шулар жумласидандир.
Тан олиб айтиш лозимки, мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши курашиш изчиллик билан олиб борилмоқда. Бу борада сўз юритар эканмиз аввало, мамлакатимиз 2008 йилда Коррупцияга қарши конвенцияга, 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган Коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига қўшилганлигини, Олий Мажлис томонидан 2011 йилда Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи тўғрисидаги битимни ратификация қилинганлигини кўрсатиб ўтиш лозим. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг ташкил этилиши ва коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурларининг қабул қилинганлиги юртимизда коррупция билан боғлиқ хуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган қатор чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга Қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора–тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 27 майдаги ПФ-5729-сон Фармони бу борадаги изчил саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлиб, бундан кўзланган асосий мақсад юртимизда коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини янада ошириш, энг юқори даражадаги қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижини ошириш ва мустаҳкамлашга қаратилган. Афсуски, юртимизда бу борада етарлича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишига қарамасдан жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳам Коррупция жамиятимиз ривожига ғов бўлаётган энг катта иллат эканлигини баён этиб, қуйидаги сўзларни жумладан, “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак” – деб таъкидладилар.
Мазкур вазифалар ижросини тизимли ташкил этилишини таъминлаш мақсадида, фақат парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этилиши зарурлиги айтиб ўтилди.
Айни шу мақсадлардан келиб чиқиб, асосий вазифаси коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш, шунингдек, мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи ҳисобланувчи Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ташкил этилиши ҳам юқоридаги фикрларимизнинг яққол ифодасидир.
Ривожланган демократик давлатлар, жумладан Сингапур, Швеция, Финландия давлат ислоҳатларини айна мазкур иллат - коррупцияни илдизига болта уриш билан бошлаганлиги ва бу борада тизимли равишда иш олиб боришни ўзларининг асосий вазифалари деб белгилаганлиги учунгина жаҳонда коррупция даражасини ўрганувчи Transparency International ташкилотининг коррупциянинг йўқлик индексида ҳар доим юқори пағоналарида туришини таъминлайди. Бу албатта мамлакатнинг иқтисодий ривожланиш даражасига, жумладан инвестиция фаолиятининг тараққиётига, инвестиция муҳитига ижобий таъсир қилиб, давлатни ҳар томонлама ривожаланишига сабаб бўлади .
Такрор ва такрор айтишимиз керакки, коррупция - бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказибгина қолмай, инсон ҳуқуқлари бузилишига, молиявий бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилинишига, ҳар бир жабҳа тараққиётини секинлашишига ва жамият хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб кетишига шароит яратиб бериши ҳаммамизга кундек равшандир.
Коррупция ва порахўрлик ҳақида тарихга бир назар ташласак, жаҳон тарихининг турли даврларидаги давлатларда ҳам мансабдор шахслар томонидан коррупцияга оид жиноятлар содир этилгани, коррупцияга қарши қонунлар қабул қилиниб, ўзига хос жазолар тайинланганининг гувоҳи бўламиз.
Жумладан, соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даврида жиноят ва жазо масалаларини ҳал этишда “Темур тузуклари” алоҳида ўрин эгаллаган. Тузукларда мулкни, хусусан, давлат мулкини ўзлаштирганлик учун жавобгарликни белгилашда ўзига хос ёндашув мавжуд бўлган.
Ўша даврда амалдорлар ишини тартибга солиш мақсадида вақти-вақти билан сўроқ, текшириш, тафтиш, тергов ўтказиб турилган. Ўз амалини суиистеъмол қилиш, порахўрлик, доимий равишда ичкилик ичиш, маиший бузуқлик каби қилмишлар оғир гуноҳ ҳисобланган ва қаттиқ жазоланган. Тарихий манбаларда келтирилишича, Амир Темурнинг ўғли Мироншоҳ, неваралари Пирмуҳаммад ва Халил Султонлар юқорида зикр этилган меъёрларни бузганлик учун халқ олдида жазога тортилган.
Диний нуқтаи назардан олиб қарасак ҳам, Аллоҳ таоло инсониятни яратгач, уларни ер юзида ҳалол ризқ талаб қилишга амр этиб, унинг акси бўлмиш харомдан хазар қилишга буюрилади. Демак, ҳар бир инсон ҳалол ризқ талаб қилиши билан бирга, бировнинг ҳаққидан хазар қилиши ва ўзгаларнинг молини ноҳақ йўллар билан ўзлаштирмаслиги ўта муҳимдир.
Ҳаётда ўзгаларнинг ҳаққига тажовуз қиладиган, ўзгалар молини ўзлаштириб оладиган кимсалар, гарчи кўзга уддабурон кишилар бўлиб кўринса-да, ночор ва бечора кишилар айнан ўшалардир.
Бу ўринда бировнинг ҳаққини ноҳақ ейиш ҳамда пора берувчи ва пора олувчи ҳам оғир гуноҳкор бўлишлиги муқаддас манбааларимизда ҳам айтиб ўтилган.
Демак, коррупцияга қарши курашишда инсоннинг диний-маърифий билимларга эга бўлиши ҳам жуда муҳимдир.
Тан олишимиз кераки, коррупцияга қарши курашиш биринчи навбатда оиладаги муҳит ва таълим-тарбиядан бошланади. Жамиятда нима ҳалолу нима харом эканлиги фарзандларимизга ота-оналар ва устозлар ўгити билан сингдирилади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев фарзандларимизга болалигидан покни нопокдан, ҳалолни харомдан фарқлашга ўргатишни назарда тутиб, ёш авлод тарбияси ҳақида гапирганда, Абдурауф Фитратнинг қуйидаги фикрларига ҳар биримиз, айниқса, энди ҳаётга кириб келаётган ўғил-қизларимиз амал қилишлари лозимлигини таъкидладилар: “Халқнинг аниқ мақсад сари ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб иззат-ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши ёки заиф бўлиб хорликка тушиши, бахтсизлик юкини тортиши, эътибордан қолиб, ўзгаларга тобе ва қул, асир бўлиши уларнинг ўз ота-оналаридан болаликда олган тарбияларига боғлиқ”.
Мамлакатимизнинг келажагини ва обрў-эътиборини қадрлайдиган ҳар бир виждонли фуқаро коррупция таҳдидини зарарли оқибатларини доимо эсда тутмоғи ва унга қарши курашмоғи шарт.
Коррупцияга қарши курашиш ҳар бир фуқаронинг, хоҳ божхона ходими, хоҳ прокурор, хоҳ судя, ким бўлишидан қатъий назар, ички ахлоқий-руҳий маслаги ва эътиқодига айланиши керакки, бу коррупцияга қарши маърифатнинг ўзагини ташкил қилади. Қонун талабларининг тўлақонли амалга оширилиши мамлакатимиз аҳолисининг турмуш фаровонлигини оширишга, ривожланиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилади.
Коррупциянинг ҳуқуқий сабаблари ҳақида тўхталганда, унинг ривожи давлатдаги қонунларнинг сифатига боғлиқ бўлиб, номукаммал бўлган қонунлар ишламайди ва коррупцияга мойил шахслар бундан устамонлик билан фойдаланишга интилади. Коррупциянинг ижтимоий сабабларига жамиятдаги носоғлом муҳит, аҳолининг ҳуқуқий билим ва маданияти, маънавиятининг қуйи (паст даражада) эканлиги, диний-маърифий саводсизлиги, уюшқоқлик ва жамоатчиликдаги фаолликнинг етишмаслиги киради. Шуниси эътиборлики, жамиятдаги ижтимоий онгнинг у ёки бу тарзда ўзгаришига одамларда давлат ва қонунларга нисбатан ишонч пайдо бўлишига, мамлакат раҳбар ходимларининг ўз вазифаларини қай даражада амалга оширишларига ўз таъсирини кўрсатади, албатта. Улар томонидан тўғри ва адолатли қарорлар қабул қилинса, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланса, ижтимоий ҳимоя кучайтирилса, халқнинг жамиятда адолат, ҳақиқат борлигига ишончи ортади. Унинг акси бўлса, одамлар орасида норозилик ва ҳукуматга нисбатан ишончсизлик юзага келади.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” ПФ-6005-сон Фармони билан ҳам божхона хизмати органларига коррупция ва божхона ҳуқуқбузарликларини олдини олиш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Жумладан:
- реал вақтда содир бўлган ёки содир бўлаётган божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ жиноятлар ёки бошқа ҳуқуқбузарликлар, коррупциявий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабарларни тезкор етказиш учун шошилинч алоқа бўйича қисқа телефон рақамини ташкил қилиш;
- ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш ҳамда аниқлаш, шунингдек, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар ва коррупция аломатларини фош этишда кўмак кўрсатаётган шахсларни рағбатлантириш механизмини ишлаб чиқиш каби аниқ вазифаларнинг берилиши ҳам юқоридаги фикрларимизнинг яққол ифодасидир.
Шу билан бирга, мазкур вазифаларни бевосита амалга оширувчи, божхона органларида энг аввало коррупцион жиноятларни содир этилишини олдини олишга қаратилган “Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик бошқармаси”нинг ҳам қайтадан ташкил этилганлиги, бугунги кунда тизимда бу борада катта ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини кўрсатиб турибди.
Ҳулоса ўрнида шуни айтиш керакки, коррупция ва порахўрлик жамият барқарорлигининг муҳим асоси бўлган адолатнинг йўқолишига олиб боради. Пора воситасида нохақлик ҳақ мақомига чиқиши боис жамият пароканда бўлади.
Мамлакатимиз мустаҳкамлиги, халқимиз фаровонлиги, юртнинг ривожи ва гуллаб яшнашини, обод бўлишини истаган ҳар бир фуқаро пора олиш ва бериш иллатидан халос бўлиши, бир сўз билан айтганда “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланиши керакдир.
Азаматжон Ўринбоев
Андижон вилояти божхона бошқармаси
бош инспектори
29.07.2020