Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Ж.Н. бошқарувидаги “Нексия-2” русумли ҳамда фуқаро Ш.И. бошқарувидаги “Спарк” автомашиналари белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Натижада, мазкур автомашиналар юкхонаси ва салонида қоғоз қутиларга солинган хорижда ишлаб чиқарилган, сифатини ва божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган турли номдаги дори воситалари ва уларнинг ноқонуний реализациясидан олинган 21,4 миллион сўм пуллар борлиги аниқланди.
Ўтказилган кенг қамровли тезкор-қидирув ҳаракатлари натижасида ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олиб қўйилган дори воситаларининг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра салкам 205 миллион сўмни ташкил қилмоқда.
Яна бир ҳолатда Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ходимлари Яшнобод туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро А.Х.ни 23 хил турдаги сифати кафолатланмаган дори воситаларини яширинча пуллаётган вақтида қўлга олишди.
Шунингдек, ушбу шахснинг “Ласетти” русумли автомашинаси ҳам кўздан кечирилганида автомашина юкхонасида тегишли ҳужжатлари бўлмаган 8 хил турдаги дори воситалари борлиги аниқланди.
Тезкор тадбир давомида олинган ашёвий далиллар умумий қиймати 50 миллион сўмлик 731 қути дори воситаларини ташкил қилди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
29.07.2020