Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупцияга қарши курашиш комплаенс-назорат тизими
3132
Коррупциянинг салбий иллатлари аввало унинг демократия ва қонун устуворлигига путур етказишида намоён бўлади. Коррупция оқибатида инсон хуқуқ ва эркинликлари қўпол равишда бузилади, қонунларга ҳурмат руҳи пасаяди, иқтисодий ривожланиш издан чиқади, энг дахшатлиси давлат ва жамият учун ўта хавфли бўлган уюшган жиноятчилик кенг ёйилишига шароит яратилади.

Коррупцияга қарши курашиш инсон хуқуқлари ва эркинликларини самарали химоя қилишнинг энг муҳим шартлари сирасига киради. Чунки, бу жирканч иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг иқтисодий таназзулига йўл очади. Иқтисодиётни яширин равишда емиради. Унинг энг аянчли оқибати эса халқни давлат органларига нисбатан ишончини сусайтириб, қонунлар устуворлигини заифлаштириб қўяди.

Таъкидлаш жоизки, коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг оқибати билан эмас, балки сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича халқаро тажрибада кенг қўлланилиб келаётган жиноятчиликни олдини олиш чораларини миллий амалиётга татбиқ этишни тақозо қилмоқда.

Бу ўринда Президентимизнинг 2020 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6013-сонли Фармонига асосан янги ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг асосий вазифаларидан бири этиб 2020-2021 йилларда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар, шу жумладан банкларда коррупцияга қарши ички идоравий назорат тизимларини босқичма-босқич жорий этиш белгиланди.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатдики, бозор иқтисодиёти қонунларига асосланган мамлакатларда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат ва хусусий сектор иштирокчиларининг халқаро стандартлар, қонун ҳужжатлари ва бошқа замонавий усулларга мувофиқ самарали фаолият юритишини таъминловчи муҳим воситалардан бири ўз таркибида коррупцияга қарши курашиш комплаенс-назорат тизимини ташкил этиш ҳисобланади.

Коррупцияга қарши комплаенс-назорати – давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар, қонун ва бошқа меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ташкил этувчи, коррупция хавф-хатарлари, манфаатлар тўқнашувини ўз вақтида аниқлаш ва чек қўйиш, қонунбузилиши ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар беришни ўзида мужассам этган профилактик тизимдир.

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, 2020 йил 15 мартида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қишлок хўжалиги вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси каби  давлат идоралари билан ҳамкорликда ушбу соҳаларда коррупцияга қарши самарадорликни янада такомиллаштириш мақсадида босқичма-босқич комплаенс назорат тизимини жорий этиш тартиби келишилди ва «Коррупцияга қарши курашишни янада такомиллаштириш бўйича 2020 йилга мўлжалланган Йўл харитаси»  тасдиқланди.

Айтиш лозимки, бугунги кунда комплаенс-назорат тизимини босқичма-босқич давлат ва хусусий секторда жорий этилиши ушбу соҳанинг ўрганилиши ҳар жиҳатдан долзарблигини кўрсатади.

Наманган вилояти божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

28.07.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг