Ушбу берилаётган имтиёзлар асосан инвестицион лойиҳалар, миллий маҳсулот ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва модернизациялаш, замонавий технологик ускуналар, тиббий ускуналар ва воситаларга ҳамда бошқа ижтимоий-иқтисодий шунингдек маиший зарур материалларга нисбатан қўлланилмоқда.
Маълумот учун, божхона тўловларидан қўлланилаётган имтиёзлар божхона тўловларидан озод қилиш, божхона тўловларини тўлаш муддатини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш кўринишида тақдим қилинади.
Божхона тўловларидан озод қилиш тартиблари Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексининг 296-300-моддалари билан тартибга солинади. Имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларга амалда бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан қўлланилади. Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси томонидан 2020 йилнинг ўтган даврида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг четдан келтирилган импорт товарлари учун 181 миллиард 600 миллион сўмлик божхона имтиёзлари қўлланилди.
Имтиёзлар ташқи иқтисодий фаолият субъектлари томонидан импорт асосида олиб келинган асбоб-ускуналар, хомашё ва бутловчи буюмларга, янгидан қурилиб, ишга туширилаётган ҳамда фаолият кўрсатаётган корхоналарни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида қўлланилди.
Пандемия даврида импорт қилинган товарларни таҳлил қиладиган бўлсак унда асосан маиший техника, курилиш маҳсулотлари,озиқ-овқат, тиббиёт воситалари дори-дармонлар, гигиеник воситалар ва ишлаб чиқариш заводлари техникалари вилоятга кириб келганини кўришимиз мумкин.
Шунингдек вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан коронавирусга қарши курашиш мақсадида Россия ва Германиядан кимёвий таҳлил лабораториялари, Жанубий Кореадан рентген, топография асбоб ускуналари ҳамда тиббиёт буюмлари (игна, протезлар, жиҳозлар, реагентлар ва ҳ.з.) тез фурсатда ва божхона тўловларидан имтиёз қўлланилган ҳолда расмийлаштирилди.
Умуман олганда, берилаётган бу каби имконият ва имтиёзлар, аҳоли саломатлигини асраш, фуқароларимизнинг озиқ–овқатга бўлган эҳтиёжини тўлақонли қондириш, иқтисодиёт тармоқларининг барқаролиги ҳамда тадбиркорлар фаолияти стабиллигини таъминлаш учун хизмат қилмоқда, десак адашмаган бўламиз.
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
28.07.2020