Мазкур ҳолат Давлат божхона қўмитасининг Тошкент ва Хоразм вилояти божхона бошқармалари ходимлари томонидан ўзаро ҳамкорликда фош этилди.
Яъни, республикамиз ҳудудидан транзит тарзида ҳаракатланаётган юк поезди контейнерларидан бири “Ўзбекистон” темир йўл чегара божхона постида божхона назоратидан ўтказилди.
Контейнердаги товарлар юзасидан тақдим этилган йўл юк кузатув ҳужжатлари ўрнатилган тартибда кўздан кечирилганида, ҳужжатлардаги имзо ва муҳрлар божхоначиларда шубҳа уйғотди.
Шундан сўнг ҳужжатларда қайд этилган МЧЖнинг раҳбари, фуқаро А.Ш. билан боғланилганда, ушбу шахс ҳам йўл юк кузатув ҳужжатларидаги имзо ва муҳрлар ўзига тегишли эмаслигини маълум қилди.
Шу зайлда контейнердаги 1095 дона телевизорлар, 271 дона кондиционер ва бошқа товарларнинг сохта ҳужжатлар асосида божхона чегарасидан олиб ўтилишига чек қўйилди.
Вақтинча сақловга олинган мазкур товарларнинг умумий қиймати эса дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 1 млрд. сўмдан ошар экан.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
27.07.2020