Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Қарши” ва “Урганч” халқаро аэропортларида “яшил” йўлак орқали учувчисиз учиш аппаратини олиб ўтмоқчи бўлишди
1849
Амалдаги тартибларга кўра мамлакатимиз ҳудудига учувчисиз учиш аппаратларини олиб кириш, реализация қилиш ва фойдаланиш тақиқланган. Мазкур қурилмаларни фақатгина Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларида кўзда тутилган ҳолларда айрим ташкилотлар томонидан олиб кириш, реализация қилиш ва фойдаланишга рухсат берилган.
“Қарши” ва “Урганч” халқаро аэропортларида “яшил” йўлак орқали учувчисиз учиш аппаратини олиб ўтмоқчи бўлишди

Бу борада олиб борилаётган профилактик тадбирлар, тарғибот ва тушунтириш ишларига қарамай ҳамон учувчисиз учиш аппаратларини мамлакатимиз ҳудудига яширин тарзда олиб кириш ҳолатлари учрамоқда.

Яқинда “Қарши” халқаро аэропортида “Москва-Қарши” йўналиши бўйича парвозини якунлаган фуқаро Б. Ж. “яшил” йўлак орқали божхона назоратидан ўтаётганда, унинг ҳаракатлари шубҳа остига олиниб, багаж ва қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганда бир дона Хитойда ишлаб чиқарилган учувчисиз учиш аппаратини яширин равишда олиб ўтаётганлиги фош бўлди.

Худди шундай ҳолат “Урганч” халқаро аэропортида ҳам содир этилди. “Санкт-Петербургдан учиб келган фуқаро Ш.Н. божхона назоратидан “яшил” йўлак орқали ўтаётиб, 3 дона учувчисиз учиш аппаратларини яширинча олиб кираётганда тўхтатиб қолинди.
Бу “Урганч аэропорти” чегара божхона пости ходимлари томонидан жорий йилда аниқланган учувчисиз учиш аппаратларини олиб ўтиш билан боғлиқ бешинчи ҳуқуқбузарлик ҳолати ҳисобланади.

Ҳозирда аниқланган ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фуқароларимиз шуни билишлари лозимки, жорий этилган бу каби тартиб-қоидалар давлатимиз ҳавфсизлигини таъминлаш ҳамда жамоат тартибини сақлашга хизмат қилади. Шунинг учун бунга амалга қилиш барчанинг фуқаролик бурчи ҳисобланади.

Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати

 

3.09.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг