БМТ ҳисоботига кўра, 2020 йил сўнгига бориб пандемия ортидан келиб чиққан иқтисодий инқироз туфайли 132 миллион киши очарчилик муаммосига рўбарў келиши мумкин.
Шу боисдан ҳам халқимизни озиқ - овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва пандемиянинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш мақсадида бевосита юртбошимиз ташаббуси билан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Хусусан, томорқалардан унумли фойдаланиш, ҳудудларнинг географик жойлашувидан келиб чиққан ҳолда уларни маълум бир турдаги экинлар етиштиришга ихтисослаштириш ҳамда чорвачилик, паррандачилик каби йўналишларни ташкил қилиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ишлари изчил равишда олиб борилмоқда. Амалга оширилган
саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ бугун халқимиз дастурхонига сифатли ва арзон маҳсулотлар етказиб берилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича Навоий вилояти божхона бошқармасида ҳам бир қатор ташаббусларни амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан шу йилнинг эрта баҳорида “Навоий аэропорти” чегара божхона пости ходимлари томонидан етти хазинанинг бири бўлган асаларичилик йўлга қўйилган эди. Бугунги кунга келиб етиштирилаётган асал маҳсулотлари ходимлар истеъмоли учун тарқатилмоқда. Асалнинг иммунитетни кўтарувчи ва минглаб касалликларга шифо бўлувчи хусусиятини билмаган инсон бўлмаса керак.
Шунингдек вилоятининг Нурота туманидаги 2 гектар ер майдонига полиз маҳсулотлари экилган эди. Бугунги кунга келиб ушбу маҳсулотлар ҳам ғарқ пишиб, аҳоли дастурхонига кўрк қўшиб турибди.
Бундан ташқари бошқарма ҳовлисида бедана, цесарка, курка каби парранда турлари парваришлаб келинмоқда.
Халқимизда “Ерни боқсанг, ер сени боқади” каби ҳаётий исботини топган нақллар бор. Навоий вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳам шу сўзларга риоя қилган ҳолда, синовли кунларда қараб турмай, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлар етиштиришни ўзларига бурч деб хисоблаб, биргалашиб ҳаракат қилмоқдалар.
24.07.2020