Мазкур хабарда жорий йилнинг 27 июнь куни мамлакатимизга чет элдан самолётда келган фуқаронинг маълумотига кўра, самолёт қўнганида бир нечта комбинезон кийган одамлар самолётга кириб, уларнинг паспортларини олиб қўйишганлиги ва бунинг сабабини айтишмаганлиги, олинган паспортларни бир соатда қайтариб беришганлиги, кейин фуқаро ўз телефонини рўйхатдан ўтказаман деса, бу паспортга аллақачон бошқа телефон регистрация қилинганлиги ҳақида смс келганлиги баён этилган.
Шунингдек, фуқаро томонидан тақдим этилган скриншотдаги IMEI ни UZIMEI орқали текширилганда, бу Xiaomi Note 8 телефони эканлиги, яқинда божхона ходимлари айнан Xiaomi Note 8 ва бошқа телефонларни олиб кираётган фуқарони қўлга олиб, телефонларини мусодара қилишганлиги, скриншот эгаси Ўзбекистонга 27 июнь куни учиб келганлиги, Xiaomi Note 8 ва бошқа телефонларнинг мусодара қилинганлиги хақидаги хабар эса Давлат божхона қўмитаси сайтида жорий йилнинг 25 июнида эълон қилинганлиги таъкидланган. Хабар муаллифи ушбу тасодиф бўйича расмийлардан муносабат билдирилишини сўраган.
Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган мазкур хабар юзасидан Давлат божхона қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади.
Таъкидлаш жоизки, чартер рейслари билан хориждан олиб келинаётган Ўзбекистон фуқароларининг паспорт назорати божхона органлари ходимлари томонидан амалга оширилмайди.
Шунингдек, Давлат божхона қўмитаси сайтида жорий йилнинг 25 июнида эълон қилинган “Xiaomi Note 8” русумли телефонларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилганлиги тўғрисидаги хабарда қайд этилган ҳолат жорий йилнинг 22 июнь куни Фарғона вилоятида аниқланган бўлиб, ижтимоий тармоқларда эълон қилинган ва жорий йилнинг 27 июнь куни Тошкент халқаро аэропортида рўй берган ҳолат билан боғлиқ эмас.
Божхона ходимлари томонидан 22 июнь куни аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан жами 7 турдаги, 570 дона, умумий қиймати 1.049.000.000 сўмни ташкил этувчи, муқаддам айланма йўллар орқали Кирғизистон Республикасидан олиб ўтилган ва божхона расмийлаштирувидан ўтказилмаган уяли алоқа воситалари Х.А. ва Н.Х. исмли шахслардан ашёвий далил сифатида олинган.
Ушбу ҳолат юзасидан Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тегишли тергов органига юборилган.
Шунингдек, ҳуқуқбузарлар иштирокида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ашёвий далил сифатида олинган уяли алоқа воситалари махсус савдо дўконига далолатнома асосида вақтинча сақловга топширилган.
Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича олиб қўйилган товар моддий бойликларнинг якуний тақдири суд қарорлари асосида ҳал қилинади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 сентябрдаги 778-сонли қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисида Низом тасдиқланган.
Ушбу Низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари (IMEI) бўйича рўйхатга олиш тизими жорий этилган бўлиб, импортерлар ва ишлаб чиқарувчи ташкилотлар ҳамда жисмоний шахслар томонидан уларни рўйхатга олиш кетма-кетлиги кўрсатиб ўтилган.
Мазкур қарорнинг қабул қилиниши натижасида уяли алоқа воситаларининг мамлакатимизга қонуний йўллар билан кириб келишига ҳамда бу жараёнда давлат бюджетига божхона тўловларини тўлиқ ундирилишига эришилмоқда.
Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини маълум қилади.
24.07.2020