1 августдан бошлаб ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари учун утилизация йиғимлари жорий этилади
2020 йилнинг 1 август санасидан бошлаб ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамаларига утилизация йиғимлари ундирилиши назарда тутилган. Кимлар утилизация йиғимининг тўловчилари ҳисобланишади, автотранспорт воситалари қандай ҳолларда мазкур йиғимга тортилади? Йиғим қай тартибда ва қайси органлар томонидан ундирилиши назарда тутилган? Бу ҳақида батафсил қуйида билиб олишингиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 июндаги 347-сон “Ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари учун утилизация йиғимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, утилизация йиғими тўловчилари қуйидагилар:
- транспорт воситаларини «эркин муомалага чиқариш» божхона режимида расмийлаштирадиган жисмоний ва юридик шахслар;
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиладиган ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамаларини ишлаб чиқарадиган (йиғадиган, тайёрлайдиган) жисмоний ва юридик шахслар.
Қуйидаги транспорт воситаларига утилизация йиғими тўланмайди:
- умумэътироф этилган принципларга ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ имтиёз ва иммунитетлардан фойдаланадиган дипломатик ваколатхоналарга ёки консуллик муассасаларига, халқаро ташкилотларга, шунингдек, бундай ваколатхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги бўлмаган, дипломатик мақомга эга бўлган ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига тегишли транспорт воситаларига;
- ишлаб чиқарилган йилидан бошлаб 30 ва ундан ортиқ йил ўтган L ва M1 тоифали, шунингдек, ишлаб чиқарилган йилидан бошлаб 50 ва ундан ортиқ йил ўтган, йўловчилар ва юкларни тижорат мақсадида ташиш учун мўлжалланмаган, асл двигатели ва кузови билан асл ҳолатида сақланган ёки асл ҳолати тикланган М2, М3 ва N тоифали транспорт воситаларига;
- Ўзбекистон Республикасига олиб кирилиб, «вақтинчалик олиб кириш» божхона режимига расмийлаштирилган транспорт воситаларига.
Утилизация йиғими автотранспорт воситаси импорт қилинганида Давлат божхона қўмитаси томонидан, мамлакатимизда ишлаб чиқарилганида Давлат солиқ қўмитаси томонидан ундирилади.
Утилизация учун йиғимлар транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва ускуналарнинг турлари ва тоифаларига боғлиқ равишда Ўзбекистон Республикасида тўлов амалга оширилаётган кун учун белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваридан 1500 бараваригача ундирилиши белгиланган.