Бухоро вилоятида жойлашган МЧЖ мансабдор шахслари ҳам шундайлар тоифасидан бўлиб чиқди. Гап шундаки, ушбу МЧЖ томонидан Хитой Халқ Республикасининг “Urumqi Perfect International Trading Co.Ltd” корхонасидан 30 тонна маккажўхори уруғи товари олиб келинади. Ушбу товар учун божхона тўловини давлат бюджетига тўлаш ўрнига, қинғирликка қўл урилади.
Яъни, божхона тўловларини камроқ тўлаш мақсадида ҳужжатларда ўзи олиб келган товарларни божхона юк декларациясида бошқа Ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси (ТИФ ТН) коди билан кўрсатиб, гўёки ҳайвонлар учун маккажўхори еми олиб келганлигини қайд этади.
Қизиғи шундаки, МЧЖ раҳбари хориждаги ҳамкор билан айнан экиш учун мўлжалланган маккажўхори уруғларини сотиб олиш ҳақида олди-сотди шартнома тузган бўлсада, ушбу шартнома асосида хориждан жамият номига олиб келинган маккажўхори уруғлари инвойс ҳужжатида ҳамда божхона юк декларациясида бирданига ҳайвонлар учун мўлжалланган маккажўхори емига айланиб қолган.
Аммо унинг бу найранги иш бермади. “Арк-булоқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона постига товарлар ушбу ном билан тақдим этилган божхона юк декларацияси Давлат божхона қўмитасининг “Хавфни бошқариш” автоматлаштирилган ахборот тизими томонидан “қизил” йўлакка йўналтирилди.
Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ходимлари томонидан кўздан кечирилган ушбу товарларнинг қадоқларидаги мавжуд ёрлиқлар мутахассислар томонидан ўзбек тилига таржима қилинганда, ушбу товарлар божхона юк декларациясида кўрсатилган ҳайвонлар учун маккажўхори еми эмас, балки эрта пишар бир бошоқли маккажўхори уруғлари эканлиги аниқланган.
Шунингдек, тайинланган экспертиза жараёнларида божхона юк декларациясидаги товарларнинг ТИФ ТН коди аслида бошқа рақам билан таснифланиши ўз тасдиғини топди.
Натижада корхона мансабдор шахслари ТИФ ТН кодини ўзгартириш орқали 89,6 млн. сўм божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаганликлари маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси томонидан корхона мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тегишли тергов органига юборилди.
22.07.2020