Ҳозирда мамлакатлар ўртасидаги чегаралар ёпилган бўлсада, ўзаро келишувларга кўра, юк автотранспорт воситалари, темир йўл транспортларида ва авиатранспортларда халқаро юклар ҳаракати тўхтатилмади. Бу эса айрим давлатлар учун ўзларининг иқтисодиётини сақлаб туришига, ривожланишига ва жаҳон бозорларида ўзининг ўрнини эгаллаб олишига имкон бермоқда.
Пандемия даврида иқтисодий инқирозга қарши кураш ва экспортни қўллаб қувватлаш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар Фарғона вилоятида ҳам ўзининг ижобий натижасини кўрсатмай қолмади. Жумладан, жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида амалга оширилган экспорт ҳажми 243,3 миллион АҚШ долларига бажарилди. Вилоятнинг ташқи савдо айланмаси жорий йилнинг ўтган даврида 621,7 миллион долларни ташкил этди.
Мазкур давр мобайнида ишлаб чиқарилган экспорт товарлари жами 47 та давлатга экспорт қилинди. Вилоятнинг асосий экспортёр давлатлари Қирғизистон Республикасига 65,2 миллион АҚШ долларлик, Россия Федерациясига 62,2 миллион АҚШ долларлик, Хитой Халқ Республикасига 27,4 миллион АҚШ долларлик, Қозоғистон Республикасига 19,5 миллион АҚШ долларлик ва Туркия Республикасига 19,2 миллион АҚШ долларлик экспорт амалга оширилди. Ушбу давлатларга экспорт қилинган товарларнинг қиймати вилоят жами экспортнинг 78,4 фоизини ёки 191 миллион АҚШ долларига тўғри келди.
Тадбиркорлар томонидан амалга оширилган экспорт товарлари ичида сезиларли даражада ҳажми ошган ва асосий экспорт ҳажмини ташкил этган товарлар сифатида тўқимачилик маҳсулотлари 29,55 миллион АҚШ долларлик, дарахтлар ва ўсимликлар 15,88 миллион АҚШ долларлик, озиқ-овқат маҳсулотлари 6,0 миллион АҚШ долларлик, металлар ва улардан тайёрланган буюмлар 3,2 миллион АҚШ долларлик, минерал ўғитлар 3 миллион АҚШ долларлик ва оёқ кийимлар ва унинг қисмлари 1,3 миллион АҚШ долларлик товарлар дунё бозорларига юборилди.
Республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси ўлароқ барча давлат органлари, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликлар фаолияти мувофиқлаштирилиши натижасида эришилган энг муҳим ютуқ бу, экспортёрларга юзага келган муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш ва расмийлаштириш жараёнининг барқарор тизими яратилганидир. Мазкур тизим доимий равишда ишлайди ва дунёда юзага келган беқарор муҳитда экспортни мунтазам равишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга имконият яратади.
15.07.2020