Бу ислоҳотларнинг асосини халқнинг ҳукуматга ишончини ошириш, давлат бошқарув ва ижроя органларининг халқ манфаатлари йўлида хизмат қилиши каби долзарб тамойиллар ташкил этади.
Ўз навбатида, республикамизнинг барча вазирлик ва идораларида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” шиори остида фуқароларнинг мурожаатлари алоҳида эътиборга олиниб, ўз ваколатлари доирасида ечимини топмоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш тизимли асосда йўлга қўйилган бўлиб, ҳар бир мурожаатнинг ўрганиб чиқилиши алоҳида назоратга олинган.
Жумладан, бошқармага келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилар эканмиз, жорий йилнинг 6 ойи давомида жами 54 та мурожаат рўйхатга олинган бўлиб, улардан 14 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасидан, 5 таси Бош вазирнинг виртуал қабулхонасидан,
4 таси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан, 3 таси халқ қабулхоналари орқали, 10 таси ишонч телефони орқали, 2 та электрон, 13 та ёзма тарзда келиб тушган бўлса, 3 та оғзаки мурожаат қайд қилинган.
Ушбу мурожаатлар бошқарма томонидан батафсил ўрганиб чиқилиши натижасида 20 таси бошқарма ваколати доирасида қаноатлантирилган, 30 таси бўйича фуқароларга қонун ҳужжатлари асосида тушунтиришлар берилган.
Шикоят-ариза мазмунидаги мурожаатларга эътибор қаратсак, ҳисобот даврида 34 та ариза ва 20 та шикоят келиб тушган. Мазкур ариза ва шикоятларга бошқарма томонидан ўз вақтида қонуний тушунтиришлар юборилган.
Шу билан бирга, бошқарма раҳбарияти томонидан ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ва фуқароларнинг муаммоларини тинглаш ва яқиндан ўрганиш, уларни қийнаётган масалаларни жойида ҳал этиш бўйича муайян ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, ҳисобот даврида бошқарма раҳбарияти томонидан 6 маротаба сайёр қабуллар, шунингдек, бошқарма тасарруфидаги божхона постлари томонидан ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари билан ўтказилган 24 та ва жамоатчилик билан ўтказилган 31 та учрашувлар бунинг яққол намунасидир.
Сўзимиз сўнгида барча жисмоний ва юридик шахслар, божхона соҳасига оид мурожаатларни Давлат божхона қўмитасининг 11-08, ёки Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасидаги 61 224-90-86, 61 224-02-68 ишонч рақамларига қўнғироқ қилиб ҳамда nukus@customs.uz электрон манзилига йўллашлари мумкинлиги эслатиб ўтамиз. Унутманг, ҳар бир мурожаат эътиборимиз марказида!
Р.Курбанов
Қорақалпоғистон Республикаси
божхона бошқармаси ходими
15.07.2020