Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Сарҳисоб – божхонада салмоқли ишлар амалга оширилди
1241
Бутун дунёни қамраб олган коронавирус пандемияси бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади.Иқтисодиётда муҳим ўрин эгаллайдиган маҳсулот ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини янгидан йўлга қўйиш, мавжудларини сақлаб қолиш ва уларга яқиндан амалий кўмак кўрсатиш бугунги куннинг долзарб масаласи ҳисобланади. Яна бир томондан тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқарилган ва етиштирилган маҳсулотлар экспортини ҳамда аҳоли эхтиёжи учун зарур халқ хўжалиги маҳсулотлари импортини таъминлаш ўтаётган синовли даврни юмшатишда муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда ушбу инфекция тарқалиши билан унга қарши тезкор чора-тадбирлар кўрилди.

Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5969-сон Фармонида ана шундай кечиктириб бўлмас чоралар назарда тутилган.

Унга кўра, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш асосий вазифа сифатида белгиланган.

Мазкур йўналишда божхона соҳасида ҳам карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда республика бўйлаб божхона хизматлари туну-кун ташкил этилган.

Жорий йилнинг ўтган 6 ойида Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан салмоқли ишлар амалга оширилди.

Пандемия даврида бошқарма ходимлари томонидан 468,3 миллион АҚШ долларилик товарлар божхона расмийлаштирувидан ўтказилди.

Барчага маълумки, божхона тизимида товарларнинг божхона расмийлаштирувидан ўтказиш онлайн тарзда амалга оширилиб келинмоқда.

Мазкур йўналишда 468,3 миллион АҚШ долларилик товарларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш учун ташқи иқтисодий фаолият субъектлари томонидан тақдим этилган 10 314 та божхона юк декларациялари масофадан туриб, электрон шаклда божхона расмийлаштирувидан ўтказиб берилди. Божхона юк декларацияларининг 7782 таси импорт, 2532 таси экспорт божхона режимларига расмийлаштирувдан ўтказилган.

Шунингдек, ушбу ҳисобот даврида божхонада яратилган яна бир қулайлик, “яшил” ва “сариқ” йўлаклар тизимининг жорий этилиши, товарларни божхона кўригидан ўтказиш жараёнида ҳам ўзининг аксини топди. Яъни, аввалги 10 314 та божхона кўриги эмас, 3852 та божхона кўриги ўтказилиб, далолатномалар расмийлаштирилди.

Яратилган қулайликлар ташқи иқтисодий фаолият субъектларига қўл келмоқда. Маблағ ва қимматли вақтлари тежалаяпти. Божхона расмийлаштирувларининг масофадан амалга оширилиши, пандемия даврида карантин қоидаларига қатъий риоя қилишда асқотмоқда.  

Юқорида қайд этиб ўтилган товарлар импорти 42 та давлатлардан амалга оширилди. Асосий давлатдан Хитой Халқ Республикаси (26,6 миллион АҚШ доллари), Ҳиндистон (9,1 миллион АҚШ доллари), Туркия (8,7 миллион АҚШ доллари), Россия Федерацияси (8,1 миллион АҚШ доллари), Австралия (2,7 миллион АҚШ доллари) давлати ташкил этди. Импорт фаолияти билан шуғулланган субъектлар сони 146 тани, товарлар туридан эса 603 та ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатура кодига мансуб товарлар импортини ташкил этди.

Товарлар экспорти эса 27 та давлатларга амалга оширилди. Асосий давлатлардан Эрон Ислом Республикаси (12,6 миллион АҚШ доллари), Афғонистон Ислом Республикаси (10,6 миллион АҚШ доллари), Туркия (9,5 миллион АҚШ доллари), Россия Федерацияси (9,5 миллион АҚШ доллари), Хитой Халқ Республикаси (6,8 миллион АҚШ доллари), Тожикистон (5,9 миллион АҚШ доллари) давлати ташкил этди. Экспорт фаолияти билан шуғулланган субъектлар сони 122 тани, товарлар туридан эса 315 та ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатура кодига мансуб товарлар экспортга юкланди.

Мамлакатимизга хориждан импортга асосан зарурий асбоб-ускуналар (107,3 миллион АҚШ доллари), кимё саноати маҳсулотлари (75,3 миллион АҚШ доллари), металл ва ундан тайёрланган буюмлар (43,8 миллион АҚШ доллари), транспорт ва эҳтиёт қисмлар (15,4 миллион АҚШ доллари) сингари товарлар ўрин олган.

Ҳисобот даврида экспортга жўнатилган товарлардан саноат маҳсулотлари катта улушга эга бўлиб, товарлардан ип калава (21,4 миллион АҚШ доллари), табиий қазилмалар (13,8 миллион АҚШ доллари), пластмасса ва ундан тайёрланган буюмлар (8,9 миллион АҚШ доллари) кўрсаткичи ўрин эгаллади.

Бугунги кунда юртимиздаги ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига экспорт ва импорт операцияларини амалга ошириш учун барча шароитлар мавжуд. Бу борада божхона тўловларидан қўлланиладиган имтиёзлар муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.

Жорий йилнинг ўтган 6 ойида ташқи иқтисодий фаолият субъектлари томонидан амалга оширилган импорт учун божхона тўловлари бўйича 680 миллиард сўм миқдорида божхона имтиёзлари қўллангани фикримизни тасдиқлайди.

Умуман олганда, божхона тизимида тадбиркорларга яратилган қулайлик ва имтиёзлар, ходимларнинг юқори касб маҳорати, ҳалол меҳнати ва хушмуомаласи мамлакатимиз иқтисодиётининг жадал ривожланишида муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.

15.07.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг