Дарҳақиқат, бугунгидек синовли кунларда ҳам карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда ҳар бир соҳада иш фаол давом эттирилсагина, давлатимиз иқтисодий барқарорлигини, шунингдек, аҳоли тинчлиги ва халқ фаровонлигини таъминлашга эришиш мумкин.
Ишлаб чиқариш ва енгил саноат соҳаларининг ривожи мамлакатимиз экспорт салоҳиятининг асосидир.
Давлат божхона хизмати органлари эса она заминимизда етиштирилган ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг дунё бозорларига чиқарилишида тадбиркорлик субъектларига таянч бўлмоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг I ярим йиллиги давомида жами 168,7 млн АҚШ доллари миқдоридаги товарлар экспорти амалга оширилган. Экспорт қилинган товарларнинг асосий салмоғи “Пластмассадан ясалган буюмлар (полиэтилен)” (72,2%), “Ип калава” (8%), “Калцийлаштирилган сода” (4%) ва бошқа товарларга тўғри келади.
Шу давр мобайнида 72,6 млн. АҚШ доллари қийматидаги товарлар импорти амалга оширилди ва бу кўрсаткич 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 62,3 млн. АҚШ долларига ёки 46,2 %га камайганлигини билдиради.
Миллий маҳсулотларимиз асосан Хитой, Россия, Туркия, Қозоғистон, Латвия, Бангладеш, Тожикистон, Афғонистон, Украина каби давлатларга экспорт қилинган бўлиб, ташқи савдо айланмасидаги умумий экспорт ҳажмининг улуши қарийб 70%ни ташкил этади. (30 % - импорт қилинган маҳсулотлар улуши).
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан 2020 йилнинг I ярим йиллиги давомида божхона тўловларидан давлат бюджетига 107 млрд. сўмдан ортиқ пул маблағи ўтказилди. Божхона тўловларидан тегишли қонунчиликка мувофиқ жами 132 млрд 423 млн. сўмдан ортиқ божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрь кунидаги “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5582-сон Фармонига мувофиқ, божхонада Хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими тўлиқ режимда жорий этилди. Унга кўра, 2018 йил 1 декабрдан бошлаб, “сариқ” ва “қизил” йўлаклар, 2019 йил 1 мартдан бошлаб эса “яшил” ва “кўк” йўлаклар ишга туширилди.
2020 йил январь-июнь ойларида хавфни бошқариш тизими асосида бошқармага қарашли ТИФ божхона постлари томонидан жами расмийлаштирилган 10830 та божхона юк декларацияларидан 4 389 таси яъни 40% “Яшил”, 3220 таси (30%) “Сариқ” ва яна 30% “Қизил” йўлаклар орқали божхона назорати шакллари амалга оширилди.
Хавфни бошқариш тизимини қўллаган ҳолда божхона назоратини ўтказишда “Яшил” йўлак улушининг ортиши қонунга риоя қилаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда давлатимиз экспорт салоҳиятини ошириш, юкларни чегара божхона постлари орқали тезкорлик билан ўтказишда етакчи омил бўлмоқда десак, муболаға бўлмайди.
14.07.2020