Ушбу кассаллик бизнинг давлатимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ ва иқтисодиётимизга ўз таъсирини кўрсатмоқда.
Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда иқтисодий ҳамда ижтимоий йўналишларни талофатларсиз сақлаш, аҳоли саломатлиги ва молиявий аҳволини барқарорлаштириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида божхона органлари фаолиятида ҳам бир қатор устувор вазифалар белгиланиб, ижроси тизимли равишда таъминланиб келинмоқда.
Ҳозирги кунда юртимиздаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб республикамиз чегара божхона постларида фуқаролар ҳаракати чекланган бўлсада, халқаро юк ташувлари тўхтовсиз ҳаракатланмоқда. Мамлакатимиз экспорт салоҳиятини янада ошириш, аҳоли ва тармоқ корхоналарини зарур истеъмол ва хомашё товарлари билан узлуксиз равишда таъминлаш мақсадида божхона органлари томонидан экспорт-импорт расмийлаштирув жараёнлари соддалаштирилган тартибда, карантин қоидаларига тўлиқ риоя этган ҳолда тезкор равишда амалга оширилмоқда. Бу эса ўз навбатида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига қулайлик яратиш билан бир қаторда уларга жаҳон бозорларида ўз ўринларини эгаллаб, рейтинглари ошишига имкон бермоқда.
Фикримизни аниқ рақамлар мисолида давом эттирсак, жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида биргина Навоий вилоятининг ташқи савдо айланмаси 511,6 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
Навоий вилоятидан рўйхатдан ўтган ҳудудий ва тармоқ корхоналари томонидан қиймати 198,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган товарлар экспорти амалга оширилган, бу кўрсатгич ўтган йилнинг мос даврида 172 миллион АҚШ долларини ташкил этган, бундан кўриниб турибдики экспорт кўрсаткичи ўтган йилга нисбатан 26,5 миллион АҚШ долларига ёки 15,5 фоизга ошган.
Маҳаллий тадбиркорлар томонидан импорт ўрнини босувчи, арзон таннархдаги товарлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилиши натижасида вилоятга жорий йилнинг биринчи ярмида 313.0 миллион АҚШ долларига тенг бўлган товарлар олиб кирилиб, импорт ҳажми 229 миллион АҚШ долларига ёки 43 фоизга камайишига эришилди.
Мазкур товарларга нисбатан 470,0 миллиард сўм божхона тўловлари ҳисобланиб давлат бюджетига ундирилган бўлса, ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида 508.1 миллиард сўм божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган.
Бундай яратилган имкониятлардан руҳланган экспортёр ташкилотлар эртанги кунга ишонч билан қараб, экспорт географиясини кенгайтириб, миллий маҳсулотларимизни қадрловчи хорижий сармоядорлар билан шериклик алоқаларини йўлга қўйишмоқда. Мазкур тадбиркорлар томонидан хорижий ташкилотларнинг хоҳиш-истагидан келиб чиқиб мева-сабзавотларнинг навлари ва сифатида, бошқа турдаги товарларнинг таркиби ва тузилишида янги инновацияларни қўллаган холда ўзгартиришлар киритиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Энг муҳими, бундай инновацион ғояларни амалга оширишда божхона ходимлари ҳам ўзларининг амалий ва назарий ёрдамларини беминнат кўрсатиб келмоқдалар.
Пандемия шароитида маҳсулотларини етиштириш ва ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини узлуксизлигини таъминлаш мақсадида экспорт ва импорт юклари учун талаб этиладиган рухсатнома ва сертификатларни олиш ҳамда ушбу товарларни божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказиш реал вақт режимида электрон тарзда амалга оширилмоқда, шунингдек, божхона пости ва божхона омборлари жойлашган худуддан бевосита корхона жойлашган ҳудудга олиб боришда пост ходимлари томонидан тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
11.07.2020