Шу ўтган 27 йил давомида республикамизда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, фан ва техника ривожланди, таълим-тарбияга бўлган эътибор кучайди, янги чет эл қўшма корхоналари ишга туширилди, қишлоқ хўжалигида ерга бўлган муносабат ўзгарди, фермерчилик ривожланди, тадбиркорлик билан шуғулланувчиларга кенг йўл очилди.
Ҳозирги кунда халқаро ҳамжамият Ўзбекистондаги ўзгаришларни юксак баҳоламоқдалар. Халқаро экспертларнинг хулосалари, давлатимизнинг бугунги равнақи ва иқтисодий потенциали, ўзига хос ислоҳатларни талқини яқин келажакда янада катта самара беришидан далолат беради.
Бугунги кунда мамлакатимиз божхона хизмати мустақил давлатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини муҳофаза қилишда, шунингдек, божхона сиёсатини амалга оширувчи давлат органи сифатида ички бозорни ҳимоя қилиш, халқаро иқтисодий муносабатларни такомиллаштириш, контрабанда, наркобизнес ва бошқа ҳуқуқбузарликларга қарши кураш, миллий валютамиз қадрини ошириш ва божхона тўловларини ундириш орқали давлат хазинасини бойитишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда.
Ўзбекистон мустақиллигининг 27 йиллиги байрами тадбирлари “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғоя остида нишоналаниши белгиланди. Ана шундай тадбир Хоразм вилояти божхона бошқармасида ҳам ташкил этилди.
Тадбирда вилоят божхона бошқармаси ходимлари ҳамда фахрий божхоначилари иштирок этишди.
Байрам тадбирини бошқарма бошлиғи К.Рахманов очиб, иштирокчиларни байрам билан табриклади. Шунингдек, Давлат божхона қўмитаси ва бошқарманинг буйруқларига асосан тизимда узоқ йиллар ўрнак кўрсатиб хизмат қилган божхона фахрийлари, айни пайтда хизмат вазифаларига виждонан ёндошиб меҳнат қилаётган бир гуруҳ божхоначилар ҳам тақдирланишди ҳамда навбатдаги махсус унвонлар топширилди.
Байрам тадбири давомида божхона хизмати фахрийси Р.Рўзметов сўзга чиқиб, қаратилаётган юксак ҳурмат ва эътибор учун миннатдорлигини қайд этиб, барчани улуғ айём билан табриклаб ўтди.
Зеро, озод Ватанимизнинг қудратли, жаҳон ҳамжамияти олдидаги мавқеи ва нуфузини оширишда барча қатори биз ҳам камарбаста бўлайлик.
Биз учун янги давр, эркин ва озод ҳаётни бошлаб берган шу қутлуғ санада халқимиз қандай машаққатли ва айни вақтда шарафли йўлни босиб ўтганини яна бир бор чуқур ҳис этамиз.
Мана шундай улуғ айёмда бутун ҳаётини озодлик учун курашга бағишлаган, бу йўлда жон фидо қилган ота-боболаримиз, мард ва жасур юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирамиз. Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Хоразм вилояти божхона
бошқармаси
Ахборот хизмати
2.09.2018