Барча мамлакатлар сингари пандемия бизнинг мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Бу эса республикамизнинг иқтисодий барқарорлигига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Мазкур таъсирни олдини олиш ва юмшатиш мақсадида ҳозирда мамлакатимизда бир қатор тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотлар эса ўз навбатида божхона органлари тизимида ҳам давом этмоқда.
Ана шу пандемия шароитида божхона ходимлари томонидан экспорт-импорт операциялари тезкорлик билан соддалаштирилган тартибда амалга оширилиб келинмоқда. Республикамиз божхона чегара постлари орқали товарларнинг кириб келиши ва чиқиб кетиши бир зум ҳам тўхтаган эмас.
Бугун мева-сабзавотларимиз сифати ва таъми билан дунёнинг барча нуқталарига етиб бормоқда. Бунда уларни хорижга экспорт қилаётган тадбиркорларимизнинг ҳиссаси беқиёс.
Экспорт йўналишда республикамизда бир қатор қулайлик ва имтиёзлар яратилган бўлиб, бу эса ўз навбатида экспорт хажмини оширишга хизмат қилмоқда.
Жумладан, экспортдан тушган валюта тушумларини давлатга мажбурий сотиш талабининг бекор қилинганлиги тадбиркорларга ўз даромадларини мустақил тасарруф этишларига катта йўл очди.
Деярли барча товарларни, шу жумладан мева-сабзавотларни олдиндан тўлов, аккредитив, банк кафолати ёки суғурта полисисиз экспорт қилишга рухсат берилганлиги эса маҳаллий маҳсулотларимизни янада қисқа муддатларда ташқи бозорларга етиб боришига кенг имкониятлар эшигини очди.
Шунингдек, жисмоний шахсларга умумий қиймати 5 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган товарларни божхона юк декларацияси тақдим этмасдан Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишга рухсат этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 07 майдаги “Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4707-сонли қарори билан, 68 турдаги маҳсулотларни хорижга экспорт қилишда автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларининг бир қисми компенсация қилиш механизми жорий қилинди.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги “Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 283-сонли Қарорига асосан, экспорт контракти бўйича тушум тушиши – товарлар «экспорт» божхона режимига божхона юк декларацияси расмийлаштирилган санадан бошлаб, 180 кундан ошиб кетмаслиги белгилаб қўйилди. Аввал ушбу муддат 120 кун эди.
Тадбиркорлик субъектларига экспортда муддати ўтган дебиторлик қарздорликка эга бўлганда, келгусида товарларни кафолатланган тўловсиз экспорт қилиши мумкин эмаслиги қатъий белгилаб қўйилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сонли Фармони билан товарлар экспорти йўналишида ҳам тадбиркорлик субъектларига қуйидаги қулайликлар яратилди.
Хусусан, ҳисобот йилида амалга оширилган товарларнинг умумий экспортига нисбатан 10 фоиздан ошмаган муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлган тақдирда, кафолатланган тўловни таъминламасдан товарлар экспортини амалга оширишга рухсат берилди.
Яратилган мазкур қулайликлар асосида, Самарқанд вилоятида рўйхатга олинган муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлган 48 та корхоналар томонидан жами 11 864 тонна, қиймати 9 млн. 598 минг АҚШ доллари қийматидаги товарлар экспорти амалга оширилди.
Шунингдек, ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга 2020 йил 1 октябргача бўлган даврда молиявий жарималар қўллаш тўхтатилди.
Товарлар экспортида бу каби яратилган кенг имкониятларга қўшимча равишда, божхона органлари томонидан экспорт товарларининг божхона расмийлаштируви 24 соат давомида туну кун амалга оширилмоқда.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2020 йилнинг I ярим йиллиги давомида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан 132,7 млн. АҚШ доллари миқдорида товарлар экспорти амалга оширилди.
Шундан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 71 224 тонна вазнда, 50,8 млн. АҚШ миқдорини ташкил қилмоқда.
Товарлар асосан Россия Федерацияси, Қозоғистон, Туркия, Тожикистон, Хитой, Озарбайжон, Қирғизистон, Украина, Туркманистон ва Белоруссия каби давлатларга экспорт қилинган.
Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан асосан, мева-сабзавот, тўқимачилик, озиқ-овқат, ҳайвонлар учун озуқа, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, фармацевтика ва тамаки маҳсулотлари, калава ип, тайёр оёқ кийимлар каби товарлар экспортга жўнатилган.
2020 йилнинг ўтган даври мoбайнида ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи субъектлар томонидан электрон шалкда тақдим қилинган жами 19.066 та божхона юк декларациялари Хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими орқали эса тегишли йўлакларга тақсимланиб, шундан “яшил” йўлакда 5 491 та ёки 28,8%, “сариқ” йўлакда 7 734 та ёки 40,6% ҳамда “қизил” йўлакда 5 841 та ёки 30,6% БЮД лар расмийлаштирилган.
Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш мумкинки, “яшил” ва “сариқ” йўлак орқали товарларни расмийлаштиришда божхона кўриги ўтказилмасдан соддалаштирилган тартибда амалга оширилади.
Агар 1 та БЮДни “экспорт” божхона режимига расмийлаштириш учун ўртача сарфланган вақтни таҳлил қиладиган бўлсак, “яшил” йўлакда 00:29:56 дақиқа, “сариқ” йўлакда 00:48:53 дақиқа ва “қизил” йўлакда эса 01:47:48 дақиқа сарфланган.
Кўриб турганингиздек, ўтган даврларда божхона расмийлаштирувига бир кунлаб вақт кетган бўлса, эндиликда бир неча дақиқа ичида амалга оширилиб келинмоқда.
Жорий йилнинг 5 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6005 сон Фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, эндиликда экспорт божхона режимига нисбатан 2021 йил 1 январгача – умумий БЮДларнинг 5 фоизидан кам бўлмаган, 2022 йил 1 январгача – БЮДларнинг 20 фоизи автоматик равишда божхона расмийлаштирувидан ўтказилади.
Бундан ташқари, “Ягона дарча” божхона ахборот тизимининг такомиллаштирилиши натижасида божхона расмийлаштируви учун сарфланадиган вақтни экспортда 5 баробарга, импортда эса 2 баробарга қисқаради.
Буларнинг баридан кўзланган асосий мақсад эса экспорт салоҳиятини янада ошириш ва молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилган.
ТИФ иштирокчиларига нафақат экспортда, балки товарларни импорт қилишда ҳам божхона соҳасида бир қатор имтиёзлар назарда тутилган.
Ўтган давр мобайнида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона расмийлаштирувида жами 694,02 млрд. сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар берилган.
Мазкур имтиёзлар эса тадбиркорлик субъектларига янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади.
Шу фурсатдан фойдаланиб эслатиб ўтамиз, Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли ва вилоят божхона бошқармасининг (66) 233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” тизими 24 соат давомида фаолият олиб бормоқда. Агарда соҳага оид саволларингиз бўлса тўғридан-тўғри телефон орқали мурожаат қилишингиз мумкин.
Жасурбек ФАЙЗУЛЛАЕВ,
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси
бошлиғи ўринборсари
10.07.2020