Сўнгги уч ойда тадбиркорлик субъектларига божхона соҳасида ҳам қатор қулайликлар ва енгилликлар тақдим этилмоқда. Айниқса, юкларни чегара божхона постлари орқали тезкорлик билан ўтказиш, узлуксиз божхона расмийлаштирувини таъминлаш ҳар қачонгиданда долзарб.
Ислоҳотлар самарасини биргина Наманган вилояти божхона бошқармаси томонидан амалга оширилган ишларнинг рақамлардаги ифодасида ҳам кўришимиз мумкин, яъни 2020 йилнинг ўтган олти ойи мобайнида, бошқарма томонидан 11 513 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилди.
Вилоятда экспорт божхона режимига расмийлаштирилган товарлар ҳажми 131,5 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Экспорт товарларининг асосий қисмини тўқимачилик, калава ип, мева-сабзавот ва бошқа енгил саноат маҳсулотлари, импорт товарларини эса технологик-ускуналар, кимё саноати ҳамда тўқимачилик маҳсулотлари ташкил этди.
Вилоятда экспорт қилинган товарларнинг катта улуши Россия, Қирғизистон, Хитой, Қозоғистон, Туркия, Украина, Германия, Польша, Италия, Португалия мамлакатларига тўғри келган бўлса, товарларнинг импорти асосан Хитой, Россия, Қозоғистон, Швейцария, Корея, Япония, Германия каби мамлакатлардан амалга оширилган.
Бошқарма томонидан 2020 йилнинг ўтган олти ойи давомида импорт қилинган товарларга қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида жами 529,4 млрд. сўм миқдорида божхона тўловлари ҳисобланиб, шундан 377,3 млрд. сўм қисмига божхона тўловларидан имтиёзлар берилди ҳамда Давлат бюджетига 152,2 млрд. сўм ундирилди.
Айтиш жоизки, мамлакатимиз равнақи учун ўз ҳиссасини қўшаётган тадбиркорларимизга божхона органлари амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда ҳамкорлик қилишга доимо тайёр.
9.07.2020