Шу боисдан ҳам ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида товарлар, хусусан ҳозирги пишиқчилик мавсумида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт божхона расмийлаштирувини соддалаштирилган тартибда, асосан “яшил” йўлак орқали амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Божхона постларида товарлар экспортининг божхона расмийлаштирувига ҳозирда ўртача 25-30 дақиқа сарфланмоқда, холос.
Пандемия шароитида экспорт ҳажмини ошириш ва иқтисодиётни барқарорлигини таъминлаш жуда долзарб масала. Бунда тадбиркорлик субъектларига яқиндан кўмак бериш ва уларни муаммоларини ҳал этиш ғоят муҳим аҳамият касб этади.
Айни шу мақсадда Давлат божхона қўмитасининг биринчи ўринбосари Анвар Асомов бошчилигидаги божхона ходимлари Шеробод туманидаги 23 гектар майдонда помидор, бодринг ва булғор қалампири маҳсулотларини эрта пишар навларини иссиқхона шароитида етиштиришга мўлжалланган “Шеробод агро импекс” МЧЖ фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди.
Карантин қоидаларига қатъий риоя қилинган ҳолда корхона фаолиятининг узлуксиз давом этаётганлиги бу ерда доимий 85 нафар меҳнат қилаётган ишчилар, айниқса ёш оилалар вакилларининг карантин даврида иқтисодий қийинчикларсиз рўзғор тебратишларида муҳим рол ўйнамоқда.
Таъкидлаш жоизки, бутун дунёда янги узилган мева-сабзавотларга талаб кун сайин ортиб бормоқда. Мазкур корхона ҳозирга қадар 637 минг АҚШ долларилик маҳсулотларни Россия Федерациясига экспорт қилган.
Шу боисдан “Шеробод агро импекс” МЧЖда бўлиб ўтган учрашувдан сўнг ушбу корхона томонидан тўғридан тўғри экспортни кенгайтиришда кўмаклашиш учун аниқ амалий ишлар борасида сўз юритилди. Ҳозирда, “Шеробод агро импекс” МЧЖ томонидан 6 гектар майдонда анор маҳсулотларини етиштиришга мўлжалланган иссиқхона асбоб ускуналари божхона тўловларидан имтиёз қўлланган ҳолда олиб кирилмоқда. Бугунга қадар мазкур корхонага божхона тўловларидан жами 31,3 миллиард сўмлик имтиёзлар берилган.
Табиийки, бу ҳам корхона иқтисодий имкониятларини оширади, қўшимча ишчи ўринларини юзага келтиради.
Шундан сўнг, А.Асамов Музрабод туманида жойлашган “Янгиобод инвест сервис” хусусий корхонаси тадбиркорлари билан ҳам очиқ, самимий ва конструктив руҳда мулоқотлар ўтказди. Мазкур корхонада доимий 76 нафар фуқаро иш билан таъминланган бўлиб, етти хазинанинг бири бўлган паррандачилик маҳсулотларини хорижга ва ички бозорларимизга етказиб бермоқда. Бугунга қадар ушбу корхона томонидан 754 минг АҚШ долларилик маҳсулотлар Афғонистон ва Покистон давлатларига экспорт қилинган. Паррандачилик фаолияти учун келтирилган зарур ускуналар учун ушбу корхонага 6,7 миллиард сўмлик божхона тўловларидан имтиёзлар берилган. Бўлиб ўтган мулоқот чоғида тадбиркорларга божхона соҳасидаги янги тартиботлар ҳақида маълумотлар берилиб, божхоначи-тадбиркор таянчи эканлиги айтиб ўтилди. Шунингдек, тадбиркорларга божхона соҳасига доир мурожаатлар ва саволлар юзасидан, куннинг исталган вақтида Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли ишонч телефонига ёки бошқарманинг (76) 225-02-26 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.
Таъкидлаш жоизки, Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6005-сонли Фармонлари билан божхона ходимлари тадбиркорларнинг бизнес ҳамкорига айланиши ҳам белгилаб қўйилди. Табиийки, буларнинг бари тадбиркорлик субъектларининг ривожланишида ва Ўзбекистонинг экспорт салоҳиятини юксалтиришда муҳим ҳисса қўшади десак адашмаймиз.
9.07.2020