Юртимиздаги битта корхона фаолиятини тўхтатилишига ҳам “фавқулодда ҳолат” деб қаралиши натижасида иш ўринлари ва оилалар даромади сақлаб қолинишига эришилди. Айниқса ялпи ички маҳсулотнинг асосий қисми ва аҳоли бандлигини таъминлайдиган 2 мингдан ортиқ йирик корхона фаолиятини умуман тўхтамаслигига эришилди.
Тадбиркорлик субъектларига жорий этилаётган имтиёзлар уларнинг жадал фаолият олиб боришлари учун ҳар томонлама қулайлик яратмоқда. Эътиборлиси ушбу имтиёзлардан корхоналар янги иш ўринларининг яратилиши ҳамда истиқболли режаларни йўлга қўйиш учун унумли фойдаланилмоқда.
Оқолтин туманида ҳам янги лойиҳаларни амалга оширишга катта эътибор берилмоқда. 2020-2022 йилларда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига мувофиқ 17 та лойиҳани рўёбга чиқариш кўзда тутилган. Ана шу лойиҳаларнинг 2 тасини саноат йўналишидаги, 7 тасини хизмат кўрсатиш йўналишидаги, 8 тасини қишлоқ хўжалиги йўналишидагилар ташкил этади.
Туманда 4 та экспортёр корхоналар фаолият юритиб, 2020 йилнинг 1 ярим йиллигида улар томонидан 881,7 минг АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотлар хорижий давлатларга экспорт қилинди.
Шундай корхоналардан бири Фарғона шаҳарчасидаги "Сардоба текстил" масъулияти чекланган жамиятидир. Замонавий тикув дастгоҳлари ўрнатилган, трикотаж кийим-кечаклар тайёрлашга мўлжалланган фабрикада айни вақтда 15 турдаги болалар ва катталар кийим-бошлари тикилиб, 100 фоиз маҳсулотлар Россия давлатига экспорт қилинмоқда. Эътиборли жиҳати, бир навбатнинг ўзида бу ерда 90 нафар хотин-қиз меҳнат қилаётир. Фабрикада тайёрланаётган футболка ва кепкалар айниқса, чиройли ва бежиримлиги билан ажралиб туради.
— Кейинги йилларда ҳамкорларимиздан махсус кийим бошларга кўплаб буюртмалар тушаяпти, — дейди цех бошлиғи Дилфуза Абдураҳмонова.
— Тўрт йилдан бери "Сардоба текстил" корхонасида меҳнат қиламан, — дейди илғор тикувчи Наргиза Зайриева. — Фабрикамизда хотин-қизлар унумли ишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бепул автобус хизмати йўлга қўйилган. Меҳнатим орқасидан рўзғоримизда ҳам барака бор. Янги андозадаги кийим-кечакларни бежирим тикиш сирларини ўрганиш билан бирга бу ерда коллежни битириб келган 2 нафар ёш қизларга устозлик қилаяпман.
Қайд этиб ўтиш керакки, тадбиркорларга ўз ўрнида берилган имтиёз ва енгилликлар, янги корхоналарнинг барпо бўлишига, иш ўринларининг яратилишига, ишлаб чиқариш суръатарининг янада жадаллашиб, иқтисодиётимизни ривожланишига хизмат қилади.
8.07.2020