Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупцияга қарши курашиш маданияти шаклланиши зарур
1348
Коррупция (лот. Corrumpere — бузмоқ) термини одатда мансабдор шахслар томонидан уларга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва аҳлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатади.

Коррупция –– бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.

Бу борада Бухоро вилояти божхона бошқармаси ҳамда бошқа давлат идоралари билан ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш мақсадида ташкил этилаётган тадбирлар давомида божхона соҳасида коррупцияга оид савол ва мурожаатлар юзасидан Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли ишонч телефонига ёки вилоят божхона бошқармасининг (65) 221-61-00 (65) 221-65-00 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилмоқда.

Қолаверса, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида назарда тутилган коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг самарали механизмларини яратиш чора-тадбиридан кўзланган мақсад ҳам жаҳонда Ўзбекистоннинг ўрнини тубдан яхшилаш, нуфузини оширишга қаратилган. Бунинг учун бошқа соҳалар қатори коррупция иллатига барҳам бериш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Чунки бирон бир давлатга сармоя киритиш истагида бўлган инвестор, энг аввало, ўша давлатдаги инвестицион иқлимнинг барқарорлигига, яратиб берилган шарт-шароитлар, имкониятлар ва албатта ҳуқуқий кафолатларга қизиқади. Ўша давлатда тамагирлик ва коррупция ҳолатларига йўл қўйилмасагина инвестиция киритишга бел боғлайди. Шундай экан, коррупцияга сабаб бўлаётган ҳолатларни ҳамда жамиятни бу балодан қутқариш масаласи муҳокамасини йўлга қўйиш ҳамда бу ҳақда кенг жамоатчиликни, халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиб бориш долзарб аҳамиятга эга. Бинобарин, иқтисодиётимизни янада жадал юксалтириш, халқимиз фаровонлигини ошириш, мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш бевосита коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилиши билан чамбарчас боғлиқ. Бу мақсад йўлида барчамиз бирлашишимиз, бир ёқадан бош чиқаришимиз, ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлишимиз, коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган давлат сиёсатини нафақат қўллаб-қувватлашимиз, балки унда фаол иштирок этишимизни бугунги даврнинг ўзи тақозо этаётганини унутмаслигимиз шарт ва зарур.

8.07.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг