Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Маъмурий ислоҳотлар Концепцияси ижроси – божхона соҳасидаги ҳуқуқий механизмлар янада такомиллаштирилмоқда
2560
Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг қабул қилиниши юртимизда давлат бошқарувини ислоҳ қилишнинг тизимли механизмларини йўлга қўйиш йўлидаги мутлақо янги босқич бўлди.

Унинг асосий мақсади — амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат дастурларининг тўлақонли ижросини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёт билан боғлиқ муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва самарали ҳал қилишда давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштиришдан иборатдир.

Бу борада “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши давлат бошқаруви идораларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ва сўровномаларини кўриб чиқиш механизмларини тубдан такомиллаштиришга замин яратди.

Жумладан, ташқи иқтисодий фаолият соҳасида давлат хизматларининг шаффофлигини ва улардан эркин фойдаланиш имкониятини, мамлакатнинг иқтисодий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, экспорт-импорт операцияларининг мутаносиблигини таъминлаш тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, инвестиция ва экспорт салоҳиятини ошириш, аҳолининг турмуш шароити ва сифатини яхшилашнинг энг муҳим шартлари ҳисобланади.

Юқорида қайд этилганлардан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5414-сонли Фармони билан тасдиқланган Дастурга мувофиқ эркин омбор, божхона омбори ва божсиз савдо дўкони фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ лицензия жараёнларидан ўтишни янада соддалаштириш вазифаси қўйилган эди.

Натижада қисқа муддатда (Вазирлар Маҳкамасининг 09.04.2020 йилдаги қарорига асосан) Божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентлари тасдиқланди. Унга кўра эндиликда лицензияларни расмийлаштириш – фақат давлат хизматлари марказлари (ДХМ) ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали амалга оширилиши белгиланди.

Бу эса ўз навбатида  тадбиркорлик субъектларига божхона соҳасида яратилаётган шаффоф механизмлардан яна бири бўлди, дейишимиз мумкин.  Божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг навбатдаги ҳуқуқий асосларидан бири, шубҳасиз, 2020 йил 5 июнда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони бўлди.

Хусусан мазкур Фармон билан тасдиқланган 2020 — 2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш Концепцияси Жаҳон божхона ташкилотининг тавсиялари ҳамда илғор мамлакатларнинг божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш тажрибасига асосланган ёндашувларини ўз ичига олган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб божхона органлари фаолиятини ривожлантиришнинг мақсадлари, устувор соҳалари ва асосий йўналишларини белгилаш ҳамда уларни ривожлантиришнинг янги босқичига ҳуқуқий асос яратди.

Мазкур Концепциянинг мақсади товар ва транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтишда максимал қулай шароитлар яратиш, божхона операцияларини амалга ошириш вақтини қисқартириш, амалга оширилаётган операцияларни автоматлаштириш ва илғор технологияларни, шунингдек, халқаро меъёр ва стандартлар, хорижий давлатларнинг энг яхши тажрибаларига мувофиқ ишлашнинг янги усулларини жорий этиш ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганда божхона тартиб таомилларини соддалаштирган ҳолда қулай бизнес муҳитини яратиш, божхона маъмуриятчилигини мунтазам такомиллаштирган ҳолда мамлакатимиз иқтисодиётининг жадал ривожланишига ҳисса қўшиш Давлат божхона хизмати органларининг устувор вазифаси ҳисобланади.

 Назиржон Қосимов

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходими

1.07.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг