Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Фармон соҳада ислоҳотларнинг янги даврини бошлаб берди
1469
Олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш бўйича устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланган эди.

Бугун шиддат билан ўзгариб бораётган жамиятимиз ҳаётида қабул қилинаётган ҳар бир ҳужжатнинг аҳамияти катта. Ҳаракатлар стратегияси  доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар барча соҳаларда бўлгани каби божхона тизимида хам изчил равишда амалга оширилмоқда.

Бу борада Юртбошимиз 2020 йил 5 июнь куни “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6005 сонли Фармонга имзо чекдилар.

Фармон асосида божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш, божхона органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш, “рақамли божхона”ни шакллантириш, божхона ишида халқаро норма ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ишларини изчиллик билан давом эттириш, умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларни жорий этиш ҳамда янги илғор инновацион услубларни қўллаган ҳолда божхонани соддалаштирилган шаффоф тизимга айлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Мазкур Фармон соҳада ислоҳотларнинг янги бир даврини бошлаб бергани, шубҳасиз.

Зеро, ушбу Фармон билан 2020-2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш Концепцияси ва мазкур Концепцияни амалга ошириш бўйича 67 та банддан иборат “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Концепцияда 2020–2023 йилларда ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги тартиб-тамойиллар ҳамда божхона органлари фаолиятини ислоҳ этишнинг 7 та қуйидаги асосий йўналишлари белгилаб олинди:

  • божхона соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш;
  • божхона органлари фаолияти ва инфраструктура объектларини ривожлантириш;
  • рақамли иқтисодиёт доирасида замонавий ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини божхона соҳасига жорий этиш орқали божхона органлари шаффофлиги ҳамда фаолияти самарадорлигини таъминлаш;
  • божхона органларининг фискал функцияларини амалга оширишни такомиллаштириш, ташқи иқтисодий фаолиятни тарифли ва нотариф тартибга солишни соддалаштириш;
  • контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш;
  • божхона органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакаси ва салоҳиятини янада ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш;
  • халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар божхона хизматлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш.

Шунингдек, эндиликда:

- юкни етказиб бериш назорат китобчасини транзит божхона юк декларацияси билан алмаштириш амалиёти ҳамда “Е-TRANZIT” автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилади;

- хавф даражаси паст бўлган (яшил йўлакка йўналтирилган) божхона юк декларациясининг автоматик равишда божхона расмийлаштируви тизими босқичма-босқич татбиқ этилади.

Бунда:

Экспорт божхона режимига нисбатан 2021 йил 1 январгача – умумий БЮДларнинг 5 фоизидан кам бўлмаган, 2022 йил 1 январгача – БЮДларнинг 20 фоизи автомат равишда божхона расмийлаштирувидан ўтказилади.

“Вақтинча сақлаш” ва “божхона омбори” божхона режимларига нисбатан – 2022 йил 1 январга қадар умумий БЮДларнинг 20 фоизи автомат равишда божхона расмийлаштирувидан ўтказилади.

- божхона тўловлари тўланишини таъминлаш тартиби такомиллаштирилади, шу жумладан, божхона идоралари томонидан кафолат ҳужжатларини бериши мумкин бўлган ташкилотлар (банк, суғурта) рўйхати юритилади, ушбу рўйхатга киритилмаган ташкилотлардан ҳужжатлари кафолат сифатида олинмайди;

- халқаро курьерлик жўнатмаларини расмийлаштириш фақатгина халқаро аэропортларда жойлашган авиа ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида амалга оширилиши амалиёти йўлга қўйилади;

- товарларни ишлаб чиқарувчи ва юборувчиларнинг идентификация воситаларини тан олиш амалиёти йўлга қўйилади;

- божхона органлари ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ўртасидаги муаммоли ҳолатларни камайтирувчи божхона иши соҳасидаги божхона органларида тортишувларни судгача ҳал этиш тартиби жорий этилади.

Бундан ташқари, мазкур Фармон ижросини таъминлаш орқали қуйидаги ютуқларга эришилади:

- асосий чегара ўтказиш пунктларини кенгайтириш ва модернизациялаш орқали божхона постларининг ўтказувчанлик имкониятини 3 баробарга ошириш;

- “Ягона дарча” божхона ахборот тизимининг такомиллаштирилиши натижасида божхона расмийлаштируви учун сарфланадиган вақтни экспортда 5 баробарга, импортда 2 баробарга қисқартириш;

- божхона маъмурчилигининг замонавий усулларини қўллаш орқали ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг харажатларини қисқартириш эвазига Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтингларда юқори поғонага кўтарилишига муносиб ҳисса қўшиш;

- рақамли технологиялар ва ахборот тизимларини божхона органлари фаолиятига кенг жорий этиш асосида инсон омилисиз маълумотларни тўсиқсиз олиш ҳамда божхона расмийлаштируви ва назорати жараёнларини халқаро норма ва стандартларга мувофиқ соддалаштириш;

- мамлакатимизнинг туризм ва инвестиция жозибадорлигини  янада ошириш;

- божхона органлари тадбиркорга хизмат кўрсатувчи ҳамда ёрдам берувчи (бизнес-ҳамкор) идора сифатида ислоҳ қилинади.

Соҳада амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар товарлар  назоратини чегарада эмас, балки юклар кириб келишидан олдин ёки мамлакат ичкарисида эркин муомалага чиқарилгандан кейин амалга ошириш тизимини йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади ҳамда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига кенг қулайликлар яратади.

Жасурбек ФАЙЗУЛЛАЕВ

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси

бошлиғи ўринбосари

1.07.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг