Мазкур хабарда “Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропорти” чегара божхона пости ходимлари томонидан фуқаро Б.Минбаевга тегишли қўл сумкаси ва унинг ичидаги 6 дона Iphone русумли уяли алоқа воситалари, шунингдек, Дубай шаҳридан учиб келган фуқаролардан ҳам 6 дона Iphone русумли уяли алоқа воситалари олиб қўйилганлиги ва қайтариб берилмаганлиги маълум қилинган
Ушбу хабар юзасидан Давлат божхона қўмитаси “Тошкент-аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси томонидан текширув ўтказилиб қуйидагилар аниқланди.
2020 йилнинг 24 май куни “Шарджа-Тошкент” йўналиши бўйича учиб келган Б. Минбаевга тегишли бўлган багажда, амалдаги қонунчилик талабларига кўра жисмоний шахслар томонидан божхона тўловлари ундирилмайдиган меъёрдан ортиқ бўлган товар-моддий бойликлари бўлганлиги (4 дона уяли алоқа воситалари) сабабли, божхона пости ходимлари томонидан тегишли далолатнома тузилиб, кейинчалик божхона расмийлаштирувини амалга ошириш учун вақтинча сақловга олинган.
Ушбу товар-моддий бойликлари, фуқаро Б. Минбаев томонидан, “карантин” даврини ўтаб бўлганидан сўнг қонуний равишда расмийлаштириб олиб чиқиб кетиши мумкинлиги божхона пости ходимлари томонидан тушунтирилган.
Аммо, 2020 йил 24 июнь куни божхона постига фуқаро Б.Минбаев номидан ишончнома асосида фуқаро С.Кинжаева мурожаат қилиб, олиб қолинган товарларни расмийлаштириб беришни сўраган.
Шундан сўнг, божхоначилар томонидан олиб қолинган йўл сумкаси фуқарога тақдим этилган ва унинг ичида божхона тўловлари тўланмайдиган олиб кириш меъёридан ортиқ бўлган 4 дона уяли алоқа воситалари борлиги ва уларни тегишли тартибда расмийлаштирилиб божхона тўловларини тўлаган ҳолда олиб кириш мумкинлиги тушунтирилган.
Ўз навбатида, фуқаро С.Кинжаева ушбу йўл сумкаси бошқалиги, унга эса фуқаро Б.Минбаевнинг қўл сумкаси кераклиги ва унинг ичида 6 дона уяли алоқа воситалари борлигини таъкидлаган.
Божхона ходимлари томонидан фуқаро Б.Минбаевга тегишли фақатгина йўл сумкаси ва унинг ичидаги 4 дона уяли алоқа воситалари олиб қолинганлиги ва бу ҳақда далолатнома тузилганлиги, ушбу фуқаро қўл сумкасини ўзи билан олиб кетганлиги тушунтирилган.
Шундан сўнг фуқаро С.Кинжаева олиб қолинган йўл сумкасини ва унинг ичидаги 4 дона уяли алоқа воситаларини расмийлаштиришдан ва божхона тўловларини тўлаган ҳолда олиб кетишдан бош тортган.
Хабарда қайд этилган иккинчи ҳолатда, божхона пости ходимлари томонидан фуқаро Б.Нишоновга тегишли 6 дона уяли алоқа воситалари амалдаги қонунчилик талабларига кўра жисмоний шахслар томонидан божхона тўловлари ундирилмайдиган меъёрдан ортиқча бўлганлиги сабабли вақтинча сақловга олинган ва тегишли тартибда далолатнома тузилган.
“Карантин” даврини ўтаб бўлган фуқаро Б.Нишоновга 2020 йил 26 июнь куни 2 дона уяли алоқа воситалари қайтариб берилган ва қолган 4 дона уяли алоқа воситасини тегишли тартибда расмийлаштириб, божхона тўловларини тўлаган ҳолда республикамиз ҳудудига олиб кириши мумкинлиги тушунтирилган.
Ҳозирда мурожаатда таъкидлаб ўтилган барча товар-моддий бойликлари божхона назорати остида вақтинча сақловга олинган.
Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини маълум қилади.
29.06.2020