Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона институтида ўқув семинари бўлиб ўтди
4817
Давлат божхона қўмитаси Божхона институтида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июндаги "Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги ПФ-6005-сон Фармонининг мазмун-моҳияти, унда белгиланган асосий вазифалар ижроси тўғрисида ўқув семинари бўлиб ўтди.
Божхона институтида ўқув семинари бўлиб ўтди

Семинарда Давлат божхона қўмитаси Марказий аппарати соҳавий бошқармалари бошлиқлари ва Божхона институти профессор-ўқитувчилари Фармоннинг муҳим жиҳатлари, уларни қабул қилишга сабаб бўлган заруратлар ва амалга ошириш механизмлари юзасидан тўхталиб ўтишди.

Семинар бир вақтнинг ўзида онлайн тарзда бўлиб ўтди. Яъни унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар божхона бошқармалари масъул ходимлари ҳам масофадан туриб иштирок этишди.

Таъкидланганидек, мазкур ҳужжат Жаҳон савдо ташкилоти, Жаҳон божхона ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларнинг стандартлари ва тавсияларини милий қонунчиликка имплементация қилишда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур стандартлар эса энг аввало, божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштиришни назарда тутади.

Фармон билан 2020-2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш концепцияси ва мазкур концепцияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Концепцияда 2020 – 2023 йилларда ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги тартиб-тамойиллар ҳамда божхона органлари фаолиятини ислоҳ этишнинг асосий йўналишлар белгилаб олинди.

Фармон билан тасдиқланган “Йўл харитаси” билан 67 та банддан иборат чора-тадбирларни ўз ичига олади.

Мазкур Фармон ижросини таъминлаш орқали

- асосий чегара ўтказиш пунктларини кенгайтириш ва модернизациялаш орқали божхона постларининг ўтказувчанлик имкониятини 3 баробарга ошириш;

- “Ягона дарча” божхона ахборот тизимининг такомиллаштирилиши натижасида божхона расмийлаштируви учун сарфланадиган вақтни экспортда 5 баробарга, импортда 2 баробарга қисқартириш;

- рақамли технологиялар ва ахборот тизимларини божхона органлари фаолиятига кенг жорий этиш асосида инсон омилисиз маълумотларни тўсиқсиз олиш ҳамда божхона расмийлаштируви ва назорати жараёнларини халқаро норма ва стандартларга мувофиқ соддалаштиришга эришиш кутилмоқда.

Семинарда Фармон билан божхона органлари олдига қўйилаётган вазифаларни ҳар бир ходимга тўлақонли етказиш лозимлиги алоҳида қайд этилди. Зеро, бу ушбу ҳужжатда назарда тутилган вазифалар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлашда жуда ҳам муҳим.

26.06.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг