Хусусан, Президентимиз томонидан божхона тартиб-таомилларининг мураккаблиги тадбиркорликка тўсқинлик қилаётган омиллардан бири сифатида эътироф этилиб, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига тўсқинлик қилаётган бу каби муаммолар ечими юзасидан бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Масалан: Жаҳон банкининг ҳисоботига кўра, экспорт-импорт ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича Ўзбекистон 190 та давлат орасида 175-ўринда тургани ачинарли, албатта. Айтайлик, божхона ҳужжатларини расмийлаштириш учун Белгияда 1 соат кифоя қилса, бизда бунга 1 ойлаб муддат сарфланади.
Президентимиз, соҳага оид камчиликларни очиқ ва содда тилда кўрсатиб бериб, ўринли эътирозларни билдирган эдилар.
Хўш, белгилаб берилган аниқ вазифалар ижроси юзасидан божхона органлари томонидан ўтган давр мобайнида қандай ишлар амалга оширилди?
Навоий вилояти божхона бошқармасида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан бўлиб ўтган навбатдаги учрашувда шулар ҳақида сўз борди.
Ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги давлат хизматларининг шаффофлигини ва ошкоралигини, импорт-экспорт операциялари мутаносиблигини таъминлаш тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, инвестиция ва экспорт салоҳиятини ошириш, аҳолининг турмуш шароити ҳамда сифатини яхшилашнинг энг муҳим шартлари ҳисобланади.
Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5414-сон фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармон билан Ўзбекистон Республикаси божхона органларини ислоҳ қилишнинг 8 та асосий йўналишлари белгиланиб, уларни амалга ошириш юзасидан 44 та банддан иборат “Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомилаштириш юзасидан тадбирлар Дастури” тасдиқланди.
Фармонга мувофиқ жорий йилнинг 1 сентябридан божхона назоратини танлов асосида ўтказишни назарда тутувчи, хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизимини ишлаб чиқилиши ва амалиётга татбиқ этилиши белгиланди.
Ўз ўрнида таъкидлаш лозимки, Хавфни бошқариш тизими – бу ривожланган мамлакатларда қўлланилаётган божхона расмийлаштируви ва назоратини амалга оширишнинг инновацион ғоя ва технологияларга асосланган, ташқи савдони енгиллаштиришнинг энг мақбул тизими ҳисобланади.
Яъни, экспорт-импорт қилинаётган товарлар фақат дастлабки божхона режимига расмийлаштириш вақтида хавфни бошқариш тизимини қўллаш асосида, танлаб текшириш принципига риоя этган ҳолда божхона кўригидан ўтказилади.
Содда тил билан айтадиган бўлсак, ҳалол тадбиркорлик субъектларига божхона расмийлаштирувини соддалаштирилган тартибда, тезкорлик билан ўтказиш, аксинча белгиланган божхона қоидаларини бузган тадбиркорлик субъектларини эса тўғри йўлга бошлаш мақсадида яратилган тизимдир.
Йиллар мобайнида божхона органларида тадбиркорлик субъектлари фаолияти бўйича катта ахборот базаси тўпланган. Ушбу ахборотларни таҳлил қилиш натижасида тадбиркорлик субъектларини тоифаларга ажратиш механизмини жорий қилинди.
Бунда асосий эътибор қаратилган масала шуки, хавфни бошқариш тизимида товарни божхона кўригидан ўтказиш кераклиги тўғрисидаги қарорни тадбиркорлик субъектининг ҳалоллигига қараб, автоматлаштирилган дастурдаги ахборотлар асосида қабул қилиниши кўзда тутилган. Яъни, субъектив ёндашувдан воз кечилади ва ҳалол, тўғри ишлайдиган тадбиркорлар тўлиқ қўллаб-қувватланади. Нотўғри йўлда бўлган “тадбиркорлар”ни эса тўғри йўлга бошлаш чоралари кўрилади.
Хавфни бошқариш тизими экспорт-импорт операциялари шаффофлигини ва тадбиркорлик субъектлари фаолияти эркинлигини таъминлаши билан бирга, божхона назоратининг танлов асосида амалга оширилиши натижасида, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш имконини яратиб, божхона органлари фаолияти самарадорлигини янада оширади.
Навоий вилояти божхона бошқармаси
Божхона назоратини ташкил этиш бўлими
31.08.2018