2020 йил 19 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Алоҳида солиқ ва божхона имтиёзларини бекор қилиш тўғрисида” ПФ-6011 сон Фармони қабул қилинди.
Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатлар ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
- 28.04.2000й.даги ПФ-2598-сон Фармонга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ,
- нефть ва газ конларини қидириш ва разведка қилиш ишларини амалга оширувчи хорижий компаниялар, шунингдек улар томонидан жалб этиладиган хорижий пудрат ва ёрдамчи пудрат ташкилотлари қидириш, разведка қилиш ва бошқа тегишли ишларни амалга ошириш учун зарур бўлган машина-ускуналарни, моддий-техника ресурслари ва хизматларни импорт қилиш чоғида қўшилган қиймат солиғини тўлашади.
- Нефть ва газ конларини қидириш ва разведка қилиш ишларини амалга оширган хорижий компаниялар иштирокида ташкил этиладиган нефть ва газ қазиб чиқарувчи қўшма корхоналар нефть ёки газ қазиб олинишидан бошлаб 7 йил муддатга фойда солиғи тўлашдан озод қилиш тўғрисидаги норма бекор қилинди.
- 26.10.2016 й.даги ПФ-4853-сон Фармонга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг "Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида"ги Қонунида белгиланган тартибда алоҳида солиқлар, шунингдек, божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари назарда тутилади.
- «Ангрен» ва «Жиззах», «Навоий» эркин иқтисодий зоналари иштирокчилари учун эркин иқтисодий зоналар фаолияти давомида экспортга йўналтириладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун олиб келинадиган хом ашё, материал ва бутловчи буюмлар учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этиш тўғрисидаги норма ўз кучини йўқотди.
- 5.06.2017й.даги ПФ-5068-сон Фармон (https://lex.uz/ru/docs/3227414)га мувофиқ, «Яшнобод» технопарки маъмурияти ва резидентлари амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида бутун фаолият кўрсатиш даврида фойда солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона солиқ тўлови, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари умумтаълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий тўловларни тўлайди.
Шунингдек, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатларга мувофик, инновация лойихаларини амалга ошириш доирасида ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжи учун олиб кириладиган. Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуна, хомашё, материаллар, реактивлар, бутловчи буюмлар ҳамда қурилиш материаллари учун озод этилган божхона тўловлари қўшилган қиймат солиғи ва божхона йиғимларини назарда тутмайди.
- 14.12.2017й.даги ПФ-5285-сон Фармон (https://lex.uz/ru/docs/3459667)га биноан тўқимачилик саноати корхоналари («Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси аъзолари сўзлари чиқариб ташланди) 2021 йил 1 январга қадар муддатда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ва республикада ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича импорт қилинадиган пахта, сунъий ва синтетик тола, жун, хом ашё ва бошқа материаллар учун божхона тўловларини тўлашдан озод этилган бўлиб, бу имтиёз эндиликда қўшилган қиймат солиғни назарда тутмайди.
Шунингдек, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига бадаллар ва ажратмаларни солиқ базасидан чиқаришга доир норма ҳам бекор қилинди.
- 3.02.1018й.даги ПФ-5326-сон Фармон (https://lex.uz/ru/docs/3548467)га киритирилган ўзгартиришларга мувофиқ, тадбиркорлик фаолияти субъектларини 2022 йилнинг 1 январига қадар — Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган:
- ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ортиқ бўлмаган, йўловчиларни ташишда фойдаланиладиган ва ҳайдовчидан ташқари 8 ва 8 тадан ортиқ ўриндиқларга эга бўлган транспорт воситалари (аввалги таҳрирда ҳайдовчи билан биргаликда 8 ва ундан ортиқ кишини ташишга мўлжалланган туризм тоифасига оид транспорт воситалари деб ёзилган эди.)
- дор (осма) йўлларни, тоғ-чанғи кўтаргичлар, фуникулёрлар ва бошқа ўхшаш объектлар ва иншоотларни қуриш, қайта таъмирлаш ва жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар, механизмлар ва эҳтиёт қисмлар, шунингдек, аэростатлар (ҳаво шарлари), моторли қайиқ ва квадроцикллар белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатларга кўра эндиликда қўшилган қиймат солиғига тортилади.
- 15.05.2019й.даги ПФ-5719-сон Фармон (https://lex.uz/ru/docs/4339936)га киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, “Навоий" ЭИЗ иштирокчиси мақомини олган Навоий вилоятидаги корхоналарга Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг "Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида"ги Қонунида белгиланган тартибда алоҳида солиқлар, шунингдек, божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари назарда тутилади.
Фармондаги «Навоий» ЭИЗ иштирокчиси мақомини олган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан солиқ тўловчининг ҳолатини ёмонлаштирадиган Ўзбекистон Республикасининг солиқ қонунчилиги ҳужжатлари қўлланилмайди, акциз солиғига тортиладиган товарларга солиқ солишни тартибга солувчи ҳужжатлар бундан мустасно эканлиги тўғрисидаги норма бекор қилинди.
Шунингдек, «Навоий» ЭИЗ дирекцияси» АЖ эркин иқтисодий зоналар фаолиятининг бутун даврида солиқлар тўлашдан озод этиш тўғрисидаги норма ҳам ўз кучини йўқотди.
- 15.07.2008й.даги ПҚ-916-сон қарор (https://lex.uz/ru/docs/1372342)га киритилган ўзгартиришларга кўра, илмий-тадқиқот муассасалари ва ташкилотларини қайта жиҳозлаш ва қўшимча (аввалги таҳрирда – тўлиқ) жиҳозлаш учун белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича модернизация қилиш доирасида олиб келинадиган ускуналар эндиликда қўшилган қиймат солиғига ҳам тортилади.
- 26.03.2012 й.даги ПҚ-1731-сон (https://lex.uz/ru/docs/1988186) қарорга киритилган ўзгартиришларга кўра, унинг иловасида келтирилган қонунчиликка мувофиқ экспорт қилувчи корхоналарга бериладиган солиқ имтиёзлари ва афзалликлари бекор қилинди.
Шунингдек, сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш, маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини сертификациядан ўтказиш, шунингдек лаборатория тестлари ва синовларини ўтказиш комплексларини харид қилишга йўналтириладиган маблағларга янги технологик ускуналарни сотиб олишда назарда тутилган ягона солиқ тўлови бўйича солиқ солинадиган базани камайтиришнинг амалдаги тартиби микрофирмалар ва кичик корхоналар учун тадбиқ этилиши тўғрисидаги норма бекор қилинди.
- 29.12.2015й.даги ПҚ-2460-сон қарорга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, 2021 йилнинг 1 январигача булган даврда:
наслдор чорвачилик субъектлари асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлашдан озод этилади.
"Ўззооветтаъминотхизмат" Республика бирлашмаси, наслдор чорвачилик субъектлари, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликлари, омухта ем, озуқа қўшимчалари, ветеринария вакциналари ва препаратлари ишлаб чиқарувчи хўжалик субъектлари белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича наслчилик материаллари, технологик ва ёрдамчи ускуналар, омухта ем ва озуқа қўшимчаларини ишлаб чиқариш учун компонентлар, шунингдек, фермер хўжаликлари ва бошқа ташкилотлар пайвандтаг, кўчат ва томчилатиб суғориш ускуналарини олиб киришда қўшилган қиймат солиғини тўлайдилар.
- 13.02.2017й.даги ПҚ-2772-сон қарорда келтирилган, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича 2017-2021 йилларда электротехника саноатини янада ривожлантириш ва диверсификациялаш бўйича чора-тадбирлар дастурига киритилган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида олиб келинадиган, республикада ишлаб чицарилмайдиган ускуналар, материаллар ва бутловчи буюмлар;
- 14.02.2017й.даги ПҚ-2776-сон қарор (https://lex.uz/docs/3121497)да келтирилган, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва эксплуатация қилиш ишлари учун олиб келинадиган ускуналар, хомашё ва материаллар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва узеллар.
- 11.09.2017й.даги ПҚ-3262-сон қарорда келтирилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган умумфойдаланиладиган йўлларни эксплуатация қилиш ва сақлаш, шунингдек, (хизматлар) қўшилган қиймат солиғи бўйича солиққа тортиш объекти ҳисобланмаслиги тўғрисидаги норма бекор қилинди.
«Ўзйўлкўкаламзорлаштириш» УК ва унинг таркибий бўлинмалари 2025 йилнинг 1 январигача декоратив ўсимликлар етиштириш учун кўчатхоналар банд қилган ер участкалари қисмида асосий фаолият бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинганлигига доир норма бекор қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 июндаги “Алоҳида солиқ ва божхона имтиёзларини бекор қилиш тўғрисида” (https://lex.uz/ru/pdfs/4861558) ПФ-6011 сон Фармонига биноан қуйидагилар қўшилган қиймат солиғига тортилади:
- 12.12.2017й.даги ПҚ-3327-сон қарорда келтирилган, 2023 йилнинг 1 январигача белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхатлар бўйича ташкилотлар томонидан олиб келинадиган наслли (маҳсулот) материаллар, асаларичилик соҳасида қўлланиладиган инвентарлар ва ускуналар, асалари уяларини ташиш учун махсус транспорт воситалари ва тиркамалар, асалари касалликлари ва зараркунандаларига қарши қўлланиладиган ветеринария дори воситалари ва препаратлар, асалари уялари ишлаб чиқариш учун ёғоч ва зарур материаллар, пенополиуретан, уларга ёрдамчи ускуналар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлари, мумлар ва мум маҳсулотлари,
- 2.12.2017й.даги ПҚ-3422-сон қарорда келтирилган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, транспорт-логистика хизматлари кўрсатишга мўлжалланган, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган омборхона ускуналари, юк ортиш-тушириш техникаси, агрегатлар, эҳтиёт қисмлар ва бошқа товарлар,
- 28.02.2018й.даги ПҚ-3573-сон қарорда келтирилган, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат асосида Ўзбекистон Республикасида етарли ҳажмларда ишлаб чиқарилмайдиган, виночилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун олиб келинадиган ва фойдаланиладиган материаллар, хом ашё, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва буюмлар,
- 3.05.2018й.даги ПҚ-3693-сон қарорда келтирилган, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича импорт қилинадиган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, республикада ишлаб чиқарилмайдиган хомашё, материаллар ва фурнитура,
- 6.11.2018й.даги ПҚ-4005-сон қарорда келтирилган, ўрнатилган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича балиқчилик хўжаликлари эҳтиёжи учун четдан келтирадиган омухта ем ва минерал ўғит (аммофос),
- 13.11.2018й.даги 4015-сон қарорда келтирилган, ўрнатилган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича паррандачилик хўжаликлари эҳтиёжи учун четдан келтирадиган парранда озуқа ва озуқа қўшимчалари, ветеринария препаратлари, диагностикумлар,
- 30.03.2017й.даги ПҚ-2860-сон (https://lex.uz/docs/3149689) қарорда келтирилган, кичик саноат зонасининг қатнашчилари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича, кичик саноат зонаси ҳудудида лойиҳаларни амалга ошириш доирасида ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ускуналар, хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар, шунингдек, металл конструкциялар ва қурилиш материаллари учун божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) тўлашдан озод қилиниши тўғрисидаги норма бекор қилинди.
- 21.02.2008й.даги ПҚ-800-сон (https://lex.uz/docs/1318290) қарорда келтирилган, «Женерал Моторс Ўзбекистон» ёпиқ акциядорлик жамияти расмий дилерларининг автомобилларни таъмирлаш ва уларга сервис хизматлари кўрсатиш, жумладан ушбу хизматларни кўрсатиш вақтида ўрнатиладиган эҳтиёт қисмлар, узеллар, агрегатлар ва материалларнинг нархлари, шунингдек эҳтиёт қисмлар, узеллар, агрегатлар ва материалларни уларнинг савдо тармоқлари орқали сотиш қўшилган қиймат солиғисиз амалга оширилиши тўғрисидаги норма бекор қилинди.
Фармон 2020 йил 1 октябрдан бошлаб кучга киради.