Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!”
2618
Давлат божхона қўмитасида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 27 йиллиги байрамига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
“Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!”

Унда қўмита марказий аппарат шахсий таркиби, шунингдек Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти божхона бошқармалари, Олий ҳарбий божхона институти, Миллий кинология маркази, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси вакиллари, божхона фахрийлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок қилди.

Тантанали тадбир давлатимиз мадҳияси садолари остида бошланди.

Йиғилганларни байрам билан қутлар экан, Давлат божхона қўмитаси Раиси М.Азимов жонажон Ватанимиз миллий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйиб, барча соҳа ва тармоқларда демократик янгиланиш жараёнлари амалга оширилаётган бугунги кунда биз учун бебаҳо неъмат бўлган мустақилликнинг қадр-қиммати ва аҳамияти тобора ортиб бораётганини таъкидлади.

Дарҳақиқат, шу кунларда юртимиз бўйлаб барча гўшаларда энг улуғ, энг азиз айёмимиз – мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма етти йиллиги “Азиз       ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида кенг нишонланмоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 28 июндаги «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорларида, таъкидланганидек, ўтган давр биз учун ғоят муҳим бир ҳақиқатни такрор ва такрор тасдиқлаб бермоқда. Эркин ва фаровон ҳаётимизни, буюк келажагимизни фақат мустақиллик асосида қуришимиз, одамларимиз, эл-юртимизни фақат мустақил сиёсат асосида рози қилишимиз мумкин. Фақат мустақиллик бугунги ва келгуси авлодлар учун мисли кўрилмаган имкониятлар очиб беради.

Халқимизнинг асрий орзуси бўлган мустақиллик Ватанимизнинг неча минг йиллик тарихида мутлақо янги саҳифа очди, мамлакатимизни халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айлантирди.

Йигирма етти йил тарих мезонлари билан ўлчанганда ғоят қисқа давр. Янгиланиш ва юксалиш босқичи бўлган бу даврда бунёдкорлик ишларининг салмоғи, қўлга киритилган юксак марралар билан ўлчанадиган бўлса, барча соҳаларда жуда катта, кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигига гувоҳ бўламиз.

Хусусан, давлат божхона хизмати органлари фаолиятида ҳам мустақилликнинг йигирма еттинчи йили туб бурилиш палласи, улкан ўзгаришлар даври сифатида тарихга кирмоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори  умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартлар асосида божхона органлари фаолиятини ҳамда божхона маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, тадбиркорлик ва туризмни фаол ва жадал ривожлантириш учун кулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилмоқда.

Шу мақсадда сўнгги 4 ой давомида божхона органларининг барча даражадаги тузилмалари вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш ҳамда тақсимлаш, шунингдек, божхона органлари марказий ва ҳудудий маҳкамаларининг самарали фаолият кўрсатишини ташкил қилиш, божхона органлари тизимида коррупция кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш, халқнинг ишончини мустаҳкамлаш ва давлат божхона хизмати обрўсини ошириш, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантириш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар ва лойиҳалар ишлаб чиқилиб, амалиётга тадбиқ қилинмоқда.

Биргина, божхона органларида тадбиркорлар учун 1 сентябрдан бошлаб, жорий қилинаётган “Хавфни бошқариш тизими” давлат божхона хизмати органлари фаолиятида бутунлай янги бир даврни бошлаб бериши, шубҳасиз.

Ушбу тизим ташқи иқтисодий фаолият соҳасида давлат хизматларининг шаффофлигини таъминлаш, мамлакатда инвестиция ва экспорт салоҳиятини оширишда энг муҳим янгиликка айланади.

Божхона ходимларининг меҳнати давлатимиз томонидан ҳамиша муносиб тақдирланиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёенинг “Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида” 2018 йил 28 августдаги Фармони билан бир гуруҳ божхона ходимлари ҳам давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланишди.

Хусусан,  Давлат божхона қўмитаси Ўз хавфсизлик бошқармасининг профилактика ва тезкор бўлими бошлиғи Туйчиев Улугбек Равшанбоевич “Содиқ хизматлари учун” медали билан ҳамда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Божхона тўловлари бўлими бошлиғи Салимжонов Нодирбек Рахимжонович “Шуҳрат” медали билан тақдирланишди.

Шунингдек, қўмита буйруғига биноан тизимда узоқ йиллар ўрнак кўрсатиб хизмат қилган божхона фахрийлари, айни пайтда хизмат вазифаларига виждонан ёндошиб меҳнат қилаётган бир гуруҳ божхоначилар ҳам тақдирланишди. Бир қатор ходимларга эса навбатдаги махсус унвонлар топширилди.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

30.08.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг