Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тадбиркорлик фаолияти ривожланиши йўлида божхона имтиёзларининг аҳамияти
1280
Барчамизга маълумки бугунги кунга келиб коронавирус пандемияси бутун дунёга кенг тарқалиб, кўплаб мамлакатлар иқтисодиётига, қолаверса инсонлар ҳаётига жиддий талофат етказди.
Тадбиркорлик фаолияти ривожланиши йўлида божхона имтиёзларининг аҳамияти

Бундай синовли дамларда мамлакатимизда ҳам аҳоли саломатлигини асраб-авайлаш, пандемиянинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш ҳамда тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Пандемия даврида аҳоли ва тадбиркорларга бевосита божхона соҳасида имтиёз ва қулайликлар берувчи бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлиги ҳам фикримизнинг яққол исботидир.

Қуйида ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда уларда божхона соҳасига оид имтиёзлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчимиз.

Хусусан, Президентимизнинг 2020 йил 27 мартдаги “Аҳолининг дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника ва энг зарур товарларга бўлган эҳтиёжини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-4662-сон Қарорига асосан, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартибнинг амал қилиш даврида тасдиқланган рўйхат бўйича олиб кириладиган дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника, уларни ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган хом ашёлар божхона божидан озод этилди. Шунингдек, коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича Республика махсус комиссиясига айрим турдаги энг зарур товарлар рўйхатини шакллантириш ва уларни импорт қилишда уч ойгача бўлган муддатга божхона божи ва акциз солиғи ставкаларини “0” фоизгача камайтириш ҳуқуқи берилди.

Бундан ташқари, Президентимизнинг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча
чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5978-сон Фармони билан коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича тиббиёт ва карантин муассасалари қурилиши учун зарур бўлган қурилиш материаллари, шунингдек, улар фаолият кўрсатиши учун зарур товарлар 2020 йил охиригача  божхона тўловларидан озод этилди.

Қайд этиш лозимки, пандемия шароитида мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳам ғоят муҳим вазифа ҳисобланади. Шу боисдан фармонда ушбу жиҳатга ҳам алоҳида эътибор берилиб, балиқ, парранда тухумлари, буғдой уни, шакар каби 13 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда 7 турдаги гигиеник воситалар импортида жорий йил охирига қадар божхона божи ва акциз солиғидан имтиёзлар берилди.

Аниқ рақамларга тўхталиб ўтадиган бўлсак, бугунги кунга қадар Навоий вилоятига импорт қилинган товарларга нисбатан ушбу фармон асосида 50 млн сўмдан ортиқ имтиёзлар қўлланилди.

Барчамизга маълумки пандемия даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг тўлов қобилияти бирмунча сустлашди. Шу мақсадда уларга тижорат банклари томонидан кредит таътиллари бериш тартиби жорий этилган эди. Эндиликда ушбу тажриба божхона тўловларини тўлаш борасида ҳам амалиётга тадбиқ этилди.

Яъни, Президентимизнинг 2020 йил 18 майдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5996-сон Фармонига асосан, тадбиркорларга товарлар (ишлар, хизматлар) импортида қўшилган қиймат солиғини 120 кунгача кечиктириб тўлаш ҳуқуқи берилди.

Бундан ташқари, божхона органларига мурожаат қилган кунгача бир йилдан кам бўлмаган даврда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошираётган микрофирма ва кичик корхоналарга товарларни (истеъмол товарларидан ташқари) олиб киришда ундириладиган божхона божи ва акциз солиғини тўлаш муддатини 2020 йил 1 июлгача кечиктириш ҳуқуқи берилди. Бунда тадбиркор кечиктирилган суммани кейинчалик 120 кун мобайнида тенг улушларда тўлаш имконига эга бўлади.

Бугунги кунга қадар Навоий вилоятида ушбу Фармон ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 февралдаги 76-сонли қарорига мувофиқ импортёр корхоналарга жами 8 млрд. сўмдан ортиқ божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имконияти берилди.

Энди эътиборингизни пандемия шароитидаги яна бир муҳим жиҳатга қаратиб ўтмоқчимиз. Маълумки мамлакатимизда карантин ҳолати эълон қилинган 16 март санасидан эътиборан республикамизнинг барча чегара божхона постлари бўйлаб жисмоний шахслар ҳаракати чекланган эди. Бироқ, ушбу чекловлар ташқи савдо юклари ва уларни ташийдиган транспорт васиталари ҳайдовчиларига нисбатан тадбиқ этилмади. Яъни, ҳозирда товарларни экспорт қилиш ёки чет давлатлардан маҳсулот импорт қилиш борасида ҳеч қандай чекловлар йўқ. Бу каби чора-тадбирлар эса вилоятнинг экспорт салоҳиятини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Масалан, 2020 йилнинг ўтган 5 ойи давомида вилоятда рўйхатдан ўтган корхоналар  томонидан 159,3 млн. АҚШ долларига тенг маҳсулотлар экспорт қилинган ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври (2019 й. - 147,3 млн. долл.) билан солиштирганда 12 млн АҚШ доллари ёки 8,1 фоизга ошганлигини кўришимиз мумкин.

Мазкур даврда Навоийдан жами  27 та давлатларга товарлар юборилиб, экспорт ҳажмининг асосий қисми Франция (71 млн. долл.), Канада (23,3 млн. долл.), Қирғизистон (17,5 млн. долл.), Россия (14,7 млн. долл.), Хитой (12,8 млн. долл.), Туркманистон (6,9 млн. долл.), Туркия (5,8 млн. долл. )каби давлатлар ҳиссасига тўғри келган.

Шунингдек, жорий йилнинг январь-май ойлари давомида экспорт фаолияти билан шуғулланган ТИФ қатнашчиларининг сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12 тага ошиб 105 тани ташкил этди.

Ўз навбатида, мазкур даврда тадбиркорлар томонидан импорт қилинган товарларга нисбатан 403 млрд сўмдан ортиқ имтиёзлар қўлланилди. Имтиёз қўлланилиши натижасида тежалган маблағлар эса тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда янги иш ўринларини яратишга сарфланмоқда.

Қайд этиш жоизки, пандемия даврида товарларни экспорт-импорт қилиш билан боғлиқ саволларга тезкорлик билан жавоб бериш, бу борада тадбиркорлар билан масофадан турган ҳолда мулоқотни давом эттириш ва уларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш мақсадида Навоий вилояти божхона бошқармасида куну-тун иш олиб борувчи “Call center” (тел: 79-222-02-33) фаолияти йўлга қўйилди.

Шу муносабат билан, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, тадбиркорлик ҳамда кенг жамоатчилик вакилларида божхона соҳасига оид ҳар қандай савол ёки тушунмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда “Call center”га, шунингдек 79-223-08-65 рақамли ишонч телефонларига мурожаат этишлари мумкинлигини маълум қиламиз.

 

 

 

20.06.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг