Мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши кураш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5729-сон Фармонига асосан 2019-2020 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш давлат дастури тасдиқланди.
Бугунги кунда ҳам ушбу дастур ижроси коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ҳамда тегишли давлат ташкилотлари томонидан амалга ошириб келинмоқда. Бироқ, бу каби иллатларга қарши самарали кураш учун аввало жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият юксалиши, ҳар бир шахс ўзида коррупцияга қарши иммунитетни шакллантириши лозим.
Бу жиноятга қарши курашда жамоатчилик иштироки жуда зарур. Чунки жамоатчилик назорати кўп холларда ижобий натижа бериб, бу жиноятни камайтиришга эришишда муҳим омил бўлади.
Бу борада, Наманган вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳам жорий йилнинг ўтган даври мобайнида тизимли ишлар амалга оширилди. Жумладан, ўтказилаётган профилактик учрашувларда коррупцияга қарши курашишда жамоатчиликни ўрни катта эканлиги ва бу борада фуқароларимизнинг фаоллиги жуда ҳам зарурлиги буклет, флаер ва бошқа тарқатма материаллар орқали тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Коррупцияга қарши курашишда доимо огоҳ бўлиб, ҳар бир давлат хизматчиси ёки ҳар бир фуқаро ўз ишига виждонан ёндашса, коррупциянинг аянчли оқибатларини тушунса, бу жиноятни камайишига албатта эришамиз.
Шу ўринда божхона қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли ва Наманган вилоят божхона бошқармасининг (69)234-33-01 “Ишонч телефон” рақамларинга қўнғироқ қилишингиз мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
20.06.2020