Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида барча карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда вилоятдаги мавжуд экспортёр корхоналарга борилиб, тадбиркорларга яқиндан амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Хусусан куни-кеча Қарши шаҳрида фаолият юритаётган “Cotton Road” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонасига ташриф ташкил этилди ва корхона вакилларига божхонада яратилган қулайликлар, хусусан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.
Замонавий технологиялар билан жиҳозланган мазкур корхона 100 фоиз пахта толасидан тайёрланган табиий газламалардан кийим-кечак маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Мазкур корхона томонидан Хитой ҳамда Ҳиндистон давлатидан олиб келинган 65 минг АҚШ доллари қийматидаги асбоб-ускуна учун 119 миллион сўмдан зиёд божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган. Бунинг натижасида корхона фаолиятини янада кенгайтиришга, шунингдек янги ишчи ўринларини яратишга эришилган. Қувонарлиси, воҳамизда ишлаб чиқарилган ўзимизнинг тайёр маҳсулотларимиз чет давлатларидан Россия, Беларусь, Литва ҳамда Украина давлатларига экспорт қилинишига эришилмоқда. Мазкур корхона томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 426 минг АҚШ долларлик тайёр кийим-кечак маҳсулотлари экспортга юборилди.
Вилоятнинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек корхона томонидан тайёрланган маҳсулотларни тезкорлик билан экспортга жўнатиш мақсадида божхона расмийлаштируви қисқа фурсатларда амалга оширилмоқда.
20.06.2020