Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Истиқлол бу – эркинлик, бу – тинчлик ва тотувлик демакдир!
2838
Мамлакатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, республикамизнинг барча ҳудудларида “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” деб номланган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маърифий тадбирлар бошлаб юборилди.
Истиқлол бу – эркинлик, бу – тинчлик ва тотувлик демакдир!

Шундай тадбирлардан бири Самарқанд вилояти божхона бошқармасида ташкил этилди.

Тадбирни кириш сўзи билан очган Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Ш.Салихов йиғилганларни байрам билан муборакбод этиш баробарида юртимизда ўтган давр мобайнида эришилган ютуқлар тўғрисида тўхталиб ўтди.

Қайд этилганидек, дунёда байрамлар кўп, лекин ҳар бир халқ учун муқаддас байрам – бу албатта, мустақиллик кунидир. Бу кунда ўзимиздаги чексиз имконият, салоҳият ва бунёдкорликни янада теранроқ ҳис этамиз.

27 йил ўтган мана шу давр Ўзбекистон тарихида тинчлик ва осойишталик, дастурхонлар тўкинлиги, оилалар файзу баракаси, байрамлар, тўй-тантаналарга бой бўлганлиги билан эсда қоларли бўлди. Барча соҳалар каби божхона тизимида ҳам бўлаётган ислоҳотлар ва эришилаётган улкан муваффақиятлар, инсон қадр-қимматини улуғлаш мақсадида халқимизга яратилаётган зарур шарт-шароитлар шу юртда истиқомат қилаётган ёш-у қарини бирдек руҳлантирмоқда. Уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаб, фаровон ҳаёт сари дадил қадам ташлашга ундаяпти.

Байрам тадбири арафасида хизмат вазифаларига виждонан ёндошиб, фидойилик ҳамда алоҳида ўрнак билан хизмат кўрсатиб келаётган бир гуруҳ ходимлар “Фахрий ёрлиқ” билан тақдирландилар. Шу билан бирга божхона ходимларига махсус унвонлар ҳам топширилди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон божхона хизмати фахрийлари уюшмасининг Самарқанд вилоят бўлими раиси Фарҳод Мукумов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Фахрийлар уюшмаси томонидан тақдим этилган кўкрак нишони ва фахрий ёрлиғини тантанали равишда божхона фахрийлари А.Нурмонов ва М.Камоловларга топширди.

Байрам шукуҳи вилоят бўйлаб давом этмоқда.

Самарқанд вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

30.08.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг