Аммо, Марказий Осиё давлатлари ичида мана шундай вазиятда ҳам оқилона сиёсат юритиб, экспорт чекловларини қўлламаган ягона давлат – Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари учун кенг имкониятлар яратмоқда.
Бунинг ёрқин далили сифатида тадбиркорларнинг чинакам кўмакчилари, мамлакат иқтисодиётининг посбонлари – Давлат божхона хизмати ходимлари кун-у тун давлатимиз иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, халқимизни етарли озиқ-овқат ва барча турдаги маҳсулотлар билан таъминлаш, шу билан бирга, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида ўз фаолиятларини олиб бормоқда.
Божхона органлари фаолиятини такомиллаштириш ва янги босқичга олиб чиқиш бугунги кун талаби демакдир. Зеро, ҳар бир ривожланаётган ва барқарор иқтисодиётни йўлга қўйишни истаган давлат ўз хизматлари сифатини ошириш, харажатларни камайтириш ва вақтни тежаш мақсадида хизматларни автоматлаштиришни, инсон факторини камайтириб коррупция иллатини йўқотишни мақсад этиб белгилайди.
Бу борада сўнгги йилларда мамлакатимизда божхона органлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг самарадорлигини ошириш ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали божхона тартиботларини янада соддалаштириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Жумладан, божхона чегараси орқали олиб кирилаётган товар ва транспорт воситаларини “ялпи” божхона назоратидан ўтказиш тартиби бекор қилиниб, уларни танлов асосида божхона назоратидан ўтказишни назарда тутувчи “тўрт йўлакли” хавфларни бошқариш тизими жорий этилди, ҳалол ва божхона қоидаларига риоя этувчи ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини рағбатлантириш ва уларга қулайликлар яратиш мақсадида ваколатли иқтисодий операторлар институти жорий этилди, бундан ташқари, чегара божхона постларини сўнги русумдаги замонавий инспекцион-кўрик мажмуалари билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий таянчи ҳисобланмиш божхона хизматини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июнь куни “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6005-сон Фармони имзоланди. Ушбу Фармон том маънода божхона органлари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш ва божхона хизматида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишда асосий дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Фармонда “2020-2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш Концепцияси” ўз аксини топган бўлиб, ушбу Концепция Жаҳон божхона ташкилотининг божхона хизматларини такомиллаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш борасидаги тавсиялари ва ривожланган мамлакатларнинг божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш тажрибасига асосланган ёндашувларни ўз ичига олган.
Ушбу Концепцияга биноан 2020-2023 йилларда божхона органлари фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари сифатида божхонага оид норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, мавжуд куч ва воситалардан самарали фойдаланиш натижасида божхона органлари фаолияти ва инфратузилмасининг институционал асосларини ривожлантириш, рақамли божхонани ташкил этиш орқали божхона органлари фаолиятининг шаффофлигини ошириш, божхона органларининг фискал функциясини такомиллаштириш ва ТИФни тариф ва нотариф жиҳатдан тартибга солишни соддалаштириш, контрабанда ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига қарши курашиш, етук мутахассислик сифатларига эга божхона органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакаси ва маҳоратини янада ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар божхона хизматлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш этиб белгиланди ва бу борада бир қатор амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ўз аксини топган.
Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш борасидаги бу Фармоннинг 2-иловасида 2020-2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш Концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” келтирилган бўлиб, божхона органларини ривожлантириш мақсадида аниқ ва мақсадли чора-тадбирлар белгиланган. Жумладан, тадбиркорларга қулай шарт-шароит яратиш ва уларнинг вақтларини тежаш мақсадида божхона юк декларациясини расмийлаштириш вақти хавф даражасидан келиб чиқиб, 3 кундан 1 кунгача қисқартирилишини назарда тутувчи тартиб жорий этилиши, Давлат божхона қўмитасининг хавфларни бошқариш тизимини автомобиль, темир йўл ва авиа чегара божхона постларида босқичма-босқич жорий этиш, “BOJXONA АUDITI”,“E-TRANZIT”, хавф даражаси паст бўлган БЮДни автоматик равишда божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тизимини босқичма-босқич амалиётга киритишни назарда тутувчи “AVTOMATLASHTIRILGAN TARZDA CHIQARIB YUBORISH”, автоматлаштирилган ахборот тизимларини, божхона органлари ва ТИФ иштирокчилари ўртасида электрон ҳужжатлар ва маълумотларни электрон шаклда алмашиш имкониятини берувчи “TIF QATNASHCHISINING SHAXSIY KABINETI” ахборот платформасини ҳамда божхона режимлари кесимида ТИФ иштирокчиларининг вақт ва молиявий харажатларини кўрсатиб берувчи ТИФнинг барча тартиботларини босқичма-босқич назарда тутувчи “TIF BOSQICHMA-BOSQICH” ахборот платформасини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, контрабанда ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига қарши курашиш тадбирлари ҳамда божхона соҳасига оид халқаро шартномаларнинг миллий қонунчилигимизга имплементация қилиниши борасидаги бир қатор устувор вазифалар белгиланган.
Барча соҳалардаги каби божхона соҳасининг ҳам ривожланишида кадрлар ва соҳа фаолиятидаги илм-фаннинг юксалиши асосий аҳамият касб этади. Ушбу йўналишдаги илм-фан соҳасини ривожлантириш ва илмий тадқиқот натижаларидан бўлажак божхона органлари ходимларини тайёрлаш, ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш давомида кенг фойдаланиш ва Божхона институтининг “Божхона иши” бакалавриат таълим йўналишини Жаҳон божхона ташкилотининг PICARD (Божхона академик тадқиқотлари ва ривожланиш соҳасида ҳамкорлик) дастурининг профессионал стандартларига мувофиқ аккредитациядан ўтказиш, олий ўқув юртидан кейинги таълим тизими (таянч докторантура ва мустақил тадқиқот институти)ни ташкил этиш, институт ўқув жараёнига хорижий мутахассисларни жалб этиш назарда тутилган.
Шу билан бир қаторда, божхона ходимларини рағбатлантириш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида божхона органларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан божхона органлари ходимлари учун турар жойлар олишда ёрдам кўрсатиш назарда тутилган.
Божхона органлари тизимини чуқур ислоҳ қилишни ўзида акс эттирган ушбу Фармон божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилишда ва тизим фаолиятида янги замонавий технологиялардан фойдаланиб самарали божхона хизматини ташкил этишда асосий дастурул-амал бўлиб хизмат қилади. Ушбу Фармонда келтирилган Концепцияда назарда тутилган вазифаларни амалга ошириш натижасида Давлат бюджетига божхона тўловлари тушумини ҳар йили 25% га ошириш, асосий чегара ўтказиш пунктлари, уларга туташ бўлган ҳудудларни кенгайтириш ва модернизациялаш ҳисобига божхона постларининг ўтказувчанлик имкониятини 3 баробарга ошириш, расмийлаштирув учун сарфланадиган вақтни экспортда 5 баробарга ва импортда 2 баробарга қисқартириш, расмийлаштирув жараёнида инсон омилини камайтириш, мамлакатнинг туризм ва инвестицион жозибадорлигини ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш, импортни оптималлаштириш,замонавий технологиялар ёрдамида божхона расмийлаштируви ва назоратини янада соддалаштириш, юртимизни халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллашига ҳисса қўшиш асосий мақсад этиб белгиланди.
Бундай давлат миқёсидаги улкан ислоҳотлар–мамлакатимизда барқарор иқтисодиётни йўлга қўйиш ва бевосита ташқи савдода муҳим рол ўйновчи божхона хизмати фаолиятини такомиллаштириш бугунги шароитда ҳар қачонгидан муҳим омилдир.
А.Суюнов, З.Ўралова
Божхона институти
20.06.2020