Пандемия даврида иқтисодиёт тармоқлари фаолияти ва экспорт кўрсаткичлари барқарорлигини таъминлаш борасида вилоят божхоначилари томонидан ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, йил бошидан буён Андижон вилоятида божхоначилар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг қиймати салкам 180 млн. АҚШ долларини ташкил қилувчи 63 минг тонна товарларини экспорт божхона режимига расмийлаштиришди.
Вилоятда “Made in Uzbekistan” ёрлиғи остида ишлаб чиқарилган товарлар бугун дунёнинг 30 дан ортиқ давлатларига етиб бормоқда.
Юртимизда коронавирусга қарши кучайтирилган тартиб эълон қилинган - 16 март санасидан бери эса Андижонда салкам 90 млн. долларлик 36,5 минг тонна товарлар экспорт божхона режимига расмийлаштирилди.
Аслида бу рақамларни оғизда айтиш осон. Аммо, унинг замирида пандемия даврида тадбиркорларнинг ҳам, уларга кўмакчи бўлаётган давлат идоралари, шу жумладан, божхона органларининг ҳам машаққатли меҳнати мужассам эканлиги ҳеч кимга сир эмас.
Экспорт қилинган товарлар таркибида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг улуши тобора ортиб бормоқда. Йил бошидан буён вилоятда етиштирилган қиймати 12,2 млн. АҚШ долларини ташкил қилувчи 24 минг тоннадан ортиқ мева-сабзавотлар четга экспорт қилинди.
Айнан пандемия даврида бу кўрсаткич 17 минг тоннадан ошиб, экспорт қилинган мева-сабзавотларнинг умумий қиймати 9,6 млн. АҚШ долларини ташкил қилди.
Тобора агросаноатнинг локомотивига айланиб бораётган кластерлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортида ҳам етакчиликни қўлга олмоқда. Мева-сабзавотларни етиштиришдан тортиб, уларни қайта ишлаш ва экспорт қилишгача бўлган барча жараёнларнинг ягона тизимга солингани сифат ва самарадорлик ошишига хизмат қилмоқда. Бу жараёнда эса давлат божхона хизмати органлари ҳам экспортёрларнинг яқин кўмакчисига айланиб улгурди.
Хўжаобод туманидаги “Навигул” масъулияти чекланган жамиятида мева-сабзавотларни экишдан тортиб, уларни парваришлаш, етиштириш, тайёр ҳосилни қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт қилиш каби барча жараёнлар узлуксиз амалга оширилмоқда. Бу жараёнда четдан келтирилган замонавий асбоб-ускуналар, технологиялар учун божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган.
Туркиядан келтирилган, қиймати 2 млн. АҚШ долларидан ортиқ суғориш технологиялари юзлаб гектар майдондаги боғларни томчилатиб, қисқа муддатларда суғориш ва назорат қилиш имконини беради. Энг муҳими, буларнинг барини атиги 3-4 нафар агротехниклар амалга оширишади.
Рақамларга мурожаат қилсак, 2020 йилнинг ўтган 5 ойи давомида “Навигул” маъсулияти чеклаган жамияти далаларида етиштирилган булғор қалампиридан тайёрланган қиймати 65,4 минг АҚШ долларини ташкил қилувчи 16 тоннадан ортиқ зираворлар хорижга экспорт қилинди.
Вилоятда юк автотранспорт воситаси орқали четга экспорт қилинадиган товарларнинг асосий қисми “Дўстлик” чегара-божхона пости орқали хорижга қараб йўл олади. Пандемия даврида мазкур постда хизмат олиб бораётган ходимларнинг зиммасидаги масъулият янада ортди. Чунки, карантин чекловларига қарамай, пост орқали экспорт-импорт тартибдаги товарлар ортилган юк автотранспорт воситаларининг ҳаракати узлуксиз давом этди.
Жумладан, 2020 йилнинг 23 мартидан 10 июнига қадар пост орқали ҳаракатланган 9,5 мингга яқин юк автотранспорт воситалари тезкорлик билан божхона кўригидан ўтказилди.
Постда юк автотранспорт воситаларининг божхона назорати учун ўртача 15 дақиқа сарфланмоқда.
Президентимизнинг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган Йўл харитасига мувофиқ мазкур постга туташ ҳудудда ҳам замонавий божхона терминали бунёд этилади. Натижада, божхона постининг ўтказувчанлик салоҳияти ҳозир кунига ўртача 200-250 та юк автотранспорт воситасини ташкил қилса, келгусида бу кўрсаткич 380 тагача етади.
Андижонда экспортёр корхоналар ҳақида сўз кетар экан, тўқимачилик корхоналарини тилга олмай илож йўқ.
Хўжаобод туманидаги тўқимачилик корхонасида ҳам тола шу ернинг ўзида қайта ишланади, ундан олинган ип-калава асосида мато тайёрланади. Карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда корхонада иш фаолияти узлуксиз олиб борилмоқда. 2020 йилнинг ўтган 5 ойи давомида бу ерда ишлаб чиқарилган 1,7 млн. долларлик 275 тонна маҳсулотлар хорижга экспорт қилинди.
Мазкур корхонага тегишли юкларнинг божхона назорати ва расмийлаштируви “Андижон” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости томонидан амалга оширилади. Мазкур пост ходимлари йил бошидан буён тадбиркорларнинг 106 млн. долларлик товарларини экспорт божхона режимига расмийлаштиришди. Ваҳоланки, ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 27 млн. долларни ташкил қилган эди.
Карантин даврида ҳам иш фаолияти жадал давом этиб, экспортга чиқарилган 18 минг тоннадан ортиқ товарларнинг божхона расмийлаштируви амалга оширилди.
Қўрғонтепа туманида клaстерлик тизими асосида ишни йўлга қўйган “Хантекс груп” МЧЖда ҳам ҳадемай чигитни ерга қадашдан тортиб, тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришгача бўлган барча жараёнлар қамраб олинади.
Корхонага четдан келтирилган 20,5 млн. долларлик технологиялар учун божхона тўловларидан 33.5 млрд. сўмлик имтиёзларнинг қўлланилгани тадбиркорга ҳам мадад, ҳам рағбат бўлиб хизмат қилади.
Йил бошидан буён бу ерда ишлаб чиқарилган 2,4 млн. долларлик 1100 тонна тўқимачилик маҳсулотлари Туркия, Чехия. Польша, Хитой, Россия, Эрон каби давлатларга экспорт қилинди.
Бугун божхонада жорий қилинаётган ўзгаришлар, қулайликлар ва енгилликларнинг замирида ҳам аслида тадбиркорнинг вақтини, харажатларини тежаш бош мезон ҳисобланади.
18.06.2020