Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупция – бутун инсоният келажагига таҳдид
1539
Тарихга назар солсак, тараққиётнинг ҳар бир босқичида инсоният у ёки бу турдаги кулфатларга дучор бўлганлигини кўришимиз мумкин.

Масалан, ўзбек халқининг буюк адиби Ўткир Ҳошимов таъбири билан айтганда, йигирманчи асрда сил, безгак, чечак каби бедаво дардларга шифо топилди ва миллионлаб инсонлар ҳаёти сақлаб қолинди. Йигирманчи асрда “спид” деган бедаво дард пайдо бўлди ва миллионлаб инсонлар ҳаёти хавф остида қолди.

Йигирманчи асрда даҳрийлар тузуми барҳам топди ва миллионлаб инсонлар иймон сари юз тутди. Йигирманчи асрда диний экстремизм авж олди ва миллионлаб инсонлар ҳаётига қутқу солди.

Йигирманчи асрда мустамлакачиликка чек қўйилди ва миллионлаб инсонлар ҳурликка чиқди. Йигирманчи асрда фашизм ва тоталитаризм авж олди.

Йигирманчи асрда самовий кемалар яратилди ва инсон қадами Ойга етди. Йигирманчи асрда миллионлаб инсонларни қириб ташловчи ядро қуроли ўйлаб топилди ва синовдан “муваффақият билан” ўтди…

Бу фикрларни янги учинчи мингйиллик борасида ҳам давом эттириш мумкин. Зеро, йигирма биринчи асрда водород ёнилғисида ҳаракатланувчи автомобиллар, сунъий интеллект, нанотехнологиялар, робототехника каби инсон ақлини шошириб қўядиган кашфиётлар қилинди. Афсуски бу даврда “Covid-19” номли тождор вирус бутун дунё бўйлаб тарқалиб, юз минглаб инсонлар умрига зомин бўлди.

Бироқ жамиятда шундай иллатлар борки, улардан кўриладиган моддий ва маънавий зарар миқдорининг бошқа кулфатлар билан солиштириб бўлмайди. Коррупцияни ҳам шундай иллатлар сирасига киритиш мумкин.

Чунки, у кенг қулоч ёзган жойда иқтисод издан чиқади, маънавий қадриятлар ўз аҳамиятини йўқотиб, инсон шаъни ва қадр-қиммати топталади.   

Шу боисдан, коррупцияга қарши кураш борасида мамлакатимизда ҳам бир қатор ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда. Масалан, 2008 йилда БМТнинг Коррупцияга қарши кураш конвенциясига, 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши курашишнинг Истанбул режасига аъзо бўлиниб, 2017 йилда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.      

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5729-сон Фармонига асосан, 2019−2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури ва Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг янгиланган таркиби тасдиқланди.

Бироқ, бу каби меъёрий-ҳужжатлар ҳаётда ўз аксини топиши учун, аввало жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш лозим.

Шундай экан, бу жараёнда ҳар бир шахс ўзида коррупцияга қарши иммунитетни шакллантириши, таъбир жоиз бўлса “ҳалоллик вакцинаси” билан ҳимояланиши зарур.

Унутманг, ватанимизнинг эртанги келажаги учун барчамиз бирдек масъулмиз!

17.06.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг