Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупцияга қарши тизимли курашиш — пировард вазифа
1453
Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш борасида республика миқёсида, шу жумладан божхона органларида ҳам кенг кўламли мақсадли тадбирлар олиб борилмоқда.

Хусусан, божхона тизимида Давлат божхона қўмитаси Коррупцияга қарши кураш ва ўз хавфсизлиги бошқармаси томонидан бошқа тузилмалар билан ҳамкорликда коррупциявий жиноятларни аниқлаш ва фош этиш ҳамда жиноят учун жазо муқаррарлигини таъминлаш, коррупциявий ножўя ишларни профилактика қилиш йўналишида мунтазам ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бир қаторда, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш, шунингдек, коррупциявий қилмишларни келтириб чиқарувчи омилларни, шарт-шароитларни бартараф этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш масаласи ўз ичига – олдини олиш, аниқлаш, фош этиш ва чек қўйиш каби вазифаларни қамраб олади. Маълумки, бу борада энг самарали ва таъсирчан усул “олдини олиш” ҳисобланиб, у орқали коррупциявий қилмишларни аниқлашга қаратилган куч, восита ва молиявий ресурсларни тежаш ҳамда етказилиши мумкин бўлган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий зарарларнинг олдини олишга эришилади.

Шу билан бир қаторда, коррупциявий қилмишларнинг олдини олиш ва профилактика қилишда бу каби ҳолатларни келтириб чиқарувчи омиллар, шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этишга алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлади.

Бугунги кунда божхона ходимлари учун эргономика талабларига риоя этиш, иш шароитларини яхшилаш бўйича янги замонавий бино ва иншоотлар қурилмоқда.

Шу жумладан, ходимларни қулай хизмат олиб боришлари учун танлов асосида янги русумдаги ихчам, экологик талабларга жавоб берувчи формали кийим-бош тайёрланиб, ҳар бир хизматчи бу каби махсус мундирлар билан таъминланмоқда.

Шуни қайд этиб ўтиш лозимки, божхона ходимларини божхона постларига қатнаб ишлашлари учун ҳар бир божхона пости хизмат автоулови ҳамда уларни доимий равишда соз ва шай ҳолатда бўлиши учун зарур ёқилғи ва бошқа эҳтиёт қисмлари билан таъминланган.

Айни пайтда, ҳудудий бошқармалардан олисда жойлашган божхона постларида хизмат олиб борувчи ходимлар учун хизмат уйлари қуриб бериш ишлари узлуксиз давом эттирилмоқда.

Шу билан бирга, хизматда алоҳида ютуқларга эришган ва намунали ходим сифатида ўрнак бўлган ёш божхоначиларга ДБҚ Раисининг тавсиясига кўра, “Ёшлар иттифоқи”нинг кўп қаватли уйларидаги квартиралардан имтиёзли кредит асосида олинишида амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 31 октябрдаги “Судьяларга, Суд органлари ходимларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб Палатаси, Прокуратура органлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Давлат солиқ хизмати ва Давлат божхона хизмати органлари ходимларига имтиёзли шартларда уй-жой сотиб олишга узоқ муддатли ипотека кредитлари бериш тартиби тўғрисидаги Низомни ҳамда Судьяларга, Суд органлари ходимларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб Палатаси, Прокуратура органлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Давлат солиқ хизмати ва Давлат божхона хизмати органлари ходимларига уй-жойларни ижарага олганлик (ижарага турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида” Қарори билан божхона ходимларига уй-жой сотиб олишга узоқ муддатли ипотека кредитларини олишда кўмаклашилмоқда ҳамда уларга уй-жойларни ижарага олганлик (ижарага турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаб берилмоқда.

Бу борада, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 5 июнидаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” Фармони қабул қилиниши, божхона тизимида коррупцияни олдини олишга қаратилган энг катта қадамлардан бири бўлди.

Жумладан, Фармоннинг 1-бандидаги 1-иловага мувофиқ, божхона органлари фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг 2020-2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш концепцияси ҳамда 2-иловага мувофиқ, 2020-2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш концепциясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Фармоннинг иловаларида бевосита божхона органларининг ижтимоий ҳимоясига қаратилган муҳим чора-тадбирлар белгиланди.

Хусусан, юқорида қайд этилгани каби, Фармоннинг 2-иловаси билан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг 6-бўлим 56 ва 57-бандларида: 2020 йил 1 сентябрга қадар қуйидагилар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарорини қабул қилиш белгиланди:

- божхона органларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан божхона органлари ходимлари учун кўп квартирали ва якка тартибдаги турар жойлар сотиб олиш (қуриш), шунингдек, харид қилинаётган уй-жойларнинг қийматини ходимларнинг ойлик маошларидан 10 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш тартибини белгилаш;

- божхона органлари ходимларининг ипотека кредити бўйича дастлабки бадални тўлаш ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш тартибини божхона органларининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобига субсидиялар бериш орқали белгилаш юзасидан таклифлар киритиш.

Шу жумладан, “Йўл харитаси”нинг 59-банида: Божхона органлари ходимларининг фарзандларига республиканинг олий ва олий ҳарбий таълим муассасаларига қўшимча квота асосида давлат грантини олиш ҳуқуқини тақдим этиш юзасидан 2021 йил 1 мартга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини тайёрлаб, юқори инстанцияларга таклиф киритиш белгилаб берилди.

61-бандда эса ДБҚ зиммасига 2021-2022 йиллар давомида Бухоро вилоятида хизмат уйи (Олот туманида 2 та намунавий коттеж)ни қуришни амалга ошириш юклатилди.

Бундан ташқари, “Йўл харитаси”нинг 2-бўлим 18- бандида 2021 йил 1 январь кунигача Божхона органлари ходимлари ва пенсионерлари, уларнинг оиласи, ДБҚ Божхона институти курсантларига диагностик, амбулатор ва стационар тиббий ёрдам, шунингдек, аҳолига сифатли пуллик тиббий хизматни кўрсатишга мўлжалланган ДБҚ Тиббий марказини ташкил этиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини тайёрлаш топшириғи берилди.

Умуман олганда, Фармоннинг ҳар банди ва унинг иловаларида белгиланган вазифалар бевосита божхона органларида коррупцияни олдини олиш ҳамда уларни келтириб чиқарувчи омилларга барҳам бериш ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган деб эътироф этиш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, божхона идорларида коррупцияга тизимли ва комплекс қарши курашиш узлуксиз равишда давом эттирилмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, пировард вазифа — ҳалол, тоза, озода ва покиза хизмат қилиб, яратилган шарт-шароитлардан баҳраманд бўлиб, коррупция йўл қўймасдан божхона органларининг тадбиркорларга бизнес ҳамкор сифатида хизмат кўрсатишда камарбаста бўлган ҳолда, мамлакат тарақиётига муносиб ҳисса қўшиш ҳар бир ходимнинг ҳам мажбурияти ҳам бурчи эканлигини уларнинг онгига сингдириш, яъни “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлашдан иборат бўлиши лозим.

Ш.Авазов

                                                      “Хўжайли” чегара божхона пости бошлиғи,

                                                                                      божхона хизмати  майори

17.06.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг