Ушбу синовли даврда макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, шунингдек ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Бу борада бир қанча қонун ҳужжатлар қабул қилинди ва давлатнинг бошқа идоралари қатори божхона органлари зиммасига ҳам масъулиятли вазифалар юклатилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартда “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” Фармони қабул қилиниб, кечиктириб бўлмас чоралар ва вазифалар белгиланди.
Фармонга кўра, тадбиркорлик субъектларига ҳисобот йилида амалга оширилган товарларнинг умумий экспортига нисбатан 10 фоиздан ошмаган муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлган тақдирда, кафолатланган тўловни таъминламасдан товарлар экспортини амалга оширишга, шунингдек 2020 йил давомида ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлигини сўндириш эвазига технологик асбоб-ускуналар ва хом ашё товарларини импорт қилиш бўйича бир марталик операцияларни амалга оширишга рухсат берилди.
Мазкур йўналишда ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 376 миллион АҚШ долларидан ортиқ товарлар божхона расмийлаштирувидан ўтказилди.
Яратилган бу қулайликлар тадбиркорлар томонидан, айниқса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини четга экспорт қилувчи экспортёрлар томонидан тўла қўллаб-қувватланди.
Аниқ рақамларга мурожаат қилинганда, жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида вилоят ҳудудидан 7 минг 167 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортга жўнатилди. Маҳсулотлар рўйхатидан 20 турдаги мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари ўрин олган. Хусусан, тарвуз, қовун, карам, пиёз, помидор, турп, узум, гилос, анордан тортиб лавлагигача.
Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда, юкларни чегара божхона постлари орқали тезкорлик билан ўтказиш, уларнинг узлуксиз божхона расмийлаштирувини, шунингдек, экспорт ва импорт қилинаётган товарларга рухсат берувчи ҳужжатларнинг берилишини таъминлаш бўйича тезкор штаб ташкил этиш вазифаси белгиланди.
Юклатилган вазифалар ҳамда расмийлаштирув жараёнида юзага келадиган муаммоларни оператив равишда ҳал этиш мақсадида, бошқарманинг 2020 йил 24 мартдаги тегишли буйруғи билан божхона раҳбарлигида, ваколатли идораларнинг вилоятдаги ходимларидан иборат тезкор штаб ва “Калл-центр” ташкил этилди.
Маълумки, коронавирус пандемияси даврида аҳолини биринчи навбатдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Фармонда бу йўналишда ҳам тегишли банд киритилиб, унда 2020 йил
1 апрелдан бошлаб, импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг тезкор тартибда, шу жумладан рухсат берувчи ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келгунга қадар бериш орқали божхона расмийлаштируви механизми жорий этиш белгиланган.
Жорий йилнинг ўтган даври давомида бошқарманинг ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан 34 партиядаги қиймати 610 минг АҚШ долларилик озиқ-овқат, хусусан, картошка, кунгабоқар ёғи, шакар маҳсулотларига 1 кунлик муддат ичида барча рухсат этувчи ҳужжатлар олиб берилиши таъминланиб, аҳоли эхтиёжи учун импорт божхона режимига расмийлаштирилди.
Коронавирус пандемияси даврида аҳоли озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, бозорларда маҳсулотлар нархини мутаносиблигини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5978-сон Фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармоннинг биринчи иловасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда 2020 йил 31 декабрга қадар божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкалари белгиланадиган товарлар рўйхати тасдиқланди. Товарлар рўйхатидан 20 турдаги маҳсулотлар ўрин олиб, улар парранда гўшти, балиқ, шакар, пиёз ва бошқа маҳсулотлардан иборат.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 майдаги “Ҳудудларда кўп қаватли бинолар қуриш ишларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4718-сон қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этиладиган, импорт қилинадиган янги қурилиш ва махсус техникалар ҳамда юк ташиш транспорт воситалари рўйхати тасдиқланди.
Юқоридагилардан ташқари, 2020 йил ҳисобидан қайтариб олиб чиқиш муддати тугайдиган хорижий автотранспорт воситаларига, истисно тариқасида йиғимлар ҳисобланмасдан ҳамда божхона қоидалари бузилиши ҳолатлари юритилмасдан жорий йилнинг 1 сентябрига қадар республикадан олиб чиқилишига рухсат берилди.
Вилоят божхона бошқармаси масъул ходимлари томонидан ушбу йўналишда фуқароларнинг мурожаатлари белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, мажбуриятномалар муддати узайтириб берилмоқда.
Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартибнинг амал қилиш даврида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан тақдим этилган рўйхат бўйича божхона чегараси орқали ўтказилаётган зарур дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника, уларни ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган хом ашё, материаллар ва субстанцияларга нисбатан божхона божлари ундирилмаслиги белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 31 майдаги “Имтиёзлар ва преференциялар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3756-сон қарори билан солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан умуман тармоқлар, фаолият соҳалари, ҳудудлар учун берилиши кўзда тутилган бўлсада, ушбу Қарор билан Вазирлар Маҳкамасига айрим турдаги энг зарур товарлар рўйхатини шакллантириш ва уларни импорт қилишда уч ойгача бўлган муддатга божхона божи ва акциз солиғи ставкаларини ноль фоизгача камайтириш ҳуқуқи берилди.
Олим Кодиров,
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси
Божхона назоратини ташкил этиш бўлими бошлиғи
17.06.2020