Глобал иқтисодиёт тизимининг бир қисми бўлган Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам мазкур омиллар таъсир этмай қолмади. Ушбу ҳолатнинг салбий таъсирларини юмшатиш бўйича бу ўз навбатида самарали чоралар кўрилишини талаб қилади.
Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида Президентимиз томонидан март-май ойлари давомида бир қатор фармон ва қарорлар имзоланди ва бугунги шароитда уларнинг ижобий самарасини кўришимиз мумкин.
Мазкур қабул қилинган фармонлар билан тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёз ва енгилликлар Сирдарё вилояти божхона ва солиқ бошқармалари ходимлари томонидан бевосита ишлаб чиқариш корхоналарига ташриф буюрган ҳолда жойида тушунтирилиш орқали уларга амалий кўмак кўрсатилмоқда.
Ана шундай тарғибот тадбирларининг навбатдагиси Янгиер шаҳрида ташкил этилди. Янгиер шаҳридаги “ASIA-SCOTCH” масъулияти чекланган жамияти ўз фаолиятини 2017 йилда бошлаган бўлиб, ёпишқоқ тасма маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Эътиборлиси ушбу турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналар вилоятда саноқлидир.
Бир кунда ўрта ҳисобда 3500 дона 20 хилдан ортиқ турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, маҳаллий ва қўшни давлатларга экспорт қилинадиган мазкур корхонада 50 дан ортиқ иш ўрни яратилган бўлиб, карантин қоидаларига тўла амал қилинган ҳолда иш ташкил этиб келинмоқда.
Қайд этиб ўтиш керакки, мазкур корхона 2019 йил давомида 56 минг АҚШ доллари миқдоридаги товарларни қўшни Тожикистон ва Қозоғистон Республикаларига экспортини амалга оширган. Ҳозирги кунда Тожикистон ва Қозоғистон Республикалари билан шартномалар имзоланиб, экспорт қилиш чоралари кўрилмоқда.
Яна бир қувонарли жиҳати, корхонада яратилган иш ўринлари маҳаллий аҳолини иш билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Мухтасар қилиб айтганда сўнгги икки йил давомида тадбиркорлик субъектларига яратилаётган имтиёз ва енгилликлар сабабли, тадбиркорлик субъектларида ишлаб чиқариш ҳажмлари сезиларли даражада ортиши билан бирга, ишчи ўрни ҳам бир неча баробар кўпайди. Бундан ташқари, коронавирус пандемияси шароитида Президентимиз фармонларига асосан тадбиркорлик субъектларига жорий этилган имтиёзлар корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнлари жадал суръатларда ортиб боришида муҳим омил бўлди.
16.06.2020