Жумладан, иқтисодиёт ва бюджет барқарорлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, банк тизимидаги ислоҳотларни жадаллаштириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кўпайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва валюта тушумларини таъминлаш, саноатда рақобатбардошликни кучайтириш, кичик бизнесни ривожлантириш, рақамли технологияларни барча тармоқларда кенг жорий қилиш устувор вазифалар этиб белгиланди.
Мазкур устувор вазифалар давлат божхона хизмати органлари фаолияти билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, уларнинг ижросини сўзсиз таъминлаш тизим олдига аниқ ва тизимли чора-тадбирларни амалга оширишни юклайди.
Шу мақсадда ҳозирда республикамиз бўйлаб божхона органлари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари А.Асамовнинг Сурхондарё вилоятида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари, божхона ходимлари билан ўтказган сайёр учрашувларида ҳам иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлашнинг 8 асосий йўналиши кун тартибидаги асосий масалаларга айланди.
Дастлаб, вилоятдаги “Термиз”, “Жарқўрғон”, “Дарё порти” каби ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида тадбиркорлар, шу жумладан, хорижий инвесторлар билан бўлиб ўтган учрашувларда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кўпайтириш ва экспорт салоҳиятини оширишга доир масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Пандемия шароитида экспорт ҳажмини ошириш ва валюта тушумларини таъминлаш жуда долзарб масала. Ташқи бозорларда талабнинг кескин камайиши экспорт фаолияти билан шуғулланувчи корхоналаримизга жиддий таъсир қилмоқда.
Шу боисдан ҳам ташқи иқтисоидй фаолият божхона постларида товарлар, хусусан ҳозирги пишиқчилик мавсумида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт божхона расмийлаштирувини соддалаштирилган тартибда, асосан “яшил” йўлак орқали амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, юқорида номлари санаб ўтилган божхона постларида товарлар экспортининг божхона расмийлаштирувига ҳозирда ўртача 25-30 дақиқа сарфланмоқда, холос.
Жорий йилнинг ўтган 5 ойи мобайнида биргина “Термиз” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида расмийлаштирилган ташқи савдо юкларининг таркибида экспорт товарларининг улуши импортга нисбатан юқори эканлигини алоҳида таъқидлаш жоиз.
Аҳамият беринг, мазкур постда йил бошидан буён салкам 61 млн. АҚШ долларлик маҳсулотлар экспортга расмийлаштирилган бўлиб, бу худди шу даврда амалга оширилган импорт кўрсаткичларидан деярли 4,6 баробарга кўп демакдир.
Шу куни А.Асомов бошчилигидаги Давлат божхона қўмитасининг ўрганиш гуруҳи Жарқўрғон туманидаги мева-сабзавот маҳсулотларини қуритишга ихтисослашган “Fast sweet fruit vegetables” МЧЖ фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
Карантин қоидаларига қатъий риоя қилинган ҳолда корхона фаолиятининг узлуксиз давом этаётганлиги бу ерда меҳнат қилаётган ишчилар, айниқса ёш оилалар вакилларининг карантин даврида иқтисодий қийинчикларсиз рўзғор тебратишларида муҳим рол ўйнамоқда.
Таъкидлаш жоизки, янги узилган мева-сабзавотларни хорижга экспорт қилишдан кўра уларни қайта ишлаган ҳолда четга чиқариш нафақат экспорт ҳажмларининг, балки маҳсулот қийматининг ошишига ҳам хизмат қилади. Аммо, мазкур корхона ҳозирга қадар маҳсулотларни тўғридан-тўғри хорижга экспорт қилиш имкониятига эга бўлмаган. Бу ерда қайта ишланган маҳсулотлар экспорт билан шуғулланувчи бошқа корхоналарга топширилган ва сўнгра четга чиқарилган. Бу эса экспортга чиқарилаётган маҳсулот тан нархининг ошишига олиб келади.
Шу боисдан “Fast sweet fruit vegetables” МЧЖда бўлиб ўтган учрашувдан сўнг ушбу корхона томонидан тўғридан тўғри экспортни йўлга қўйишга кўмаклашиш учун аниқ амалий ишларга старт берилди.
Табиийки, бу ҳам корхона иқтисодий имкониятларини оширади, қўшимча ишчи ўринларини юзага келтиради.
“Термиз Карго” логистика марказида хорижий инвесторлар билан бўлиб ўтган мулоқотлар ҳам очиқ, самимий ва конструктив руҳда кечди. Масалан, афғонистонлик тадбиркор Абдураҳим Жалол Носир мавсумга қараб, Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ишлаб чиқарилаётган товарларни ўз юртига экспорт қилиш билан шуғулланиб келади. Бу жараёнда у нафақат божхона тартиб-таомиллари, балки экспорт-импорт операцияларини амалга оширишнинг барча босқичларидан қониқиш ҳосил қилаётганлигини билдирди.
Айниқса, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи юридик шахслар экспортни дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга оширишаётгани, экспорт контрактини тузишга ҳожат қолмагани,инвойснинг ўзи етарли эканлиги уни мамнун қилмоқда
Таъкидлаш жоизки, тадбиркорлик субъектлари улгуржи савдо қилиш лицензиясига эга бўлмасдан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширишмоқда ва маҳсулотларнинг экспорт нархларини эркин белгилашмоқда. Энг муҳими, амалдаги тартибларга биноан экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмаяпти. Табиийки, буларнинг бари Ўзбекистонинг экспорт салоҳиятини юксалиришда муҳим ҳисса қўшмоқда.
Қўшни Тожикистон билан мамлакатимизни боғлаб турувчи “Сариосиё” чегара божхона постида коронавирусга қарши кучайтирилган тартиб даврида ҳам экспорт-импортжараёни узлуксиз амалга оширилди. Пост орқали ҳаракатланаётган юк автотранспортларининг ҳайдовчилари шу ернинг ўзида коронавирусга қарши тест топширишади ва анализ натижаларига қараб, ҳаракатни давом эттиришмоқда. Бу эса коронавируснинг нафақат мамлакат, балки минтақа бўйлаб ёйилишининг олдини олишга ҳисса қўшмоқда.
Мамлакатимизнинг жанубий дарвозаси дея эътироф этиладиган “Айритом” чегара божхона пости юртимизни Афғонистон замини билан боғлайди. Сўнгги йилларда мазкур давлат билан ўзаро савдо айланмаси йилдан йилга жадал суръатларда ўсиб бормоқда. Бу пост орқали ҳаракатланаётган юк автотранспорт воситаларининг тобора бошиб бораётган сонида ҳам намоён бўлади.
Бундай шароитда постнинг ўтказувчанлик салоҳиятини янада яхшилаш, божхона назорати ва расмийлаштирувини жадаллаштириш божхона тартиб-таомилларига рақамли технологияларни тезкорлик билан жорий қилишни тақозо этади.
Айни масала давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги 6005-сон Фармонида ҳам алоҳида таъкидланган бўлиб, «қоғозсиз ва электрон божхона»нинг мантиқий давоми ва ривожланиши бўлган «рақамли божхонани» шакллантиришни назарда тутади.
Шу мақсадда ҳозирда Айритом” чегара божхона постини замонавий, рақамлаштирилган ва инновацион, бир сўз билан айтганда “ақлли” божхона постига айлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бунинг учун постга Давлат божхона қўмитасининг 15 нафар илғор ходимлари жалб қилинган бўлиб, бу ердаги фаолиятга энг сўнгги ахборот технологияларини жорий қилиш, амалиётда қўлланиб келинаётган божхонага доир “Электрон шлагбаум”, “Ягона дарча” каби ахборот тизимларини чуқур интеграциялаш устида ишлар олиб борилмоқда.
Ҳадемай, бу ерда ҳам мамлакатимизнинг халқаро аэропортларида бўлгани каби, жисмоний шахслар учун божхонадан ўтишда икки йўлакли тизим - “яшил” ва “қизил” йўлаклар жорий қилинади, шунингдек, сифатли хизмат кўрсатишга қаратилган қўшимча сервислар йўлга қўйилади. Пировардида, буларнинг бари божхона назоратига сарфланадиган вақтнинг кескин қисқаришига олиб келади.
*
*
ДБҚ Раисининг биринчи ўринбосари А.Асамов божхона ходимлари билан суҳбатлашиб, уларнинг бугунги ишчанлик кайфияти, ўз олдига қўйган мақсад ва вазифалари билан қизиқди.Гарчи, бугунги пандемия даврида божхона ходимларининг елкасидаги масъулият янада ортган бўлишига қарамай, ўз хизмат вазифаларини виждонан бажариб келаётган ходимларга миннатдорчилик билдирди.
Юқорида таъкидланган “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент Фармони соҳа олдига янги мақсад ва вазифаларни қўймоқда.
Ходимлар билан бўлиб ўтган учрашувларда мазкур Фармоннинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил сўз юритилди, ушбу муҳим ҳужжат билан тасдиқланган “Йўл харитаси”даги чора-тадбирларни сўзсиз амалга ошириш ҳар бир ходимдан фидойиликни тақозо этиши таъкидланди.
Яна бир жиҳат – мазкур Фармон давлат божхона хизмати органларида хизмат қилаётган ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган билан ҳам аҳамиятлидир.
Масалан, вилоятдаги Шарғун шаҳарчасида божхона ходимлари учун бунёд этилаётган кўп қаватли хизмат уйи ҳам Муҳтарам Президентимизнинг соҳа ходимларига кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрлигининг навбатдаги тимсоли бўла олади. А.Асамов бошчилигидаги гуруҳ ҳозирда бу ерда карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда давом эттирилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди ва мазкур хизмат уйини белгиланган муддатда ҳамда сифатли қуриб битказиш юзасидан зарур кўрсатма ва тавсиялар берди.
16.06.2020