Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тўрткўлнинг шиша идишлари – жаҳон бозорларида
1290
Юртимизда ишлаб чиқарилган ва етиштирилган маҳсулотлар экспорти эвазига давлатимиз бюджетига валюта тушумини таъминлаш бугун янада долзарб аҳамиятга эга.
Тўрткўлнинг шиша идишлари – жаҳон бозорларида

Божхона ходимлари эса бу борада тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиб, мамлакатимиз ташқи савдо айланмасини ташкил этувчи экспорт ва импорт товарларининг тез фурсатларда ҳеч қандай тўсиқларсиз божхона расмийлаштирувидан ўтказилишида таянч бўлмоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг биргина “Тўрткўл” Ташқи иқтисодий фаолият божхона пости орқали жорий йилнинг январь-май ойларида 16 миллион 594 минг АҚШ доллари қийматидаги 32 минг 386 тонна товарларнинг экспорти амалга оширилган.

Яқинда янги замонавий жаҳон стандартларига жавоб берадиган бинога кўчиб ўтган мазкур ташқи иқтисодий фаолият божхона пости орқали йил бошидан 80 дан ортиқ  ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг ўз фаолиятларини амалга оширишларида яқин кўмакдош бўлган.

Тўрткўл туманидаги шиша идишлари экспорти билан шуғулланувчи "TO'RTKO'L SHISHA IDISHLARI" масъулияти чекланган жамияти тумандаги ҳали ёш соҳалардан бўлишига қарамасдан, ўткан давр мобайнида  қарийиб 191 минг АҚШ доллари миқдоридаги 779  тонна шиша идишларини экспорт қилган. Бугунги кунда 15 хилдаги ассортиментдаги шиша идишларини сифатли ишлаб чиқариб, ушбу маҳсулотларнинг Туркманистон, Россия, Грузия каби давлатларга экспортини амалга оширмоқда. Корхона яқин келажакда янги ташқи бозорларга кириб бориши бўйича шартномаларга эга бўлиб, ҳозирда шиша ишлаб чиқариш ҳажмини янада кўпайтириб,  иш билан таъминланган аҳоли сонини орттириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.   

Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳамда юртбошимизнинг тегишли қарорларига асосан, ушбу корхонага ўткан йиллар давомида ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида Хитой ва Россиядан келтирилган “шишалар учун бир қаторли конвейр”, “пресс-шаклни совутиш вентилятори”, “шиша ишлаб чиқариш машиналари” каби кўплаб замонавий дастгоҳларга божхона тўловларидан жами 7,5 миллиард сумдан ортиқроқ  имтиёзлар тақдим этилган.

Давлатимиз томонидан тақдим этилган имтиёзлардан оқилона фойдаланиши ҳамда ишлаб чиқаришни узлуксиз ташкил этиб, экспорт ҳажмини орттириши ҳисобига ушбу корхона бугунги кунда 210 та туман аҳолисини иш билан банд қилган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, давлатимизнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш йўлида шижоат билан меҳнат қилиб, бугунгидек оғир кунларда иқтисодиётимиз хавфсизлигини таъминлаш йўлида юртбошимизга елкадош бўлаётган тадбиркорлик субъектларига божхона ходимлари доимо таянч бўлиб, уларга амалий ёрдам кўрсатишга тайёр.

 

 

 

 

 

13.06.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг