Шу мақсадда жойларда тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш, уларни ижобий ҳал этиш мутасаддиларнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.
Бу борада Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳам тизимли чора -тадбирлар белгиланиб, тадбиркорлар билан сайёр учрашувлар ташкил қилинмоқда.
Навбатдаги учрашув Денов туманида карантин қоидаларига риоя этган ҳолда бўлиб ўтди. Унда вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Толибжон Саидов тадбиркорлар билан мулоқот ўтказди. Учрашувда мавжуд муаммолар, уларнинг ечими, товарлар экспорт ва импорти учун мамлакатимиз томонидан берилаётган божхона имтиёзлари хусусида сўз юритилди.
Хусусан, "SHO‘RCHI-AGRO-TAYYORLOV" МЧЖ раҳбари Чори Боймиров картошка маҳсулоти импорти бўйича мавжуд муаммога тўхталиб ўтди. Тадбиркорнинг муаммоси шу жойнинг ўзида ижобий ҳал қилинди, яъни амалдаги тартибга мувофиқ олиб кирилаётган картошка маҳсулотининг божхона қийматини аниқлашда бошқа усул қўлланилиши маълум қилиниб, унга кўра картошка божхона қиймати тадбиркор учун қулай нархда бўлди.
Сайёр учрашув якунида, тадбиркорларга, божхона соҳасига доир мурожаатлар ва саволлар юзасидан, Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли ишонч телефонига ёки бошқарманинг (76) 225-02-26 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.
12.06.2020