Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Хоразмлик тадбиркор хорижга 4 минг тонна узум экспорт қилмоқчи
2453
Узум – шифобахш неъмат. Олимларнинг таъкидлашича, узумни кўп миқдорда истеъмол қилиш артериал қон босимининг бир меъёрда бўлиши ва юрак фаолиятининг яхшиланишига ёрдам беради. Унинг таркибида флавоноид моддаси мавжуд бўлиб, мазкур модда инсон организмидаги туз миқдорини камайтиради.
Хоразмлик тадбиркор хорижга 4 минг тонна узум экспорт қилмоқчи

Дарҳақиқат, бу мазали мева инсон учун ҳар томонлама фойдалидир. Қолаверса, узумчилик қишлоқ хўжалиги ва саноатнинг сердаромад соҳаларидан ҳисобланади. Минтақамиз аҳолиси узумни асосан ҳўл мева ёки майиз ҳолатида истеъмол қилишади. Бундан ташқари, узумдан қиём, шарбат концентрантлари ва бошқа кондитер маҳсулотлари тайёрланади. Шунингдек, узумни қайта ишлаш жараёнида ҳосил бўлган чиқиндилардан хом-ашё сифатида кенг фойдаланиб, этил спирти, шароб кислотаси, рангловчи моддалар, мойлар ишлаб чиқилади.

Ҳозирги кунда узум юртимизнинг деярли ҳамма вилоят ва туманларида ўстирилади. Айниқса, Хоразм вилоятининг барча туманларида узум парвариши билан шуғулланмайдиган оила топилмайди.

Эл юртимизга ана шу маҳсулотларни йил давомида арзон ва сифатли ҳолда етказиб бериш, айниқса, ҳалқимизни қиш ва баҳор фаслида худди ҳозиргина узилгандек сархил мевалардан баҳраманд этиш бахти ва гаштига нима етсин. Эндиликда ана шу маҳсулотларимизни хорижлик дўст-биродорларимизга ҳам етказиб бериш устида жиддий иш олиб боряпмиз дейди тадбиркор – А.Мадаминов. Шу мақсадда, Россия Федерациясининг Москва шаҳрида жойлашган “Восточный базар” акциядорлик жамияти билан 3 млн. АҚШ долларлик шартнома имзоланиб, 4 минг тонна узум экспорт қилиш режалаштирилган.

Бу борада яқинда Президентимиз қабул қилган фармонларида – мева-сабзавот маҳсулотларига экспорт контрактларини “Ўзагроэкспорт” АЖ томонидан эълон қилинган нархлардан паст бўлмаган нархлар бўйича тузиш асосида божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби бекор қилинганлиги тадбиркорларимиз эришаётган натижаларда ўзининг ҳаётий ифодасини топмоқда. 

Хоразм вилоятининг Хазорасп туман Карвак қишлоғи Янгиобод маҳалла аҳолиси ва фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган кеч пишар “Тайфи” узум навини 20 тонналик биринчи партияси куни кеча Россия Федерациясига тадбиркор А.Мадаминов томонидан экспорт қилинди.

Жаҳон бозорида рақобат тобора кучайиб бораётган бугунги шароитда мамлакатимизда иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини тубдан ошириш, экспортга маҳсулот чиқарадиган корхоналарни қўллаб-қувватлашни кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳамда фермер хўжаликларининг экспорт жараёнидаги иштирокини ҳар томонлама рағбатлантириш устувор масалалардан бири бўлиб турибди.

Бу борада божхона ходимлари ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини расмийлаштиришда куну-тун узлуксиз ва маъсулият билан хизмат олиб боришмоқда.

Хоразм вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

30.08.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг