Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Шиша маҳсулотлари экспорти тобора ортмоқда
1442
Мамлакатимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш орқали ҳозирги кунда юртимизда шиша саноати юқори суръатда ривожланаётган тармоқлардан бири бўлиб, шиша маҳсулотларига бўлган талаб жадал ошиб бормоқда.
Шиша маҳсулотлари экспорти тобора ортмоқда

Хоразм вилояти Шовот туманидаги “Хоразм шиша идишлари” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона бунга мисол бўла олади.

2017 йилда иш бошлаган мазкур корхонага Россия, Италия ва Германия давлатларидан технологиялар келтириб ўрнатилди. Ушбу келтирилган дастгоҳларга давлатимиз томонидан 127,6 млн. сўмлик божхона тўловларидан имтиёзлар берилди.

Бу берилган имтиёзлар келгусида корхонанинг ишлаб чиқариш қувватини ошириш билан бирга, яна қўшимча янги ишчи ўринларини яратишга хизмат қилади.

Ишлаб чиқариш қуввати йилига 36 миллион донани ташкил этган мазкур корхона мева-сабзавотларни қайта ишлаш лойиҳалари кенг йўлга қўйилаётган ҳудудлар учун айни муддао бўлди.

Бугунги кунда сифатли шиша идишлар тайёрлашга ихтисослаштирилган корхона жамоаси ички ҳамда ташқи бозорда рақобатга кириша оладиган харидоргир 15 хил турдаги янги шиша маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ўзлаштирди.

Мазкур корхона томонидан ишлаб чиқарилган шиша идишлар ҳозирги кунда Грузия, Россия ва қўшни Қозоғистон, Туркманистон Тожикистон давлатларига ҳам экспорт қилинмоқда.

Корхонанинг экспорт салоҳиятига назар ташласак, корхона томонидан 2019 йил давомида 25,4 минг АҚШ долларлик шиша идишлари экспорт қилинган бўлса, 2020 йилнинг январь-май ойлари давомида бу кўрсаткич 351 минг АҚШ долларини ташкил этди. Бунда эса экспорт кўрсаткичини ўтган йилга нисбатан 14 баробарга ошганлигини кўришимиз мумкин.

Корхонада маҳсулотлар тежамкор технологиялар асосида ишлаб чиқарилаётгани боис унинг таннархи анча арзон, қолаверса, сифати ҳам аъло даражада. Эътиборлиси шундаки, уни тайёрлашда, асосан, маҳаллий хом ашёдан фойдаланилаяпти. Айни пайтда бу ерда ишлаётган 200 нафар ишчи-ходимнинг унумли меҳнат қилиши ва дам олиши учун  барча шарт-шароит яратилган.

Бу каби, замонавий технологиялар асосида барпо этилган корхоналар юқори меҳнат унумдорлигига эришишда муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, ҳудудларда экспортёр корхоналарнинг сонининг ошиши мамлакатимиз тараққиётини жадаллаштиришга, юртдошларимизнинг турмуш фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Корхонага ташрифимиз якунида, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида юзага келаётган, жумладан божхона расмийлаштируви билан боғлиқ бўлган ҳар қандай масалалар юзасидан Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли  “Ишонч телефони”га ёки Хоразм вилояти божхона бошқармасининг
(62) 227-70-11 телефон рақамига мурожаат этишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.

Бугунги эпедимиологик вазиятда яратилаётган бундай имкониятлар кичик бизнес ва ҳусусий тадбиркорликнинг янада ривожланишига, уларнинг қулай ишлаб чиқариш муҳитида фаолият олиб боришига ва пировардида экспортни янада рағбатлантиришга хизмат қилади.

 

10.06.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг