Фармон божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш, божхона органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш, “қоғозсиз ва электрон божхона”нинг мантиқий давоми ва ривожланиши бўлган “рақамли божхона”ни шакллантириш, божхона иши соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилишни жадаллаштириш мақсадида қабул қилинди.
Фармон билан 2020-2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш концепцияси ва мазкур концепцияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Концепцияда 2020 – 2023 йилларда ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги тартиб-тамойиллар ҳамда божхона органлари фаолиятини ислоҳ этишнинг 7 та қуйидаги асосий йўналишлар белгилаб олинди:
- божхона соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш;
- божхона органлари фаолияти ва инфраструктура объектларини ривожлантириш;
- рақамли иқтисодиёт доирасида замонавий ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини божхона соҳасига жорий этиш орқали божхона органлари шаффофлиги ҳамда фаолияти самарадорлигини таъминлаш;
- божхона органларининг фискал функцияларини амалга оширишни такомиллаштириш, ТИФни тарифли ва нотариф тартибга солишни соддалаштириш;
- контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш;
- божхона органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш
ҳамда малакаси ва салоҳиятини янада ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш;
- халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар божхона хизматлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш.
Фармон билан:
2020 йил 1 августдан, темир йўл транспорти ташкилотлари божхона органларига ўзларининг ахборот тизимларини божхона органларининг ахборот тизимларига интеграциялаш орқали божхона назорати остидаги вагон ва контейнерларнинг мамлакат ичидаги ҳаракатлари ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида тақдим этишлари;
2020 йил 1 сентябрдан, “Ягона дарча” божхона ахборот тизими чегара божхона постларида жорий этилиши белгиланди.
Шу билан бирга, 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб:
божхона юк декларациясини расмийлаштириш вақти хавф даражасидан келиб чиқиб, 3 суткадан 1 кунга қисқартирилиши;
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг хавфларни бошқариш тизими автомобиль чегара божхона постларида жорий этилиши;
божхона назоратининг муқобил турларини қўллашни кенгайтириш орқали товарларни кузатиб бориш ҳолатларини қисқартириш;
транспорт воситаларини вақтинчалик олиб киришда ташувчига реал вақт режимида электрон шаклда вақтинчалик олиб кириш муддати тугашидан олдин вақтинчалик олиб кириш муддатини узайтириш ва тегишли йиғимни тўлашни амалга ошириш имконияти тақдим этилиши;
“божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимида маҳсулотни чиқариш меъёрини идентификациялаш ва баҳолаш услубияти тадбиркорлик субъектининг ўзи томонидан ишлаб чиқилиши белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ–5953-сон Фармони билан тасдиқланган Давлат дастури ижроси бўйича Давлат божхона қўмитаси тузилмасида божхона аудити ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятда нотариф тартибга солишни назорат қилиш бўйича алоҳида таркибий тузилмалар ташкил этилди.
Мазкур тузилмаларни ташкил этиш орқали божхона органларининг “Хафни бошқариш” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали “кўк йўлак”ка йўналтирилган ҳамда шартли равишда эркин муомалага чиқарилган товарлар устидан самарали назоратни амалга ошириш, шунингдек, чегара ўтказиш пунктларидаги давлат назорати функцияларини соддалаштириш, самарадорлигини ошириш мақсадида давлат назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштиришга эришилади.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тузилмасида умумий штат бирликлари доирасида:
- Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси этиб;
- Божхона экспертизаси ва ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасини юритиш бошқармаси Ташқи иқтисодий фаолиятда нотариф тартибга солишни назорат қилиш ва божхона экспертизаси бошқармаси этиб қайта ташкил этилди ва қўшимча вазифалар юкланди.
Эндиликда Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси таркибида Божхона аудити бошқармаси ва Вазиятлар Маркази ташкил этилади.
Божхона аудити – товарлар чиқариб юборилгандан сўнг божхона назоратини ўтказиш тартиботларини амалга оширишни назарда тутса, Вазиятлар Маркази - божхона идораларидаги умумий вазиятни ўрганиш ва тирбандликларнинг вужудга келишининг олдини олишга йўналтирилган.
Шунингдек, Халқаро ҳамкорлик бошқармаси қошида Интеграция жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича янги тузилма ташкил этилади.
Мазкур ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига қуйидаги қўшимча вазифалар юкланди:
- Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назорати органларининг ТИФни нотариф тартибга солиш чораларини қўллаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;
- товарлар импорти ва экспорти тузилмаси ҳамда динамикасининг чуқур ҳолатий таҳлилини, шунингдек, импорт ҳажми ҳам жисмоний, ҳам қийматий ўсишининг сабаблари таҳлилини амалга ошириш;
- ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш масалалари бўйича манфаатдор идоралар билан ҳамкорлик ўрнатиш.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун божхона органларига қуйидаги ҳуқуқлар берилди:
- товар ва транспорт воситалари сақланадиган ва сотиладиган жойларга чиққан ҳолда улар устидан божхона аудитини амалга ошириш;
- олиб кириладиган ва (ёки) олиб чиқиладиган товар ва транспорт воситалари ҳисобини юритиш, жумладан бухгалтерлик ҳисоби ва ҳисоботи бўйича, шунингдек дастлабки ҳужжатлар устидан текширувни амалга ошириш.
2020-2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш Концепциясини амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” билан 67 та банддан иборат чора-тадбирларни ўз ичига олади.
Уларнинг ижросини таъминлаш орқали қуйидагиларга эришилади. Жумладан:
- юкни етказиб бериш назорат китобчасини транзит божхона юк декларацияси билан алмаштириш амалиёти ҳамда “Е-TRANZIT” автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилади;
- хавф даражаси паст бўлган (яшил йўлакка йўналтирилган) божхона юк декларациясининг автоматик равишда божхона расмийлаштируви тизими босқичма-босқич татбиқ этилади. Бунда:
Экспорт божхона режимига нисбатан 2021 йил 1 январгача – умумий БЮДларнинг 5 % дан кам бўлмаган, 2022 йил 1 январгача – БЮДларнинг
20 % автомат равишда божхона расмийлаштирувидан ўтказилади.
“Вақтинча сақлаш” ва “божхона омбори” божхона режимларига нисбатан – 2022 йил 1 январга қадар умумий БЮДларнинг 20 % автомат равишда божхона расмийлаштирувидан ўтказилади.
- божхона тўловлари тўланишини таъминлаш тартиби такомиллаштирилади, шу жумладан, божхона идоралари томонидан кафолат ҳужжатларини бериши мумкин бўлган ташкилотлар (банк, суғурта) рўйхати юритилади, ушбу рўйхатга киритилмаган ташкилотлардан ҳужжатлари кафолат сифатида олинмайди;
- халқаро курьерлик жўнатмаларини расмийлаштириш фақатгина халқаро аэропортларда жойлашган авиа ТИФ божхона постларида амалга оширилиши амалиётни йўлга қўйилади;
- товарларни ишлаб чиқарувчи ва юборувчиларнинг идентификация воситаларини тан олиш амалиёти йўлга қўйилади;
- товар ва транспорт воситаларнинг дастлабки декларациялаш тартиби такомиллаштирилади;
- божхона органлари ва ТИФ иштирокчилари ўртасидаги муаммоли ҳолатларни камайтирувчи божхона иши соҳасидаги божхона органларида тортишувларни судгача ҳал этиш тартиби жорий этилади;
- Божхона институтида ТИФ иштирокчилари учун божхона иши бўйича пуллик ўқув курслари, Миллий кинологияда ветеринария соҳасида пуллик хизмат кўрсатиш ташкил этилади;
- шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларга божхона экспертизасини ўтказиш ҳамда ТИФ ТН кодларини аниқлаш бўйича ҳамда статистик маълумотларни тақдим этиш бўйича хизматлар кўрсатилади;
Бундан ташқари, мазкур Фармон ижросини таъминлаш орқали қуйидаги ютуқларга эришилади:
- асосий чегара ўтказиш пунктларини кенгайтириш ва модернизациялаш орқали божхона постларининг ўтказувчанлик имкониятини 3 баробарга ошириш;
- “Ягона дарча” божхона ахборот тизимининг такомиллаштирилиши натижасида божхона расмийлаштируви учун сарфланадиган вақтни экспортда 5 баробарга, импортда 2 баробарга қисқартириш;
- божхона маъмурчилигининг замонавий усулларини қўллаш орқали ТИФ иштирокчиларининг харажатларини қисқартириш эвазига Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтингларда юқори поғонага кўтарилишига муносиб ҳисса қўшиш;
- рақамли технологиялар ва ахборот тизимларини божхона органлари фаолиятига кенг жорий этиш асосида инсон омилисиз маълумотларни тўсиқсиз олиш ҳамда божхона расмийлаштируви ва назорати жараёнларини халқаро норма ва стандартларга мувофиқ соддалаштириш;
- мамлакатимизнинг туризм ва инвестиция жозибадорлигини янада ошириш;
- илк бора фаолиятимизда пуллик хизматлар кўрсатишнинг янги турлари жорий этилиб, божхона органлари тадбиркорга хизмат кўрсатувчи ёки ёрдам берувчи (бизнес-ҳамкор) идора сифатида ислоҳ қилинади.
8.06.2020