Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Олот” чегара-божхона постида ўзгаришлар кўлами кенг!
2639
Муҳтарам Президентимиз томонидан божхона соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилган улкан ўзгаришлар Бухоро вилояти “Олот” чегара-божхона постнинг ҳар бир нуқтасида бор бўй басти билан намоён бўлмоқда. Яқинда бу ерда божхона постини кенгайтириш ва замонавий кўринишга келтириш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
“Олот” чегара-божхона постида ўзгаришлар кўлами кенг!

Аслида соҳа инфраструктурасини тубдан янгилашни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Аҳамият беринг, 2017 йилда пост орқали 143 692 нафар фуқаролар ҳаракатланган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич салкам 4,5 баробарга ортиб, 636647 нафарни ташкил қилди.

Пост орқали ҳаракатланган автотранспорт воситалари сони 2017 йилда 58 304 тани ташкил қилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич қарийб 2 баробарга ортиб, 103 786 тага етди.

Постда давлат назорати органлари томонидан ўтказиш пунктида ҳайдовчилар, товарлар ва транспорт воситаларининг чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назорат тартиб-таомиллардан ўтказилиши «Ягона дарча» божхона ахборот тизими асосида амалга оширилади. Маълумотларнинг электрон равишда ўзаро алмашинуви натижасида ҳайдовчи бир нечта ойналарга мурожаат қилишига ҳожат қолмайди.

Энг катта янгиликлардан бири – “Олот” чегара божхона постида ҳам вазиятни самарали кузатиб бориш мақсадида Ситуацион назорат маркази ташкил қилинди. Мазкур марказ Давлат божхона қўмитасининг Бош ситуацион назорат марказига ҳам уланган.

Дарвоқе, коронавирус пандемияси даврида ҳам “Олот” чегара-божхона пости ўз фаолиятини узлуксиз амалга оширди.

Аҳамият беринг, 2020 йилнинг 16 мартидан ҳозирга қадар пост орқали ҳаракатланган 1973 та юк автотранспорт воситалари ва уларда ташилган салкам 40 минг тонна товарларнинг божхона назорати амалга оширилди.

Пандемия шарт-шароитларида келиб чиқиб, пост фаолиятида ҳам жиддий ўзгаришлар амалга оширилди. Республикамизга кириб келган ҳайдовчилар шу ернинг ўзида коронавирусни аниқлаш юзасидан тест топширишади.

Постда ташкил этилган яна бир янгиликлардан бири бу – дезинфекция-фумигациялаш иншооти бўлиб бунда автотранспорт воситаси иккала ён томон, тепа ва пастки қисми кучли босим остида бир вақтнинг ўзида дезинфекцияланади. Вахоланки илгариги амалиётда автотранспорт воситалари фақатгина ғилдираги дизбарьердан ўтарди, холос.

Нафақат республикамизга кириб келишда, балки чиқиб кетишда ҳам автотранспорт воситаларининг ушбу қурилма кўмагида зарарсизлантирилиши коронавируснинг ҳам мамлакат ичида, ҳам минтақа бўйлаб ёйилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Шу вақтга қадар асосий халқаро аэропортларимизда жорий қилинган “яшил” ва “қизил” йўлакларни энди “Олот” чегара божхона постида ҳам учратасиз. Божхона пости орқали ҳаракатланадиган фуқароларни божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказиш тартиботларини янада соддалаштириш мақсадида бу ерда ҳам икки йўлакли тизим амалиётга жорий қилинади.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси асосида амалга оширилган бу ўзгаришлардан постда хизмат олиб бораётган ходимлар ҳам, пост орқали ҳаракатланаётган ҳайдовчию йўловчилар ҳам бирдек мамнун.

Дарвоқе, ходимларнинг иш унумдорлигини оширишда улар учун яратилган муносиб шарт-шароитларнинг аҳамияти катта. Шу боисдан постда ходимлар учун шинам ётоқхона, миллий таомлар ошхонаси ва спорт тренажёр зали фаолият юритмоқда. 

Янгиланган “Олот” чегара-божхона пости энди республикамиздаги бошқа чегара-божхона постлари учун андоза вазифасини бажарса ажаб эмас!

 

 

5.06.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг